"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8562.34 +26.26
  • 1 EUR = 9731.96 +165.00
  • 1 RUB = 135.34 +2.43

ЙЎЛДА (Кичик ҳикоя)

Куз фаслининг илк кунлари, мева-чевалар сероб, мўл-кўлчилик. Кўнглингиз тусаган нарсалар бозордан топиладиган вақт. Олма, шафтоли, анжир ҳидлари кўнглингизга ҳузур бағишлаб, кайфиятингизни кўтариб юборади.

Зебо бугун бозорга бориш учун катта йўлга чиқди. Йўловчи машиналар ва таксилар ҳам аксига олиб, ҳадеганда тўхтай демасди. У бекатда анча вақт машина кутиб туриб қолди. Хайрият, бир йўловчи машина унинг яқинига келиб тўхтади. Зебо шоша-пиша ҳайдовчига салом бериб, машинага ўтирди. Машина ичида ҳеч ким йўқ эди. Ҳайдовчи дабдурустдан:

– Яхшимисиз, Зебохон, агар вақтингиз бўлса, шаҳарни бир сайр қилдириб келсам, – деди-ю жавоб ҳам кутмай газни босди. Машина елдек учди.

Ҳеч нарсага тушунмаган Зебо:

– Тўхтатинг, машинани! – деди овози титраб. – Шу ерда қоламан, бу нимаси, мени ким деб ўйлаяпсиз? Жаҳл аралаш гапирди у.

Машина қаттиқ тормоз бериб тўхтади. Зебо эшикни зарда билан очди-ю, машинадан тушар-тушмас:

– Инсофсиз, бир эмас, учта фарзандим бор. Имонсиз банда, – деди-ю манзилга етмай, ярим йўлда машинадан тушиб қолди.

– Астағфируллоҳ, қанақа одам бу? – Зебонинг юрак уриши ўзига аниқ эшитилиб турар эди.

Манзилга етмаганлиги учун у яёв кета бошлади.

– Аблаҳ, турқига ҳам қарашга улгурмаган эканман. Таниб олиб шармандасини чиқаришим керак эди. Оиласи, болалари бордир? – Зебо ўзи билан-ўзи гаплашиб борарди. – Ёки мен кўча аёлларига ўхшайманми? Ёки мени танишига ўхшатганмикан? Исмимни ҳам айтди-я. – Ўз хаёли билан бўлиб манзилга етганини  ҳам сезмай қолди у. Негадир бувисининг гапларини эслади:

– Ҳаром аралашган ерда файз-барака бўлмайди. Ўғил-қизингдан роҳат кўрмайсан. Фарзандларинг сени ҳурмат қилмайди. Тў-ю маъракаларда одамлар бармоғини бигиз қилиб кўрсатадилар. Эркаклар устингдан куладилар. Оилангдан барака қочади. Ҳаётингга ҳаром аралашса, наслингнинг бузилгани, кейинги авлодлар виждонсиз, оқибатсиз, диёнатсиз бўлиб дунёга келадилар. Икки қулоқларингиз билан эшитиб олинглар, ҳеч қачон сизларга мансаб, дур-у жавоҳирлар инъом этса ҳамки, эркаклар найрангига учманглар, эҳтиёт бўлинглар, қизларим...

Зебонинг кўз ўнгида меҳрибон бувижониси гавдаланди. Pаҳматли бувисини хотирлаб, юзига фотиҳа тортди, негадир кўнглига хотиржамлик инди, оёғи енгиллашиб, бозорга, оломон орасига дадил кириб борди. Хариди ҳам унумли бўлди.

 

Зуҳра АҲМЕДОВА.

ЎГИТ...

Шаҳарда яшовчи ўғлиникидан қишлоғига қайтаётган Гулбаҳор ая йўловчи машинага чиқди. 

– Шофёр ака, машинани тезроқ ҳайданг, – деди ўттиз беш ёшлар чамасидаги йўловчи йигит.

– Ҳайдовчини қистама, ярим соат кеч  борганингнинг зиёни йўқ, – деди Гулбаҳор ая.

– Эҳ момо, ота-онамни кўрмаганимга, юртимга бормаганимга тўрт йил  бўлди.

– Болам, узоқдамидинг?

– Мен асли Гурланданман. Оила қурганимдан кейин Хўжайли шаҳрига кўчиб кетдим. У ёқда деҳқончилик қиламан, шоли экаман. Оила ташвишлари билан бўлиб, туғилган еримга тўрт йилдан бери бора олмадим.

– Шунча йилдан бери бир қадам ерда яшаб, ота-онангни, туғишганларингни кўрмадингми? – ҳайрон бўлди ая.

– Йўқ, фақат мен келолмадим. Ота-онам бир-икки марта боришди уйимга. Телефонда гаплашиб турамиз.

– Қариндош-уруғ, дўстларингни кўргинг келмайдими? – гапга аралашди ҳайдовчи.

– Хўжайлида дўстларим кўп. Кўчиб кетганимиздан кейин бир  марта келгандим. Икки юз минг сўм пулим кетди.

– Пулни жуда яхши кўраркансан. Пул топилади, ёшликдаги дўстлар топилмайди, – деди ҳайдовчи норози оҳангда.

– Болам, унча узоққа кўчмабсан, оиланг учун жон куйдираётган экансан, бу жуда тўғри. Лекин ота-она – омонат. Вақти келганда уларни кўзингга сурма қилиб суртишга ҳам топаолмайсан. Менинг онам 83 ёш умр кўриб, дунёдан ўтди. Мен уни ҳамон соғинаман, кўргим келади. Сен эса бир қадам жойда туриб, ота-онангни кўргани қишлоғингга тўрт йилдан бери бормабсан-а. "Тирикликда айламасанг ёд, ўлгандан сўнг қилмагил фарёд”, дейишган. Ота-онангни тириклигида сийлаб меҳр кўрсат, кейин кеч бўлади...

Йўловчи йигитнинг кўзларида меҳр, соғинч ёшлари айланди.

Гулнора Юсупова.

Янгиликни бўлишинг: