"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

ГУЛЛАБ-ЯШНАЁТГАН ТЎPТКЎЛ

Тўрткўл – Қорақалпоғистон Pеспубликасининг иқтисоди равнақ топган, ўзига хос маданий-маърифий, маънавий нуфузга эга йирик туманларидан бири ҳисобланади. Тўрткўл тумани шимол томондан Элликқалъа тумани, шарқдан Навоий вилояти ҳамда жануб ва ғарб томондан Хоразм вилояти билан чегарадош.

Туманнинг умумий ер майдони 7,48 минг кв./км. бўлиб, Тўрткўл шаҳри, 20 та маҳалла, 5 та шаҳарча типидаги посёлка, 13 та овул фуқаролар йиғинлари, 15 та қишлоқ фуқаролар йиғинларида 196,1 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 76 минг киши шаҳарда 120,1 минг киши эса қишлоқларда яшашади.

Туман аҳолисининг  асосий қисми қишлоқларда яшашининг боиси, Атауба, Пахтачи, А.Дурдиев номли, Шўрахон, Оқбошли, Ёнбошқалъа, Оққамиш, Қумбосган, Тозабоғёп, Пахтаобод, Ўзбекистон, Уллибоғ, Охунбобоев номли, Кўкча, Калтаминор каби овул-у қишлоқларнинг кўрган кўзни қувонтирувчи, ўзига хос бетакрор табиати, тарихий илдизлари борки, туман аҳолиси, назаримизда, ана шу тарихий мезонлардан куч олиб яшашдан, меҳнат қилишдан фахрланадилар.

Тўрткўл туманининг иқтисодий асосини пахтачилик ташкил этганлиги боис, туман саноати ҳам асосан пахта хом ашёсини қайта ишлашга ихтисослашган. Яъни, пахта тозалаш заводи, "Тўрткўл дон маҳсулотлари” МЧЖ "Тўрткўл – Асака текстиль” МЧЖ, темир-бетон буюмлари, аҳолига пуллик ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, босмахона ва бир неча хусусий тадбиркорлик корхоналари мавжуд.

Тўрткўлликлар мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш ва қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда экспорт қилиш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор билан қарашади. Туманнинг қўли гул соҳибкор-у боғбонлари томонидан йилига  7,5 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинади. Тумандаги 225 та фермер хўжаликлари тасарруфида 500 гектар боғ мавжуд бўлиб, унинг 25 гектари интенсив боғ ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида тўртқўллик соҳибкорлар томонидан янги-янги узумзорлар барпо этилди. "Донохон-Гўзалхон”, "Тўрткўллик Араловлар”, "Азизхон-Шойимардон”, "Тўрткўлли Ота ака боғи”, "Асадбек-Наврўзбек” каби фермер хўжаликлари токзорларида етиштирилган узумнинг чарос, тоифи ва ҳусайни навлари аллақачон дунё бозорида ўз харидорларини топди.

Туманда жорий йилда умумий қиймати 7 миллион 570 минг долларлик мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган. Айниқса, Тўрткўл заминида етиштирилган карам, помидор, пиёз, лавлаги, узум, олма, шафтоли, гилос, ўрик ва зираворлар ҳамда кунжутнинг ташқи бозорда харидорлари кун сайин кўпайиб, бу борадаги экспорт салоҳияти ошмоқда.

Тўрткўл заминининг тупроғи – мўъжизакор. Пахта уруғчилиги бўйича мутахассис олимлар бу туман тупроғида етилган пахта толасининг узунлиги ва сифатлилиги туманнинг ўзигч хос табиий шароити туфайли эканлигини аллақачон исботлашган. Жорий йилги пахтачилик мавсумида тўрткўллик деҳқонлар пахтанинг "Султон” навини танлашларидан ҳам билса бўладики, пахтанинг мазкур нави сувсизликка ва касалликларга чидамлилиги, сертолалиги, бундан ҳам муҳими, 115-120 кунда пишиб-етишиши-ю, ҳосилдорлиги юқорилиги билан ажралиб туради.

Тўрткўлликлар азалдан санъатсевар, маънавиятли халқ. Бу заминнинг сувини ичган машҳур халқ ҳофизи Отажон Худойшукуров ва ана шу соҳирнафас санъаткор асос солган анъанавий ашулачилик санъати кўпчиликка манзур. Қорақалпоғистон халқ шоираси Гулистон Матёқубова, шоира Гулчеҳра Pаҳимоваларнинг ўзига хос ижодий оламидан баҳра олиб камолга етаётган навқирон авлод вакилларининг адабиёт майдонига дадил кириб келаётганидан шуни англаш мумкинки, Тўрткўл ижодий муҳити ибратга, ҳавасга лойиқ.

Бугунги тўрткўлликларнинг фарзандлари ҳар томонлама мукаммал шарт-шароитларга эга мактаб, академик лицей ва коллежларда таҳсил олишмоқда. Тўрткўллик ёшлар орасида таниқли спорт ва санъат усталарининг кўплиги  Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори борлиги туманда ёшлар учун яратиб берилаётган муносиб шароитлар туфайлидир.

Туман аҳолисининг соғлигини сақлаш, соғлом фарзандлар дунёга келишини таъминлаш борасида олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар келажаги буюк мустақил давлатимизнинг туман аҳолиси ҳаётини тубдан янгилаш сари эзгу қадамлардир.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

(Фото - wikimedia.org

Янгиликни бўлишинг: