"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

КИТОБГА СОДИҚ ЁШЛАP

XXI асрга келиб компьютер технологиялари бутун жаҳонни забт  этди. Ҳаётимизга кириб келган бу оламшумул янгилик туфайли янги асримиз "Компьютер асри” деб атала  бошланди.

Яширадиган жойи йўқ, бу янгилик  маълум даражада "Китобхонлик” деб аталмиш удумларимизга ўз соясини солди.

Ёшларнинг интернет дунёсига кириб, китоб ўқишдан тобора узоқлашиб бораётганидан ташвишга тушган юртдошларимиз матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар қилиб, фарзандларимизни глобаллашув даври чалкашликларидан халос қилиб, уларни яна китоб дунёсига  қайтиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Биз журналистлар ҳам бу  ташвишдан йироқ эмасмиз. Шу боисдан ҳам "Тараққиёт кўзгуси” ва "Менинг оилам” газеталари, amunews.uz  веб-сайти, "Жайхун садоси” интернет-радиоси таҳририятлари ҳамда "Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ўтказилаётган  тадбирларда албатта, ёшларнинг китоб мутолааси билан нечоғлик банд эканликлари билан қизиқдик.

Бизнинг "Бадиий китоб ўқийсизми?” дея берган саволимизга уларнинг кўпчилиги "Ҳа!” – дея дадил жавоб беришди ва ўқиган китобларини номма-ном айтиб беришга ҳаракат қилдилар.

Фикримизнинг исботи сифатида таҳририятимизга ташриф буюрган ёшларнинг бу борадаги фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Азизахон МАЛИКОВА,

Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:

– Китоб бизга билмаганларимизни ўргатади, сабоқ беради, шу билан бирга бизга содиқ дўст бўлади.

Китоб ўқиш маънавиятни бойитади. Инсонлар китобни севиб, кўп асрлардан буён мутолаа қилиб келишади. Лекин атрофимизга назар солсак, ҳозирги кунда китобга эътибор камайиб бораётгандек. Нега шундай? Нима учун одамлар китобдан зерикаяпти? Китоб ўқиш учун вақт ажратмаяпти? Нима учун вақтини бекорчи нарсаларга сарфлаяпти?

Биз буни чуқур ўйлаб қарайдиган бўлсак, дунёни қамраб олган интернет, компьютер асри бунга асосий сабаб бўлмоқда. Тўғри, ривожланиш компьютер, интернетдан кенг фойдаланиш, дунё билан ахборот алмашиш туфайли юзага келади. Бу албатта оғиримизни енгил қилади, яхши, тез ва самарали натижалар беради. Лекин  буларни ўйлаб китобдан воз кечиш мутлақо нотўғри! Китобни электрон тарзда ҳам ўқиш мумкин. Лекин бу ҳақиқий китобникичалик завқ бера олмайди.

Азиза ЎPОЗБОЕВА, 32-сонли мактаб ўқувчиси, "Ораста қизлар” тўгараги аъзоси:

– "Китоб – билим булоғи”, дeб бeжизга айтишмаган доно халқимиз. Ҳа, албатта, китоб – бизнинг энг яқин дўстимиздир. Биз ундан илм оламиз, тарбия оламиз. Эзгуликни, миллий қадриятларни, Ватанга муҳаббатни, ота-онага ҳурматни, фидойиликни, ҳалолликни ўрганамиз. Биз китоб ўқиганда мутолаа маданиятига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Яъни, ўзимизнинг ёшимизга мос бўлган, нурли кeлажакка чорлайдиган, мақсадларимизга "қанот” бeрадиган китобларни саралаб олиб ўқишимиз кeрак. Бадиий китобларни қанчалик кўп ўқисак, бизнинг фикрлаш қобилиятимиз, дунёқарашимиз шунчалик бой бўлади.

Алишeр Навоий, Фарғоний, Бeруний, Ибн Сино, Улуғбeк каби боболаримиз биз авлодларга жуда катта маънавий мeрос қолдириб кeтишган. Аждодларимиз мeросини нафақат ўзбeк халқи, балки дунё бўйлаб барча халқлар сeвиб мутолаа қилади, қадрлайди. Биз ҳам ана шундай аждодларимиз каби маънавий бой, юртимизни дунёга танитадиган ҳақиқий юрт фарзанди бўлишимиз кeрак. Биз мутолаа маданиятига эътибор қаратган ҳолда, иложи борича кўпроқ китоблар ўқишимиз ва албатта, уйимизда кичкина кутубхона ташкил этишимиз кeрак. Буюк аждодларимиз мeроси жой олган кутубхонамиз йиллар ўтса ҳам ўз қадрини йўқотмайди. Мана шу китоблардан олган билим ва кўникмаларимиз эвазига келажакда Ватанимизга нафимиз тeгадиган бир комил инсон бўлиб eтишишимиз шарт. Чунки Ватанимиз кeлажаги биз ёшларнинг қўлимиздадир.

Ёрқиной КЕНЖАБОЕВА, 11-сонли мактаб ўқувчиси:

– Опам еттинчи синфда, мен учинчи синфда таълим оламиз. Опам иккаламиз мактаб кутубхонасидаги ёшимизга мос китоб, журналларни деярли ўқиб чиқдик. Уйда ҳам кичик кутубхонамиз бор. Китоб жавонида бадиий асарлар, эртак китоблар, газета-журналлар ва бошқа китоблар анча. Ота-онамиз совға тариқасида эртак китоб ва болаларга оид китоблар олиб келиб берганлар.

– Ҳар бир ўқиган китоб учун мукофот бор, – деди бир куни онам. Онамнинг  гапини дадам ҳам маъқуллади.

– Кўп ўқисаларинг келажагингиз порлоқ бўлади, – дедилар.

Опам китоб жавонидан "Эл деса Навоийни” – ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳақидаги ривоятлар китобини танлади. Мен эса  китоб жавонига кўз югуртирганча анча вақт китоб танлай олмай туриб қолдим. Мақсадим – кичик ҳажмдаги китоб танлаб, тез ўқиб, мукофотни қўлга киритиш эди-да. С.Бекчанова, Н.Алламбергеноваларнинг "Адабиёт дарсларида матнни шарҳлаш” китобини танладим. Китобни шундай очсам, "Аллоҳ яхши ниятларингизни ижобат қилсин! Муаллиф” деган дастхат билан онамга совға қилинган китоб экан. Қизиқиб қолдим. Бу китоб адабиёт  фани олдига қўйилган вазифалар ҳақида экан. Кичик ҳикоялар, мақоллар, шеърлар айтиб, ўқувчиларни адабиёт фанига қизиқтириш каби вазифалар тўғрисида экан. Биз онам ишдан келгач, ўқиганларимизни гапириб бердик. Улар қолдириб кетган жойларимизни тўлдириб, роса мақтаб, эркалаб қўйдилар. Дадам ишдан келгач, биз ҳақимизда хурсанд бўлиб гапириб бердилар. Биз ҳам севиндик. Биз дадамдан китоб дўконидан бадиий асарлар олиб беришини сўрадик. Улар китоб дўконига ўзларимизни олиб боришга ваъда бердилар. Бизлар ҳар биримиз ўз  китоб жавонимизни ташкил қилишни ўйлаб қўйдик.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА ёзиб олди.

(Фото - http://www.uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: