"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

Савол беринг, жавоб қайтарамиз

Савол: – Қорақалпоғистон Pеспубликаси Адлия вазирлигида  хўжалик юритувчи субъектларга, энг аввало қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши соҳасига хўжалик шартномаларини  тузишда  ва уларни бажаришда амалий ёрдам кўрсатадиган бўлим ташкил этилганлигини эшитганмиз. Ушбу бўлим ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишни истардик.

Жавоб: – Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг  2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сонли Қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Pеспубликаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга мувофиқ Қорақалпоғистон Pеспубликаси Адлия вазирлигида Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлими ташкил этилди. Бу бўлим хўжалик юритувчи субъектларга шартномаларни, энг аввало қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳасига хўжалик шартномаларини тузишда ва бажаришда амалий ёрдам кўрсатади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг тўлақонли ижросини таъминлаш, тадбиркорларимиз учун янги имконият ва шарт-шароитларни яратиб, ортиқча бюрократик тўсиқ  ва ғовларни бартараф этиш, ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли даромадларини кўпайтиришга ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Мазкур масалалар юзасидан фуқароларимиз Қорақалпоғистон Pеспубликаси Адлия вазирлигининг Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлимига шартномавий-ҳуқуқий масалалар бўйича (0361) 223-34-00 ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, ҳуқуқий ёрдам олиш ҳуқуқига эгадир.

Саволга Қорақалпоғистон Pеспубликаси Адлия вазирлигининг Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлими катта маслаҳатчиси Б.ПИPЖАНОВ жавоб берди.

 

Савол: – Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув қандай тузилади ва алимент тўлаш усуллари ҳамда тартиби ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: – Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида (агар алимент олувчи муомалага лаёқатсиз бўлса, унинг қонуний вакили билан) Ўзбекистон Pеспубликаси Оила Кодексининг 130-моддасига биноан тузилади.

Келишув ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.  Тўланадиган алиментларнинг миқдорини тарафлар шу келишувда белгилайдилар.

Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш тўғрисидаги келишувга биноан тўланадиган алиментнинг миқдори алимент суд тартибида ундирилганда болалар олиши мумкин бўлган миқдордан кам бўлмаслиги керак.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув бўйича алимент тўлаш усуллари ва тартиби шу келишув билан белгиланади.

Алиментлар:

– алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадига нисбатан улушларда;

– вақти-вақтида пул билан тўланадиган қатъий суммада ёки бир йўла пул билан тўланадиган қатъий суммада;

– мол-мулк билан ёки келишувда қайд этилган бошқа усулларда тўланиши мумкин.

Саволга  туман 2-сонли давлат нотариал идораси иш юритувчиси Ш.Атаев жавоб берди.

 

Савол: – Мен 5 йилдан бери мактабда рус тили фанидан дарс бераман. Жорий ўқув йилида мазкур фандан дарс соатлари қисқаргани туфайли аввал 18 соат  дарс берган бўлсам, бу йилдан бошлаб 10 соат беришди. Бу амалдаги меъёрнинг ярми, холос. Бошқа икки нафар ўқитувчи тўлиқ ставкада ишлашяпти. Мактабимиз раҳбари буни менинг улардан  кейин ишга келганим билан изоҳлади. Шу тўғрими?

Жавоб: – Дарс  тақсимоти бўйича юқори ташкилотлар томонидан ҳеч қандай кўрсатма ёки йўриқнома бўлмаганлиги сабабли барча умумтаълим мактабларида ушбу масала муаммоли ҳисобланади. Масалани қисман бўлса-да ҳал қилиш мақсадида туман ХТМФМТТЭ бўлими томонидан 2015 йил  8 августдаги 212/2-сонли хат билан дарс тақсимоти бўйича методик кўрсатма берилди.

Унга кўра, дарс тақсимотида ўқитувчига қуйидаги кўрсаткичлар асосида дарслар берилади:

– маълумоти;

– малака тоифаси;

– ўз фани бўйича чуқур билим ва юқори касбий маҳоратга эга эканлиги;

  АКТ дан саводхонлик даражаси;

  педагогик иш стажи;

– малака ошириш курси ва аттестациядан белгиланган вақтда муваффақиятли ўтганлиги;

– мактаб миқёсида "Яхши муаллим – сифатли таълим” баҳолаш тизимида юқори натижа кўрсатганлиги;

– мактаб миқёсида ўқитувчининг юқори рейтинг кўрсаткичга эга эканлиги;

– методбирлашмага раҳбарлик қилиши;

– "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, "Билимлар беллашуви”, "Фанлар олимпиадаси” ва бошқа кўрик-танловларда ўзи ҳамда ўқувчилари совринли ўрин эгаллаганлиги ҳисобга олинади.

Юқоридаги кўрсаткичлар асосида ким яхши натижаларга эришган бўлса, шу ўқитувчи бошқаларга нисбатан кўпроқ дарс соатлари олиш имкониятига эга.

Саволларга туман ХТМФМТТЭБ мутахассиси P.Матқурбонов жавоб берди. Жавоблар умумий, тавсиявий характерга эга бўлиб, бирор бир масалани ҳал қилишда аниқ ҳужжат

сифатида қўлланилмайди.

Янгиликни бўлишинг: