"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

САЙЁP ҚАБУЛ ЎТКАЗИЛДИ

Юртимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон манфаатларини таъминлаш, одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий эҳтиёжларини ўрганиш ва мавжуд муаммоларини ҳал қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхоналари ҳамда виртуал қабулхона бу йўлда муҳим восита бўлмоқда. Уларга келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиш ва жойида ҳал қилиш мақсадида 5 июнь куни туман ҳокимлигида сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойбергенов, Ўзбекистон Pеспубликаси Олий суди, Бош прокуратура, қатор вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этиб, Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхонага йўлланган мурожаатлар муаллифлари билан шахсан мулоқот қилди.

Мурожаатларнинг аксарият қисми мазмуни Ўзбекистон Pеспубликаси фуқаролигини олиш, иш билан бандлик, пенсия, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларнинг тўланиши, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминотидаги узилишлар, тиббий хизмат, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, қурилиш учун ер ажратиш, йўл ва кўприкларни таъмирлаш борасидаги муаммолардан иборат.

Сайёр қабул давомида аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларнинг айримлари шу ернинг ўзида ечимини топди.

Хусусан, "Беш-овул” маҳалласида яшовчи фуқаро С.Алтиев Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманига ишга борганида, тегишли тартибда вақтинчалик рўйхатда турган бўлишига қарамасдан, ИИБ ходимлари томонидан унга ҳуқуқбузар сифатида баённома расмийлаштирилган. Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан мулоқот давомида ҳодиса атрофлича ўрганилиб, ҳақиқат қарор топди – иш С.Алтиевнинг фойдасига ҳал қилинди.

"Ўрта-қала” овулида яшовчи фуқаро Б.Анорова ўғли Ж.Сафарбаевнинг чап ёнбош суягида ўсимта пайдо бўлгани сабабли ушбу ўсимтани хорижда жарроҳлик йўли билан олдириб ташлаш учун моддий ёрдам сўраб, виртуал қабулхонага мурожаат қилган эди. Сайёр қабул давомида Тошкент шаҳри онкология илмий текшириш институтига Pоссия федерациясидан малакали шифокорлар амалий ёрдамга келиши муносабати билан Ж.Сафарбаев бепул жарроҳлик амалиётидан ўтказиладиган бўлди.

"Қиличбой” овулида яшовчи фуқаро А.Pажапов "Шимолгазтаъминот” унитар корхонасининг Амударё тумангаз филиалига қарашли Холимбег овулидаги аҳолига суюлтирилган газ баллонларни тарқатиш сервис марказида бир қатор камчиликлар мавжудлигини баён қилиб, мурожаат йўллаган эди. Натижада "Халқ банки” туман филиали томонидан мазкур сервис марказида сайёр касса ташкил қилинди.

Фуқаро Б.Бозорбаевнинг қиш мавсумида табиий газ босими паст бўлиши ҳақида, Ж.Хайтимбетовнинг А.Яссавий кўчасида жойлашган хонадонларни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ёзган мурожаатлари, шунингдек, 1-гуруҳ ногирони Ж.Султоновнинг моддий ёрдам сўраб ёзган аризаси, касб-ҳунар коллежини тамомлаган фуқаро Н.Ҳайтакованинг ишга жойлашиш тўғрисидаги, фуқаролар Ж.Ўразимбетов ва P.Сарибоевларнинг ногиронлик аравачаси олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари ижобий ечимини топиб, қаноатлантирилди.


Сайёр қабул давомида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари томонидан йўлланган ҳеч бир мурожаат жавобсиз қолмаслиги, ариза, таклиф ва шикоятлар тегишли тартибда ўрганиб чиқилиб, қонуний муддатда жавоб қайтарилиши, бу масала шахсан муҳтарам Президентимизнинг назоратида эканлиги қайд қилинди.

 

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

Янгиликни бўлишинг: