"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7787.81 -26.42
  • 1 EUR = 9100.06 -76.86
  • 1 RUB = 124.54 -0.19

У ҲАЁТНИ СЕВАPДИ...

Нилуфар... Мен уни яхши кўрардим. Камтарлиги, теран мушоҳадаси, баъзан қайноқ қалб ила тўлқинланиб сўзлашлари, ҳатто одмигина кийинишлари унинг зийнати эди. Шифокор бўлиш орзуси билан яшарди Нилуфаргина...

Ана шу орзу оддий қишлоқ қизини Амударё академик лицейининг табиий фанлар йўналишида ўқишга етаклади. Аълочи, интилувчан, қалби маънан бой эди унинг.

Нилуфар шеърият шайдоси эди. Кўнглида жунбушга келган гўзал туйғуларини соҳир  сатрларга жойларди. Шеърларини ошиқиб-шошиб таҳририят эшигидан ҳатлаб олиб келмасди. Лекин ҳар гал Академик лицейда қандайдир тадбирларга бориб қолганимизда ийманибгина шеърларини кўрсатарди. Баъзи ҳаваскорларга ўхшаб: "шеъримни газетада чиқариб беринг”, – демасди у. Секингина, уялибгина: "ёзганларим қанақа экан?”, – дерди.

Нилуфарнинг ёзганлари... Ўзи каби оддий, ўзи каби камсуқум, Нилуфаргинанинг  ўзидай ҳокисор, гўзал, рангин. Ҳаётни, тенгқурларини кузатиб, ўз тасаввур дунёсида яшаб, ижодда ўз йўлини топишга интилаётган қизнинг бетакрор фикрлари, гўзал қарашлари кишини ўйлашга ундайдиган хулосалари бор эди...

Афсус... Нилуфарни, гулдайин яшнаб, ижод майдонига ўз овози, ўз фикри билан кириб келаётган шоирқалб малакни бешафқат ўлим жуда эрта ҳаётдан олиб кетди. Якка-ю ягона Нилуфаридан ажралган ота-она, синфхоналарида бўш партага тикилиб-тикилиб бўзлаётган дўстлар, шоирқалб Нилуфаргинанинг бийрон тилларидан бир латиф шеър эшитмоққа муштоқ бўлиб, унинг овозини қўмсаган ижодкор ёшлар юраги айрилиқдан эзгин.

Начора, Аллоҳнинг иродаси бу. Нилуфар Собирова энди уни яхши билганларнинг, яхши кўрганларнинг, шеърият мухлисларининг қалбларида, хотираларида яшайди. Биз эса Аллоҳдан ҳур бўлиб кетган ҳур қизимиз Нилуфар Собированинг охирати обод бўлмоғини тилаймиз.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: