"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7787.81 -26.42
  • 1 EUR = 9100.06 -76.86
  • 1 RUB = 124.54 -0.19

Қорақалпоқ халқининг номоддий маданий мероси: Халқ амалий санъати

Қорақалпоқ халқининг маданияти илдизлари жуда теран ва бой тарихга эга. У турли халқларнинг  маданий анъаналарининг қоришмаларини ҳам ўз ичига олади. Халқининг ўзига хос турмуш тарзи, урф-одатлари асрлар давомида ривожланиб, сайқалланиб келдики, бошқа халқлар маданиятларидан ноёб хусусиятлари билан алоҳида ажралиб туради.

Қорақалпоқ халқининг номоддий маданий мероси ҳақида гапирганимизда энг аввало, юксак тараққий этган фольклорини – халқ оғзаки ижоди ва халқ мусиқасини эсга олиш лозим. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда қорақалпоқ ижодкорлари томонидан тўплаб, нашр этилган қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди  намуналарининг юзинчи томи ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилганига бир неча йил бўлди. Достонлар, бахшилар томонидан ўзига хос услубда куйланиб келинаётган, қўшиқлар, термалар, эртаклар ва турли маросимларга хос йигит-қизларнинг айтишувлари муносиб жой олган тўпламнинг қайси бирини ўқиб кўрсангиз ҳам қорақалпоқ халқининг юксак ақл-закосига, тафаккур оламининг кенгдигига сўзга чечан, тили бойлигига амин бўласиз. Халқ мусиқалари ҳам оҳанглари бетакрорлиги, кўнгилга яқинлиги билан диққатга сазовордир.

Қорақлалпоқ халқининг номоддий маданий мероси шу қадар ноёб ва ўзига хос тарихга эга. Турмуш тақозосига мувофиқ дунёга келиб, асрлар давомида шаклланиб, сайқалланиб, ноёб ҳунар сифатида қадрланиб келган кулолчилик ҳам қадим тарихга эга. Ҳатто кулолчилик, гиламдўзлик, ёғоч ўймакорлиги шу қадар ривожланганки, қорақалпоқ заминидаги энг қадимий шаҳарлар (Хўжайли, Тўрткўл, Шоббоз, Чимбой)да бу ҳунар эгалари маълум бир ҳудудда яшашган. Улар яшаган ҳудуд ё кўча ҳам шу ҳунармандлар номи билан кулолчилар, гиламдўзлар ё наққошлар кўчаси деб аталган.

Юртимизда олиб борилган археологик изланишлар натижасида топилган кулолчилик осори-атиқалари бу ҳунарнинг келиб чиқиши олис тарихимизга тааллуқли эканидан далолат беради.

Шунингдек, қадимий халқ гиламдўзлик анъаналари кўп авлодларнинг ихтирочилик уринишлари натижасида ривожланиб, ниҳоятда узоқ ва кенг илдизларга эга. Қишлоқ жойларида асосан аёллар томонидан уйда тўқилган гиламлар оддий, лекин мукаммал техникада ишлаб чиқилганлигини англатади, шу тариқа ранглар, шакллар, нозик нақш комбинацияларига эга.

Истиқлол йилларида юртимизда миллий ҳунармандчилик тараққиётига қаратилаётган эътибор туфайли ёғоч ўймакорлиги санъати ҳам жадал ривожланмоқда. Уста-ҳунармандлар томонидан юксак дид ва маҳорат билан тайёрланаётган бир-биридан бежирим ва бетакрор маҳсулотлар наинки юртимиз, балки хориж давлатларида ҳам юқори баҳоланаяпти.

 Ёғоч ўймакорлигининг шуҳрати ҳеч қачон сусаймаган. Ўсимликларга оид нақшлар орқали ҳар қандай юзани безаш анъанавий ёғоч ўймакорлик санъатининг энг машҳур туридир. Ўймакорликда кўпроқ чинор, тут, ёнғоқ, қайрағоч, олча ёки ўрикдан фойдаланилар эди.

Истиқлол йиллари юртимизда халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва амалий санъати янада ривож топди. Авлоддан авлодга, устадан шогирдга ўтиб келаётган миллий ҳунармандчилигимизнинг баъзи унутилган турлари қайта тикланиб бормоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 30 мартда қабул қилган «Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармони бу борада муҳим дастуруламал бўлмоқда. 

Айни пайтда Қорақалпоғистон Pеспубликасида фаолият юритаётган уч юздан зиёд ҳунарманднинг 25 фоизини ёшлар, 50 фоизини аёллар ташкил этади. Улар юртимизда ва халқаро миқёсда ташкил этилаётган турли танлов ва фестивалларда фаол қатнашиб, миллий маданиятимизни кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 

Қорақалпоқ халқининг номоддий маданий мероси бугунги авлод вакиллари томонидан қадрланиб, ривожлантирилиб келинаётгани бежиз эмас.

(Фото - http://www.uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: