"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

БАХТДАН МАСPУP КАСБДОШЛАP

Ҳайратга лойиқдир юксак тоғлари,

Болдек мева кони эрур боғлари,

Етиб келди хушнуд, ажиб чоғлари,

Беминнат бергуси ош билан нонни,

Севмасдан бўларми Ўзбекистонни?

Албатта, ҳаммамиз  ҳам ўз туғилиб ўсган юртимизни, яшаётган маконимизни яхши кўрамиз. Умримизнинг кечган жамики сурурли онлари, эришган  ютуқларимиз шу юрт ҳаётига чамбарчас боғлиқлигини сидқидилдан ҳис қиламиз. Бироқ юқоридаги сатрларда ифодаланганидай, кўнгил кечинмаларини оддийгина сўзлар орқали ҳаммага тушунарли, содда, самимий тарзда юксак маҳорат билан ифодалай олиш ҳамма ижодкорга ҳам насиб қилавермайди, "Беминнат бергуси ош билан нонни” каби юрак-юрагимизнинг нозик торларини черта олиш, кўнгилда бир ажиб ҳисларни уйғота олишдек бахт камдан-кам инсонларга насиб этади.

Қарийб 42 йилдан зиёд матбуот соҳасида меҳнат қилган таниқли ижодкор, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист Саъдулла Хўжаниёзов ана шундай улуғ саодатга эришган инсон.

У 1942 йил 20 апрелда "Дўрман” овулида дунёга келди. Ўрта мактабни тугатиб, ҳарбий хизмат бурчини ўтаб қайтди. Ўқувчилик даврларида ҳам, қисқа муддатли тракторчилар тайёрлаш курсида ўқиб, ўз овулида тракторчи бўлиб ишлаш баробарида ҳам туман газетасида ўз шеърлари, мақолалари билан қатнашиб турди.

Аскарлик чоғларида ўзи хизмат қилган қўмондонлик нашри – "На боевом посту” газетасида мақолалари, шеърлари мунтазам ёритилиб турди.

Унинг илк ижод намуналари таҳририят ходимларига маъқул келганлиги учун бир куни газетанинг ўша вақтдаги муҳаррири Собир Юсупов (Худо раҳматига олган бўлсин!) уни ишга таклиф қилиб, чақиради.

Газета ишига, ижодга бўлган қизиқиш ёш, ғайратли йигитнинг тақдирини матбуот билан боғлади, 1966 йилнинг бошидан "Амударё ҳақиқати” газетасининг махсус мухбири бўлиб ишлай бошлади. Ишдан ажралмаган ҳолда ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетини сиртдан ўқиб тугатди. 1970-1979 йилларда туман радиосининг муҳаррири, 1979 йилдан "Амударё ҳақиқати” газетаси бўлим мудири, масъул котиб, муҳаррир ўринбосари лавозимларида хизмат вазифасини сидқидилдан адо этиш билан бир қаторда таҳририят қошида "Гулшан”, туман радиосида ишлаган вақтларида "Тўлқин” адабий тўгаракларини ташкил этди ва раҳбарлик қилди. Мазкур тўгараклар ўша вақтларда кўплаб ёш иқтидорли ижодкорларни бирлаштириб,  уларнинг ижодини юксалтиришга беғараз кўмак берди, туманда соғлом маънавий муҳитнинг барқарор бўлишига сезиларли таъсир этди. Тўгарак машғулотлари таъсирида газета ишига меҳри уйғониб, тажриба ўрганиб, ўзи билан бир сафда меҳнат қилган тўгарак аъзолари Алламберган Жуманиёзов, Қобул Шомуродов, Мадраим Қурбонов, Гулнора Юсупова, Сафарбой Давлатбоев, Зебо Pажабова, Норбой Тўрабоевлар Саъдулла Хўжаниёзов номини ўзгача меҳр билан тилга оладилар.

Шунингдек, тўгаракнинг фаол қатнашчилари орасидан Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий Университети ўқитувчиси Турсунбой Султонов, педагогика фанлари доктори, профессор Сафо Матчоновларнинг ҳам илк истеъдоди  "Амударё ҳақиқати” газетасида ишлаш жараёнида шаклланган ва улкан адабий муҳитга парвоз майдончаси вазифасини ўтаган.

Саъдулла  ака ўзининг мақолалари билан туманимиз ҳаётига оид кўплаб муаммо ва камчиликларга умум эътиборини қаратди, ижобий ҳал этилишига фидойилик қилди, туманимиз ҳаётида ўз ўрнига эга бўлди.

Мен 1985 йил бошидан серқирра ижодкор, камчиликларга исёнкор журналист, тўғрисўз ва  ёшларга талабчан устоз Саъдулла ака Хўжаниёзов билан бирга ишлаш, у кишининг сабоқларини ўрганиш (тарбиясини олиш десам ҳам хато бўлмас) насиб этган инсонларнинг бириман.

Мен таҳририятда иш бошлаган кезларимда устоз масъул котиб вазифасида эди. Одатда адабий ходимларнинг тайёрлаган материаллари машинкада терилиб, ҳарф хатолари тузатилиб, масъул котибга берилар, масъул котиб бу материаллар талабга жавоб берса, шундайлигича, зарур ҳолларда айрим таҳрирлар билан босмахонага матн теришга берар, нолойиқ бўлса, қайта ишлашга ҳам буюрар, қўрғошинда терилган материалларни  эса саҳифалашга, газета дизайнига жавобгар шахс, аниқроқ қилиб айтганда, таҳририятнинг юраги эди.

Саъдулла ака мақолаларни ишлашимиздан тортиб, то бир неча варақли бўлса, чиройли тахлаб олиб боришимизгача, иш столимизнинг қандай туришигача эътибор берар, кўнглимизга оғир ботмайдиган танбеҳлари билан айбимизни тўғрилатарди. Ўша вақтларда эрталабки бошлаган ишимиз баъзан ярим кеча, баъзан тонггача ҳам давом этар, шундай дамларда ҳам устоз ҳеч оғринмас, чарчадим демас, мен тенгиларга "сизлар яхши даврларда ишлаяпсизлар, мен иш бошлаган вақтимда линотип машинаси ҳам йўқ, материаллар бир ҳарфлаб қўлда териларди”, дея таскин берарди.

Шунданми, биз Pобия Йўлдошева, Pоза Орзибоева, Мансур Аҳмедов (Худо  раҳмат қилсин!) кейинчалик Озода Худойбергановалар бир сафда газета ишининг не бир машаққатларига ҳам "ғинг” демай, қайтанга касбимиздан фахрланиб ишлайвердик.

Бугун Саъдулла ака Хўжаниёзов нафақада бўлса-да, у ижодкорлар билан ҳамон  ҳамнафас, ҳаммаслак. "Жайхун илҳомлари” ННТнинг фаол аъзоси сифатида гоҳ ёш ижодкорларнинг учрашувини, гоҳ фахрий журналистларнинг адабий кечаларини ташкил этиш ташвиши билан юради, адабий жараёндан қўл узмайди, бугунги кунда шогирдларининг эришаётган ютуқлари, туманда бир йўла 5 та оммавий ахборот воситалари фаолияти самарали йўлга қўйилганидан фахрланиб юради, дуо қилишдан чарчамайди.

Саъдулла Хўжаниёзов оилавий ҳаётда ҳам ибратли, бахтиёр инсон. У таҳририятга ишга келгач, шу ерда аввал котиба, кейинчалик корректор бўлиб ишлаган Янгилжон Ҳамроева билан турмуш қурди, уч ўғил, уч қизни камолга етказиб, уйли-жойли қилди. Уларнинг бири ўқитувчи, бири тадбиркор бўлиб, элга хизмат қилишаяпти. Меҳри – ардоғида улғайтирган невараларининг ҳозир 4 нафари талаба. Уларнинг камолидан, эъзозидан роҳат-фароғатда яшаётган устозимиз Саъдулла  ака 75 ёшни, унинг умр ҳамдами, касбдоши Янгилжон опа 70 ёшни қарши олди.

Ҳамкасбларимизни ҳаётидаги ана шу қувончли  сана билан қутлашга келган қариндошлари, ёр-дўстлари, шогирдлари уларга  чинданда ҳавас қилди. Илоҳим, етаклашиб юриб, яна шунча умр кўринг, дея дуо қилишди, ҳаётда топганларига шукроналик уфуриб турган, ўз ҳаётий хулосаларини ифода этган "Тўрт томирда жўш урган туғён” ва "Ҳаёт ҳадялари” каби  шеърий тўпламлари кўп бўлишини тилашди.

Саъдулла ака Хўжаниёзов  ва Янгилжон опа Ҳамроевалар каби қўша қаримоқ, фарзандлар, невара-чеваралар ардоғида яшамоқ бахти барчага ҳам насиб этсин!

Ойгул PАЖАБОВА.
Янгиликни бўлишинг: