"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8455.37 +3.63
  • 1 EUR = 9554.57 +76.63
  • 1 RUB = 131.53 +1.63

УЗЛУКСИЗ ЭЛЕКТP ТАЪМИНОТИ – ТАPАҚҚИЁТ ГАPОВИ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Pеспубликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш режалаштирилган.

Ушбу вазифани бажариш учун янги электр энергия ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш, паст кучланишли электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини янгилаш асосида аҳолини электр энергияси ҳамда бошқа ёқилғи-энергия ресурслари билан таъминлашни яхшилаш, шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш устувор вазифалардан бири деб белгиланди.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги мавжуд электр станцияларининг жами қуввати 14,1 ГВт бўлиб, электр энергиясининг 96 фоизи "Ўзбек-энерго” АЖга қарашли бўлган 10 та иссиқлик электр ва 29 та гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилмоқда.

"Ўзбекэнерго” АЖ га қарашли қувватлар асосан ўтган асрнинг 60- ва 80-йилларида ишга туширилган бўлиб, маънан ва жисмонан эскирган. Тармоқда ишлатилаётган ускуналарнинг 60 фоизидан ортиқ қисми ўз ишлаш муддатини тўлиқ ўтаб бўлганлиги сабабли электр энергиясининг  12,1 фоиз қисми исроф бўлмоқда.

Мамлакатда энергетик ресурсларга эҳтиёж тобора ортиб бораётгани  электр энергияси ҳосил қилишда қўлланиладиган бирламчи энергоресурслар, хусусан табиий газ сарфининг ортишига олиб келмоқда. Холбуки, электр энергияси ишлаб чиқариш учун сарфланувчи бирламчи ресурснинг 84 фоиз қисми табиий газ, 1 фоиз қисми нефть маҳсулотлари, 10 фоиз қисми гидро ресурслар ва 5 фоиз қисми кўмир ҳисобига тўғри келмоқда.

Мавжуд энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини амалиётга кенг жорий этишга мутахассислар ҳисобига кўра 11,0 млрд. АҚШ доллари талаб этилади. Бунинг натижасида табиий газнинг тежалиши ҳисобига харажатлар 7-8 йилда ўзини тўлиқ қоплайди.

Ушбу ишларни амалга оширишда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш муҳим ахамиятга эга.

Маълумки, 2015 йилда иқтисодиёт тармоқларида энергия нобудгарчилигини камайтириш ва тежамкорлигини таъминлаш мақсадида "Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришлар киритилди.

Айни вақтда 2017-2021 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури амалга оширилмоқда. Ҳужжатда сотилаётган маиший электр ускуналари, янгидан қурилаётган бино ва иншоотларни энергетик маркалаш ва сертификатлаш, саноат ва ижтимоий объектларни технологик жараёнларни рационализациялаш базасида модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини фақатгина энергетик самарадор ва энергиятежамкор технологиялар асосида барпо этиш, янги турар жой ва маъмурий биноларни қуриш ва реконструкция қилишда энергия самарадорлигини таъминлаш, қайта тикланувчан энергия манбаларини босқичма-босқич жорий этиш, шунингдек, энергиятежамкор қурилмалар, ускуналар ва материаллар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, уларни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий секторда кенг қўллаш кўзда тутилган.

Бу ишларнинг амалга оширилиши халқимиз турмуш фаровонлигининг янада юксалишига, иқтисодиётимиз ривожи ва малакатимиз тараққиётига хизмат қилади.

Қутлимурат БАБАШЕВ,

Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

(Фото - http://pressnews.uz)

Янгиликни бўлишинг: