"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

ХОТИPА ВА ҚАДPЛАШ – МУҚАДДАС ИШ

Хотира – муқаддас туйғу. У авлодларни авлодларга боғлаб турувчи муқаддас ришта, ўтмишимиздан, кечаги кунимиздан сабоқ бериб турувчи ва келгуси ҳаётимизни тўғри белгилашга ўргатувчи маънавий устоздир.

Шу боисдан ҳам мамлакатимизда ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини нишонлашга улкан эътибор қаратилади, муносиб  тарзда ўтказилади. Чунки мамлакатимизда бугунгидек тинч, осуда ва фаровон турмуш тарзи бунёд бўлмоғи учун жонини фидо қилган инсонларнинг буюк хизматларини унутишга асло ҳаққимиз йўқ.

Шу боисдан ҳам Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги "Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорини бутун халқимиз қувонч билан қарши олди.

Қарорда мазкур байрамни нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни муносиб тарзда нишонлаш чора-тадбирлари белгилаб берилган. Қарордаги 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт-орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзоларига, моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, ташкилот ва ҳарбий қисмлар вакиллари бириктирилиши ҳамда ушбу  тоифадаги шахсларни қутлаш ва кўнглини кўтариш мақсадида уларнинг яшаш жойига раҳбарлар ташрифини ташкил этиш лозимлиги кўрсатиб ўтилганлиги, айниқса, барчага манзур бўлди. Чунки бундай эътибор уларнинг кўнглига мадад бўлади.

Мен меҳнат қилаётган 3-сонли Амударё академик лицейида ҳам ҳар  йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланади. Ҳар йили туманимизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари билан ўқувчиларимизнинг учрашувларини ўтказамиз, уларнинг уруш ҳақидаги хотираларини тинглаймиз. Совға-саломлар билан кўнглини кўтариб, дуосини оламиз. Ўқувчиларимиз гуруҳ раҳбари бошчилигида лицейга келиш имконияти бўлмаган уруш фахрийларининг уйларига бориб, уларни байрам билан қутлаб, совға-саломлар тақдим этадилар. Зарур ҳолларда уй-жойлари атрофини ободонлаштиришга кўмаклашадилар.

Шубҳасиз, бундай учрашувлар ўқувчиларимизни бугунгидай дориломон кунларимиз қадрига етишга, қалбида ватанпарварлик туйғуларини тарбиялашга хизмат қилади.

Омонжон Тожибоева,

Амударё академик лицейи ўқитувчиси.

(Фото - shosh.uz)

Янгиликни бўлишинг: