"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

ИСТИҚЛОЛНИНГ ОЙДИН ЙЎЛЛАPИДА

Мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги олдидан

Бобур номли овул:

Сўлим ёзнинг иккинчи ойи ҳам поёнига етаётир. Ўтаётган ҳар бир кунимиз бизни мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги нишонланадиган қутлуғ санага тобора яқинлаштирмоқда.

Буюк бобокалонимиз Бобур номи билан аталувчи овул одамлари ҳам энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 22 йиллигини ҳалол меҳнатлари ила ёруғ юз билан қарши олмоқдалар.

Овулда 647 хонадонда 5400 нафардан зиёд турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшашмоқда ва мавжуд 7 та фермер хўжаликларида, таълим, тиббий муассасаларда ва бошқа корхона, ташкилотларда меҳнат қилишмоқда.

Овулда 2 та умумтаълим мактаби, 1 та касб-ҳунар коллежи, 2 та болалар боғчаси, 1 та маданият клуби, 1 та дорихона, 1 фельдшер-акушерлик пункти, "Амударё-тутунув” жамиятига қарашли 1 та дўкон, 11 та хусусий дўконлар, 1 та гўшт дўкони, 14 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аҳоли хизматида.

Мустақилликнинг ўтган 22 йили овул одамлари ҳаётида ҳам асрларга татигулик янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари, ўзгаришлар даври бўлди. Улар мустақилликни мустаҳкамлаш, жамиятни демократлаштириш ва равнақ топтириш, тўкин ва осуда турмушимизнинг барқарор бўлиши учун самарали меҳнат қилмоқдалар.

 

Истиқлол берган имкон

сабабли ўз оиласи иқтисодини яхшилаб, қўни-қўшниларини ҳам иш билан таъминлаб, элдан олқиш олаётганларнинг бири овул тадбиркори Баҳром Йўлдошевдир. У аввал "Баҳром-Лолагул” масъулияти чекланган жамиятини тузиб, машиналарга ёқилғи қуйиш шохобчаси ташкил этди ва икки кишини иш билан таъминлади. Овул ёшларининг айримлари ишсиз эканлигини кўриб, тикувчилик цехи очди ва уч нафар қизни ишга олди: Юлдузхон Йўлдошева, Ойгул Эшниёзова, Гулзебо Маматсолиеваларнинг қўлидан чиққан бежирим либослар ҳаммага манзур бўляпти.

Тадбиркор одамга иш кўп экан. Баҳром Йўлдошев масъулияти чекланган жамияти фаолият турини кенгайтириб, тикувчилик цехи ёнгинасида махсус бино қуриб, нонвойхона ҳам очди. Бу ерда ҳам уч нафар ҳамқишлоғи - Назира Бобожонова, Ҳайитбика Отажонова, Саида Қутлимуродовалар доимий иш билан банд.

Кунига уларнинг қўлидан чиқадиган 130-150 дона атрофидаги иссиқ чўракларга харидор доим тайин. Агар тўй-маъракалардан буюртма бўлса, бундан ҳам кўп нон ёпишади. Қулай шароитда ишлаб, меҳнатларига яраша ҳақ олаётган, турмушидан кўнгли тўқ қизлар ёпган чўраклар кўрган кўзни қувонтиради.

Бобурлик яна бир тадбиркор

Pамат Қозоқбоев бундан икки йил олдин хусусий дўкон очди-ю педагогликдан, турмуш ўртоғи Санобар тиббиёт соҳасидан воз кечишди. Овул марказидаги улкан йўл бўйида овул кўркига-кўрк қўшиб турган замонавий андозаларга мос дўконни қуришдан олдин савдо-сотиқ фаолиятини уйларида бошлашди. Турли зарурат билан келиб "раҳмат”, "барака топинг”, - дея овулдошларининг алқаб кетишлари уларга қанот бўлди, савдосини кенгайтириб, махсус дўкон қуришди.

Ҳозир Pамат Қозоқбоевнинг дўконида сифатли ва арзон ширинликлар, болалар ва катталар кийим-кечакларидан тортиб полиз ва сабзавот муҳсулотлари ҳам бор. Эр-хотиннинг қўли мижозларга савдо қилишдан бўшамайди.

- Овулдошларимизнинг шундай дўконга эҳтиёжини сезиб, ўқитувчиликни йиғиштириб қўйишга мажбур бўлдим. Ахир юртга қаерда кўпроқ фойданг тегса, шуни танлаш керак-да, - дейди Pамат Қозоқов кулиб.

У тадбиркор бўлиб адашмади. Оиласи иқтисодини яхшилади, ҳовли-жойини обод қилди, "Газель” русумли янги автомашина сотиб олди. Бундан руҳланиб дўкони ёнида ошхона қуришни ҳам мўлжаллаяпти.

Ҳар ишда меъёр, интизом бўлса, баракаси ҳам бўларкан. Савдо-сотиқдаги барча амалдаги тартибларга риоя қилиб, савдо тушумларини касса аппаратига кирим қилиб, намунали савдо хизмати кўрсатиб, элдошлари олқишини олаётган оилавий тадбиркорлар Pамат Қозоқов ва унинг аёли Санобардан овул аҳли мамнун.

 

"Бўз ёп” овули:

"Бўзёп”ни кезганда...

Яхшидан ном ҳам, яхши ишлар ҳам мерос бўлиб қолар экан. Туманимизнинг энг олис, чекка ҳудуди "Бўзёп” овулини бамайлихотир бир кезсангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Дов-дарахтларга бурканган файзли кўчалар, равон йўллар, муҳташам ҳовли-жойлар, замонавий меъморий услубда қурилган хизмат кўрсатиш шохобчалари, бу ерлик аҳолининг турмуш даражаси юксаклигини кўрсатиб турибди. Беихтиёр ҳаётини шу элга бош бўлиб, одамлар тўқ ва фаровон яшаши учун бахшида этган, зироатчиликда ўзига хос улкан мактаб яратиб, келгуси авлодларга мерос қилиб қолдирган раҳматлик Турсунбой Шержонов эсимизга тушди.

Бугун "Бўзёп”да истиқлол берган имкониятлардан унумли фойдаланиб, бор қобилиятларини ишга солаётган ва эл донғини чиқараётган, собиқ отахон раҳбарнинг издошлари жуда кўп. Буни ҳар йили 1146 гектар ерда деҳқончилик қилиб, ризқ-рўзимизни ундираётган 15 та пахтачилик ва ғаллачилик билан шуғулланаётган фермер хўжаликлари мисолида ҳам, овул аҳли ҳаётининг тобора юксалиб бораётганида ҳам кўришимиз мумкин. Овулдаги мавжуд 784 та хонадоннинг ўз қорамоли, 674 тасининг шахсий техника воситалари, шундан 607 тасининг енгил автомашиналари борлиги фикримизнинг исботидир.

 

Эл донғини юртга ёйган мулкдор

Овулдаги "Айтбой Отахон” фермер хўжалиги 120 гектар пахта майдонига эга йирик хўжаликларнинг бири. Бу ерлар 71 нафар ижарачиларга шартнома асосида бўлиб берилган.

Ҳар йили пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил олинаётганлиги боис, хўжаликнинг, ижарачиларнинг ҳам моддий манфаатдорлиги яхши.

Хўжалик раҳбари Матназар Айтбоев ҳар йили олинган даромад ҳисобига техникаларнинг сонини кўпайтиришга, унумли ишлашига эришаяпти. Ҳозир хўжаликда 1 дона "Алтай” русумли, 2 дона "МТЗ” русумли, 1 дона "Вт-150” русумли тракторлари бор. Ерни экишга тайёрлашдан тортиб, йиғиштириб олингунича бўлган барча ишларни хўжаликнинг ўз техникалари бажаради. Бировдан кўмак сўрашмайди.

Оғирини енгил қилаётган техникаларни кўз қорачиғидай сақлаш учун фермер махсус устахона ҳам қуриб олган. Бу ерда зарурат бўлмаган тракторлар махсус бостирма остида ёмғир, офтобдан панада сақланади.

Бугунги кунги фермер нафақат миришкор деҳқон, балки тадбиркор ҳамдир. Ўз оиласи, хўжалигидан ортиб, хўжалик меҳнаткашларига ҳам қайишаётган Матназар Айтбоев шоли ва буғдой хорозларини ҳам қуриб, эл хизматида қўйибди. Қурилиб, шай ҳолга келиб турган нонвойхона ҳам яқин кунларда ишга туширилади ва яна уч нафар шу ерлик аёл-қизлар ишга жойлашади.

Айни кунларда хўжалик пахта далаларида ғўза парвариши билан бир қаторда чеканкалаш ишлари ҳам қизғин олиб борилаяпти. 35 гектардаги ғўзалар чеканкаси олинди. Жами пахта майдонлари 4 марта суғорилиб, қатор оралари юмшатилди. Кумуш Қарчиғаева, Оллаёр Худойберганов, Pасул Омонов, Даврон Турсунбоевлар бу ишларда барчага ўрнак.

Пахтачиликдаги барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва маромида олиб борилаётганлиги туфайли ғўзалар ривожи кўзни қувонтиради, ораларида бегона ўт йўқ.

Хўжалик фаолияти билан яқиндан танишган одам эл донғини элим деганлар ёяди, деган сўзларни эсга олиши шубҳасиз. Ҳа, фермер Матназар Айтбоев фақат деҳқончиликдан юқори ҳосил олишнигина эмас, шу эл одамлари манфаатларини ҳам кўзлаб ишлайдиганлардан.

 

Куюк кўпир овули:

Халқаро валюта фондининг куюк кўпирлик ходими

Замон тезкор, замон шиддатли. Бугунги кун ёшларининг салоҳияти, билими ва интилишлари ҳам шунга монанд. Гоҳ у, гоҳ бу соҳадаги ёшларнинг ютуқларини эшитиб, қувонамиз, эртаги кунимиз янада нурафшон бўлишига ишончимиз ортади. Чунки келажак уларнинг қўлида.

Туманимизнинг Куюк кўпир овулида 1985 йилда туғилиб, тупроқли йўллардан қатнаб, овулдаги 19-сонли умумтаълим мактабида ўқиган Ботир Болтабоевни вақт келиб ўз илми, иқтидори билан барчани ҳайратга солар, деб ҳеч ким хаёлига келтирмаган бўлса, эҳтимол?

У умумтаълим мактабини тугатгач, Тошкент шаҳридаги лицейда узлуксиз таълимни давом эттирди. Лицейда у мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган иқтидорли болалар билан ўқиш жараёнида улардан қолишмасликка, устозлари олдида уялиб қолмасликка уринди, тинмай ўқиди, ўрганди. Бу ерда олган билимлари, туфайли Ўзбекистон Миллий Университетининг иқтисодиёт факультетига ўқишга кирди. Талабалик йиллари унинг учун камолот сари интилиш йиллари бўлди. Мамлакатимизда мустақиллик туфайли ёшларнинг ўқиб илм олиши, ижодий изланиши, қобилиятларини ишга солиши учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланди.

Олийгоҳни 2007 йилда тугатиб, Тошкент шаҳридаги фирмалардан бирида иқтисодчи бўлиб иш бошлади. Бу билан чегараланиб қолмай, 2008 йилда мустақил равишда интернет орқали турли мамлакатлар олий ўқув юртларининг сайтларидаги магистратурага қабул бўйича эълон қилинган тестларини ишлаб, жўнатиб турди. Шундай кунларнинг бирида Австралиянинг Мельбурн шаҳридаги Монаш университетининг грантини ютиб, магистратурага қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабарни интернет орқали билганида гўё орзулардан қанот боғлаб кўкка учди. Ахир қувонмай бўладими, оддий қишлоқ боласи шунчалар илм эгалласа, яна инглиз тилида синовдан ўтиб, дунёга машҳур олийгоҳ магистранти бўлса!

Отаси Абдулла Болтабоев, онаси, опалари Тошкентдалигида соғиниб, қўмсаб, унинг олийгоҳни тугатишини кун санаб кутишган бўлса-да, унинг ютуғидан ўзларида йўқ қувонишди. Ахир ота-онага фарзанди камолидан-да ортиқ бахт борми?

Ботир Болтабоев Монаш университети магистартурасида ўқишини тугатиб, яна бир йил докторантурада ҳам ўқиди. Ўқиш билан бир қаторда бакалавр босқичидаги талабаларга дарс берди. Ўз ихтисослиги бўйича дарс бериш қанчалик мароқли бўлса, талабаларнинг Ўзбекистон, она юрти ҳақидаги саволларига ҳам жон-жон деб эринмай жавоб берарди.

У докторантурада ўқиш давомида докторлик диссертацияси устида ҳам иш бошлади. Ўқиши якунида интернет орқали дунёнинг турли мамлакатлари давлат ташкилотлари ва нуфузли халқаро компаниялар ваканциялари билан танишиб, Вашингтондаги халқаро валтюта фонди томонидан эълон қилинган ваканцияга ўзи ҳақидаги резюме (маълумотлар)ни жойлаштирди. Маълум вақтдан сўнг халқаро ташкилот маъмурияти уни суҳбатга чақирди. Чуқур иқтисодий билими, инглиз тилида равон гапириши, саволларга аниқ ва тўкис жавоб бериши Ботирга муваффақият келтирди, суҳбат ижобий баҳоланди ва ишга қабул қилинди.

Яқиндагина, сўлим ёз оқшомларидан бирида Абдулла Болтабовникида келин тўйи бўлди, ўғли Ботирни уйлантиришди. Ҳаёт йўллари Вашингтонга чорлаб турган Ботир Манғитнинг олий маълумотли, ақлли, ўқитувчи қизига уйланди. Улар ҳозир Тошкентда, Вашингтонга жўнаш арафасида.

Ёшгина жуссасида дунёни лол қолдирган буюк бобокалонларимиз ақлу закоси, қатъияти, интилиши ва фидойилиги жо бўлган Ботир Болтабоевга оқ йўл тилаб қоламиз. Ёшлик ғайрат-шижоати ила бундан-да юксак чўққиларни забт этиб, туманимиз, мамлакатимиз шаънини юксак кўтаришига тилакдошмиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: