"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Савол беринг, жавоб қайтарамиз

Савол: – Туман бўйича жорий йилнинг ўтган даври мобайнида нечта ёнғин қайд қилинди. Бундай нохуш ҳодисаларнинг келиб чиқишига асосан нималар сабабчи бўлмоқда?

Жавоб: – 2017 йилнинг шу кунигача туманимизда 14 ёнғин қайд этилди. Содир бўлган ёнғинларнинг келиб чиқиши сабабларини тахлил қилганимизда, асосий қисми фуқароларимизнинг уйи атрофида чиқинди ва ўт-чўпларни ёқиб, қаровсиз қолдириши, электр симларининг қисқа туташувидан, маиший электр асбоб-ускуналарини ишлатишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилишидан, болаларнинг олов билан ўйнашлари натижасида, оловдан фойдаланишдаги эҳтиётсизликдан, иситиш печи ва қозонлари мўриларининг носозлигидан, электр симларининг қисқа туташувидан, яроқсиз газ ускуналарини ишлатиш ва автотранспортлардаги носозликлардан келиб чиққан. Шунинг учун оловдан тўғри фойдаланиш чора-тадбирларини яна бир бор эслатиб ўтишга тўғри келади: уй-жойларни тўғри лойиҳалаш, қуриш, монтаж қилиш, газ ва электр жиҳозлардан мазкур қоидаларга амал қилган холда эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, шунингдек, турар жойларда нефть маҳсулотларини кўп миқдорда сақламаслик турар жойларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашда асосий омиллар бўлиб ҳисобланади.

Саволга туман ИИБ ЁХБ бошлиғи,  майор Ҳамро Матяқубов жавоб берди.

 

Савол: – Сувдан фойдаланувчиларга белгиланган лимитдан ортиқ сув сарфи учун жарима солинади, деб эшитдим. Шу гап ростми?

Жавоб: – Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари қишлоқ хўжалиги, балиқчилик хўжалиги, саноат, энергетика ва коммунал-маиший эҳтиёжлар учун лимитдан ортиқча олинган ҳар минг кубометр сув учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг (149 775 сўм) 10 фоизи миқдорида жарима жазосига тортиладилар. Бундан ташқари, сув олишга рухсат этилмаган жойдан сув олганлик, сувни ўзбошимчалик билан эгаллаганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида, агар бир йил давомида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби такроран бузилган тақдирда "Ўзбекистон Pеспубликасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 60-бандига мувофиқ жарима жазоси энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида қўлланилади.

Савол: – Гиёҳванд моддаларга муккасидан кетиш қандай оқибатларга олиб келади?

Жавоб: – Гиёҳвандлик (наркомания) – юнонча "нарке” – карахтлик ва "мания” – телбалик, жаҳл деганидир.

Ушбу иллатга ружу қўйган одам наркотик моддаларни қайта-қайта ва кўп миқдорда истеъмол қилгиси келаверади. Бора-бора ушбу моддани истеъмол қилмаса туролмайдиган бўлиб қолади. Шу тарзда гиёҳванд тўдаларнинг сафи тобора кенгайиб бораверади. Бошда улар томонидан берилган моддий рағбатлар (гиёҳванд моддаларни бепул бериш ва шунга ўхшаган) натижасида, айниқса, ёшларнинг бу йўлга кириб қолиши унчалик мураккаб кечмайди. Ҳаммаси англанганда эса, бангилик вужудга келиб улгурган бўлади. Бу эса инсонни охир-оқибат тубанликка олиб келади. Гиёҳванд модда қабул қилган киши кўп вақт ўтмасдан унинг қулига айланади.

Бу заҳри қотилнинг хумори тутиб, одам талвасага тушган пайтида бир неча грамм қора дори эвазига ёки бир лаҳза бўлса-да, роҳатланиш учун ҳар қандай тубанликка тайёр туради. Ҳатто, энг оғир кўринишдаги пасткашликка ҳам.

Гиёҳванд моддаларга муккасидан кетиш қуйидаги оқибатларга олиб келади: талончилик, ўғрилик, фирибгарлик, барбод бўлган оила қисмати, мажруҳ фарзандлар, беҳаёлик, жиноят, қотиллик ва… ЎЛИМ!

Гиёҳвандлик кўчасига кириб қолиш кишиларда турли хилда кечади. Баъзилар тўқликка шўхлик қилса, бошқалар ўзи билмаган ҳолда алдовлар натижасида унинг қурбонига айланади. Ушбу иллатга ружу қўйганларнинг, айниқса, ёшларнинг бу ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги муҳит ёки беэътиборлик сабаб бўлади. Ёшларнинг бўш вақтини бекор ўтказиши, ота-оналарнинг фарзандини ҳаддан ташқари эркалатиши ва улар тарбиясига бепарволиги юқорида келтирилган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Саволга  туман 2-сонли давлат нотариал идораси иш юритувчиси Ш.Атаев жавоб берди.

 

Савол: "Ягона дарча” марказлари орқали олиш мумкин бўлган рухсатнома ва лицензиялар турлари кўпайди, шунингдек, уларни қоғоз шаклида мажбурий расмийлаштириш талаби бекор қилинди, деб эшитдим. Шу гап ростми?

Жавоб: – Президентимизнинг 2017 йил 1 февраль кунги "Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан амалдагига қўшимча равишда яна 86 та (шундан 18 таси 2017 йилда, қолган 68 таси 2019-2020 йилларга мўлжалланган) турдаги лицензия ва рухсатномаларни "Ягона дарча” марказлари орқали расмийлаштириш механизмини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган.

Қарорда 2017 йилнинг I чорагида "Лицензия” ахборот тизимлари комплексини яратиш ва ишга тушириш белгиланган. Мазкур тизимда "Ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат берувчи ҳужжатлар ва лицензиялар олиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш, тадбиркорлар учун қулай шаклда рухсатнома ва лицензиялар олиш тартиби ва муддатлари ҳақидаги маълумотлардан масофадан туриб фойдаланиш мумкин бўлади.

Тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, шунингдек амал қилиши тугатилган рухсатнома ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни "Лицензия” ахборот тизимлари комплекси доирасида олиш имкониятини яратиш йўли билан "Ягона дарча” марказлари орқали қоғоз шаклида бериладиган махсус бланкалардаги рухсатнома ва лицензияларни мажбурий расмийлаштириш талаби 2018 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинади.

Саволга Қорақалпоғистон Pеспубликаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Элмурод ТУPСУНОВ жавоб берди.


Янгиликни бўлишинг: