"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

КУЛГУЛАPИНГ ДУНЁНИ ТУТСИН, БОЛАЖОН!

Агар мендан аёл умрининг энг гўзал лаҳзасини тасвирлаб беришни сўрашса, албатта  ҳеч иккиланмай, боласини бағрига босганича алла айтаётган пайтини чизар эдим.

Бағрида жигаргўшасининг тафтини ҳис қилганича меҳри-муҳаббати қоришган илоҳий  қўшиқ – аллага умри давомчисини инъом этгани учун Яратганга шукронасини, оналикдай улуғ бахтга мушарраф бўлганидан бахтиёрлигини қўшиб айтади, фарзанди қалбига алласи орқали энг эзгу орзуларини сингдиришга интилади.

Ҳа, фарзандларимиз умримиз давомчилари, эртангги кунимиз эгалари, гўёки хонадонларимизни ёритиб турувчи шамчироқ, ҳаётимиз мазмуни. Шу боис ҳам кўзи қароғимизда асраймиз боламизни. Бу борада давлатимиз ғамхўрликларини айтмайсизми?!

Дунёга келган мурғак гўдак эмин-эркин, бехавотир онаси бағрида улғайишга ҳақли. Бироқ... бироқ, дунёдаги барча оналар ҳам фарзандига ана шундай бахтни бера олишга қодирми?

Афсус ва надоматлар бўлсинки, дунёнинг турли ҳудудларида шароитлар турлича, кўз қарашлар турлича. Айрим давлатларда ёшлар оила қуриш, фарзанд кўришни ўзларига ортиқча ташвиш,  дея ҳисоблашади. Айрим давлатларда эса ота-оналар умид билан дунёга келтирган фарзандининг  қорнини тўйғазиш учун ҳатто ўз танасининг айрим аъзоларини сотишга ҳам мажбур бўлмоқдалар. Оддийгина бир мисол: Яманда ҳар 10 дақиқада 5 ёшдан кичик бир бола ёмон шароитда яшагани, тўйиб овқат емагани учун ҳалок бўлмоқда, дея ҳабар беради БМТнинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси. Бу мамлакатда 19 млн.га яқин аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож. 10 млн.дан ортиқ одам ночорликда, 8 млн.дан ортиқ одам ичимлик суви танқислигидан қийналиб яшамоқда.

Дунёнинг 22 давлатида яшовчи 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 25 млн.дан кўпроқ бола қуролли ихтилофлар туфайли мактабга таълим олгани бора олмаяпти.

Узоққа бормай, қўшни мамлакат – Афғонистондаги қанча болаларнинг нақадар оғир аҳволда, мактабларда ўқиб, илм олишни фақат орзу қилиб яшаётганини эсга олсак, юртимиздаги тинч-осойишта турмушнинг, болалар келажаги учун қилинаётган ғамхўрликларнинг қадри нечоғлик буюк эканлигини теранроқ англаймиз. Шундай қутлуғ ва жаннатмакон юртда туғилганимизга қайта-қайта шукрона айтамиз.

Ахир юртимизда ҳар йили болажонларимизнинг яйраб-қувнаб улғайишлари учун қанчадан қанча мактабгача таълим муассасалари, замонавий илм фан асосларини пухта эгаллашлари учун қанчадан қанча таълим масканлари қурилаяпти, мавжудлари таъмирланиб, замон талабига мослаштирилаяпти. Бу ишларга, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қанчадан қанча маблағлар сарфланаяпти. Аҳил оилада соғлом фарзандларнинг дунёга келиб, камол топиши учун барча шароитлар яратилаяпти.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларни минтақамиздаги кўпгина давлатлар намунавий модель сифатида қабул қилишаётганининг ўзиёқ давлатимизнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари нечоғлик юксаклигини кўрсатади.

Болалар ҳуқуқлари бир қанча қонун ва қонуности ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган.

Бахтли болаликдан мамнун-у масрур болажонларимизга ҳар йили 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Бутун мамлакатимизда турли кўнгилочар тадбирлар, болалар томошалари ташкил этилади, дунёни болаларга бергимиз келади, гўё.

Боиси сен кулсанг, дунё кулади, болажон! Сенинг беғубор ва шодон кулгуларинг дунёни тутсин, тинчлик деган азиз неъматнинг қадрини оламга ёйсин!

Ойгул PАЖАБОВА.

(Фото - ЎзА)

Янгиликни бўлишинг: