"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

КЕКСА ЖАНГЧИ ҲУЗУPИДА

Очерк

Уруш. Инсон қалбида нафрат уйғотувчи, эшитган ҳар бир дилни сескантириб юборувчи бу сўзга аҳли  дунё – бутун тараққийпарвар инсоният исёнда. Уни қўзғатувчиларга нисбатан оналар ғазабда, оталар ғазабда. Миллион-миллион инсонлар ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон уруши асоратлари билан яшаётган мажруҳ кўнгиллар дилларини куйдирган ҳажр-у фироқ ўти фашизмга нисбатан аёвсиз қарғиш бўлиб тўкилади ҳамон тиллардан. Чунки бу нафратли қалблар жанггоҳларда қон кечган, қаҳратон қишларни муз қотган  окопларда ўтказган, 18-20 ёшнинг нари-берисидаги минг-минглаб алпқомат қуролдошларини жанг майдонларига дафн этган, жанглардаги жароҳатларидан қон сизиб, яна жангга кирган, то ғалаба бонги янграгунга қадар бирлари жанг майдонида, бирлари дала госпиталларида, яна бирлари фронт ортида тун-у куннинг фарқини унутиб яшаганлар. Дилларида эса ягона мақсад – эл-юртга тинчлик, тинчлик ва яна тинчлик орзуси билан яшаган бу мард-у майдонлар.

Қиличбойлик Pажаб бобо Юсуповнинг йигитлик даври ана шундай нотинч даврга тўғри келди.

Pажаб Юсупов алп қоматли, бўйчан, ўта эпчил йигит бўлиб улғайди. У 1938 йилда тўлиқсиз ўрта мактабни тугатганида замон қалқиб турган бир пайт эди. Халқ советнинг қатағон сиёсатидан жабр чекаётган, эшигида 2-3 та мол-ҳоли бор, ўқимишли одамлар "халқ душмани” тамғаси билан "қама-қама” тўрига илиниб, кўпчилик оилалар жиддий йўқчилик азобини тортаётган бир пайтда дунёга фашизм балоси хавф солди. Аввал Европа мамлакатларини ўз домига тортган фашизм 1941 йилнинг ёзида собиқ СССP ҳудудига бостириб кирди. Колхоз ишида ота-онасига яхшигина кўмакдош бўлиб қолган Pажаб Юсуповга чақирув қоғози келганида у энди 18 ёшга тўлган норғул йигит эди. Армияга чақирув қоғози ўша машъум кунларда ота-оналар учун жаҳаннам бағрига чақирувдай даҳшатли эди. Ота-онаси, яқинлари, қишлоқдошлари Pажаб Юсуповни яхши кунлар умиди билан урушга кузатдилар.

Шарқдан ғарбга томон йўл олган поезд Pажаб улғайган заминни ортда қолдириб, тутун ва порох ҳиди бурқсиб ётган рус қишлоқлари, ёниб култепага айланган қарағайзорлардан ўтиб, яйдоқ бир жойга етиб, тўхтади.

– Ўшанда урушнинг бутун даҳшати кўз олдимизда намоён бўлди, – эслайди Pажаб бобо олис уруш йилларини хотирларкан. – Пайҳон бўлган экинзорлар, харобага айланган шаҳар-у қишлоқлар, тугунини кўтариб, болаларини етаклаб юрган, шовқин-сурон билан қон йиғлаб, қайларгадир ошиқаётган оналар, кексалар, болалар. Буларга кўзимиз тушган лаҳзалардаёқ уруш даҳшатларини тўла англаб етдик. Қўлларимиз мушт бўлиб тугилди.

Қисқа муддатли ҳарбий тайёргарликдан сўнг Pажаб Юсупов 1942 йилнинг июлида Калининск фронтининг 136-ўқчи полки таркибида илк марта жангга кирди. Инсон зотининг ёвузлигини у ўшанда кўрди. Тиш-тирноғигача яхши қуролланган немис аскарлари шундай ҳарбий тайёргарликдан ўтишган эдики, улар жанг майдонида ҳақиқий ваҳший ҳайвонга айланишарди. Инсон тугул осмонда учиб бораётган қушгача аёвсиз ўлдириш, ёқиш, бузиш, отиш, жамики жонзотни топташ – улар учун ўта оддий ўйин эди. Pажаб Юсупов ана шу даҳшатлар қаршисида эсанкирамади. Калининск фронтининг 136-ўқчи полки билан гоҳ ҳафталаб, ойлаб яёв, кунни-тунга улаб фашизм балосига қарши курашди. Қуршовда қолиб, оч-наҳор, юпун ҳолатда ҳам қўлидан қуролини қўймади. Бутун куч-қувватини халқлар озодлиги ва тинчлиги учун сарфлади. Неча бор яраланди, дала госпиталида даволаниб, яна жангга кирди.

– 1943 йилнинг ёзи Калининск фронти учун янги-янги ғалабалар сари йўл очилди, – эслайди Pажаб бобо. – Биз немисларни кетма-кет мағлубиятга учрата бошладик. Ҳатто енгил ярадор бўлганимизни сезмасдик. Душман ортидан таъқиб этиб бораётган кунларимизнинг бирида мен немис зобитини асир олдим. Уни штабга топшириб, яна жанг майдонига қайтдим.

Шу куни ҳақиқий ҳаёт-мамот жанги бўлди. Тарихга Калининск фронтида бурилиш номи билан кирган ушбу даҳшатли жангда Pажаб Юсупов оғир яраланди. Эсида қолгани – қаттиқ портлаш ва ўзининг муаллақ учиб бораётган каби ҳолати. У кўзини очганида оёқ-қўллари, қорни ва кўкрак қафаси чандиб боғлаб ташланган, бутун аъзои-бадани ловуллаб ёнаётгандай эди. Уни кўргани ўзи хизмат қилаётган қисм командири келганида Pажаб Юсуповнинг қаҳрамонлиги ҳақида ҳикоя қилувчи мақола ёритилган фронт газетасини келтирди ва Олий Бош қўмондонликнинг ташаккурномасини ўқиб  берди. Маълум бўлишича, Pажаб Юсупов асир олган немис зобити берган маълумотлар туфайли бутун Калининск фронтида кескин бурилиш ясалган, 136-ўқчи полки бир неча  чақирим фронт ичкарисига силжиб, душман қамалидаги қишлоқларни озод этган экан. Pажаб Юсупов эса шу жангдаги алоҳида жасорати учун Олий Бош қўмондонлик буйруғига биноан "Қизил Юлдуз” ордени билан мукофотланди.

Pажаб Юсупов Иккинчи жаҳон урушидаги мислсиз жасорати учун "Қизил Юлдуз” орденидан ташқари, "Жасурлиги учун”, "Германия устидан қозонилган ғалаба учун”, тинчлик йилларида "Ғалабанинг 20 йиллиги” ва Ғалабанинг 50, 60, 70 йиллиги каби ўнлаб жанговар ва юбилей медаллари билан тақдирланди. 1943 йилнинг август ойидан то 1944 йилнинг  февраль ойига қадар оғир уруш жароҳатлари билан яшаган Pажаб Юсупов қишлоғига яримжон ҳолатда қайтиб келди. Узоқ вақт даволаниб, оёққа тургач, ўша пайтдаги Хоразм вилояти, Манғит туманига қарашли Охунбобоев номли колхозда табелчи, 1951-1957 йилларда 2-сонли МТСда ҳисобчи вазифаларида фаолият юритди. Кейинчалик у Амударё туманининг йирик пахтачилик хўжалиги – собиқ М.Горкий номли давлат хўжалигида оддий ишчи бўлиб меҳнат қилди. Унинг борига ҳам, йўғига ҳам кўниб, оғирига елкадош, сирларига сирдош бўлиб яшаган умр йўлдоши Қизларгул момо Юсупова билан 11 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга  етказишди. Фарзандларининг барчаси ўқимишли, тадбиркор, энг муҳими, меҳр-оқибатли.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўғлимга менинг чексиз миннатдорчилигимни етказинг, – дейди отахон шукроналик ва мамнунлик билан. – Биз кексаларга кўрсатаётган ғамхўрликлари, Ўзбекистондаги тинчлик-тотувлик, тўкин-сочинлик учун минг-минг раҳмат. Мана, менинг уйимга, шундоқ ётоқхонам ёнбошига замонавий ҳаммом қуриб беришди. Навбатсиз енгил автомобиль олишим учун ғамхўрлик кўрсатишяпти. Бундан ортиқ  эътибор ва рағбат бўлмайди, болаларим.

Умрининг 95 баҳорини қаршилаган Pажаб бобо Юсупов давлатимиз ғамхўрлигидан беҳад миннатдорлигини айтишдан, бугунги дориломон замонамизга шукроналар қилишдан асло чарчамайдилар. Урушнинг аёвсиз даҳшатларини бошидан кечириб, мустабид тузум даврининг инсон тақдирига отилган тошлари зарбасига матонат билан чидаб, дориломон кунлар гаштини суришдек саодатли онларга етган бобонинг 9 ўғил, 2 нафар қизларининг барчаси тиниб-тинчиб кетишган. Ҳатто бирлари бобо, бирлари момолик мақомига етишиб, бобонинг хонадонидан илдиз отган Юсуповлар, Pажабовларнинг ўзи бугун бир маҳалла бўлишган. Pажаб бобо 100 нафардан ортиқ невара-чевара-ю, эвараларининг баъзан исмларини адаштириб, барчасини "Юлдуз” деб чақирадилар-да, бундан ўзлари ҳам завқланиб кетадилар:

– Бугунги ёшларнинг ҳар бири бир юлдуз, – дейди бобо фахр билан. – Ўзбекистон юлдузлари, тинчлик, фаровонлик, тотувлик юлдузлари! Илоҳим, ана шу юлдузларимиз ҳамиша порлаб турсин, тинчлигимизга кўз тегмасин!

Биз ҳам Pажаб бобо Юсуповнинг тилакларига ошно бўлдик. Илдизи тинчликдан куч олган бу хонадоннинг пир-у бадавлат соҳиби – Pажаб бобо Юсуповга соғлик, куч-қувват тиладик.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

М.ШОМУPОДОВ олган суратлар.

Янгиликни бўлишинг: