"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

“ИХТИPОЧИЛАP”

Ҳикоя

(Бўл(ма)ган воқеа)

Мўъжазгина Хитой қишлoғининг турфа феълли одамлари кўп, уларнинг ҳангомаларини китоб қилса, бир жавон тўлар.

Очилбойни ҳамқишлоқлари «ижодкор ихтирочи» деб ҳам аташади. У кўп янгиликлар яратган: баъзан кулгига қолса, баъзи янгиликлари ҳаётда асқотиб, иш бериб турибди. Мотоцикл моторидан фойдаланиб, томни суваш учун лой тўла челакни том бошига чиқарадиган "мотокран” ишлаган ҳам шу Очилбойда. Ҳозир Хитой, Кореядан келтирилаётган ер ҳайдайдиган агрегатларни Очилбой бундан ўн беш йил олдин ўйлаб топган. Фақат бир айби бор, то моторни ўчирмагунча, тўхтамай ишлайвергани учун фалокатга йўлиқишига оз қолган. Овулда тинмай чироқ(свет) ўчавергани учун Мурод телемастер билан иккаласи машина аккумуляторидан 220 вольт ток чиқарувчи аппаратни ўйлаб, тузатишган. Эски телевизорларнинг эҳтиёт қисмларидан катта аккумулятор қутисига жойлаштириб, ясаган асбоби билан ҳаммани қойил қолдиришган. Энди кореяликлар унинг ихчам кўринишидагиларини уйиб ташлашди.

Ана шу Очилбой Мурод жўраси билан қуёшламада эриниб ўтирганида бири-бирига балиққа боришни таклиф қилиб колди.

– Балиққа борамиз.

– Э, қўй, унинг машаққати қанча?

– Ҳеч машаққати йўқ, каллани ишлатсанг, бўлди. Осон йўли бор.

– Қандай йўли?

– Мана, ток кучайтиргичимиз бор. Сув бўйига борасан, икки симни туширасан, аккумуляторга буни улайсан, ток урдириб, балиқларни териб олаверасан, эринмасанг бўлди.

Очилбойнинг қатъияти азалдан балиқхумор Муроднинг эринчоқлигини енга бошлади. Лекин барибир эътироз билдирди:

– Ток кучайтиргични кеча акам олиб кетганди, телевизорда бокс мусобақаси кўрсатилар экан, бугун сўрасак бўлмайди-да. – Очил жўрасининг эриганидан хурсанд бўлиб кетди, тиззалари билан ерга, "Овчилар” картинасидаги лофчи овчига ўхшаб ўтириб, икки қўлини баравар силкитиб:

– Движок бор, движок яхши эмасми!? – деди oғзини тўлдириб.

– Бўлаверади.

– Кетдик. – Икки ўртоқ проводаларни керагича шайлашди.

– Мотоциклга бензин керак, литри фалон сўм, - яна oёғи тортмагандай, сўзланди Мурод. – Бундан ташқари, ток урдириб, тутгудай балиқ борми ҳозирлари. Бу "невидимка” тур дегани чавоқлигида қириб бўлди-ку, балиқларни.

– Бор, – жўраси айниб қолишидан қўрқиб, тезлашди Очилбой, – Бор ерини мен биламан. Катта зовурнинг ёқасидаги чунгулни Нурбек чиқмас мўлдаклаб, балиқхона қилиб қўйибди. Бир одамни яқинлаштирмайди. Ўзи ҳам тутмайди, қўлидан келмайди-да. Очилбой овозини пасайтириб, Муроднинг қулоғига яқинроқ келиб давом этди: – У ерга мотоциклда ҳам бориб бўлмайди. Нурбекка билдирмай, эшакда борамиз. Ана, қўшнимиз Комилнинг эшагини сўраймиз. Молларига ўт олиб, намозгарда уйига келади, биз икки соатга қолмай, бориб келамиз. "Какрас” Нурбек шу пайтда уйида молларини жойлаштираётган бўлади… "Тар-р-р” эттирамиз-у, балиқни олиб, жўнаб қоламиз.

Мурод Очилбойга "чекист бўлиб кет-э”, дегандай мийиғида кулиб қараб қўйди.

Балиқ ваъда қилиб, Комилнинг эшагини олишди. Иккови мингашиб, "Тигр”ни ўртага қўйиб, шошилинч йўлга тушдилар. Очилбой чўлпи (човли) олволди. Балиқ ток урганда қалқиб чиқса, сувга тушиб, пешалаб юрасанми? Чўлпи билан илиб, қирғоққа қоқиб ташлайверасан! Шокир бензинчининг ёнида гурунг сотиб ўтирган Шариф алкаш уларга қичқирди:

– Ҳа, балиққами? Мен ҳам "омад!” - деб ўтираман, бир шўрвалик ташлаб кетарсизлар!

– Ҳе, каллангни, айтмадимми сенга, чўлпини гижинглатаверма, яшириброқ ўтир, деб – тўнғиллади Мурод Шарифга терс қараб. – Ана, олдимизни кесди-да!..

– Қаерга яширасан, уп-узун дастаси билан!? Ҳа, не... кўрса-кўрар-да, - деди Очил қўрс оҳангда.

– Олдимизни кесди. Энди балиқ бўладими?! Балиқ деганга ҳеч кимга билдирмай борасан, ўлжани ҳам бировга кўрсатмайсан!

– Вой-бў-ў-й, ўлжангни ҳеч кимга кўрсатмасанг, овнинг не қизиғи бор!? – деди Очил тутажак балиқларини кўз олдига келтириб ва халта қолиб кетмадими, деб эгар тагини текшириб ҳам қўйди.

Дарёлиққа яқин захкашнинг айланма жойида тўхташди. Ҳақиқатан ҳам захкашнинг бир тармоғида суви бир ёнидан кириб, бир ёнидан чиқиб турган каттагина ҳовуз бор экан. Сувнинг кириш-чиқиш томонларида "каза” (ишқа-қамишдан балиқ кирадиган, лекин чиқолмайдиган махсус тўсиқ) кўриниб турарди. Ҳовуз сувининг лойқалигидан бу ерда балиқ кўплиги маълум. Муродга жон кириб, қўлларини ишқалаб, тишининг сувини тортиб, эшак эгарига бoғлaнгaн моторни олмоқчи эди Очил ҳовлиқди:

– Тухта, тўхта, моторни туширма, қайтага маҳкам бойла-да, "ходла!” Шарт-шурт ишимизни битирамиз-у, "зим” бўламиз. Балиқнинг ҳаммасини йиғиштиpaмиз, деб ҳам юрмайсан. Бир халта тўлса бўлди. Нурбек ҳам билмай қолсин. Комилнинг эшагини ҳам обориб беришим керак.

Асбобларни шайлаб, проводаларни движокка улаб, мотор чизимини тортишга шайланган Муродни Очилбой тўхтатди:

– Ҳей! Яхшилаб бир текшириб кўр, яна ўзимизни ток уриб, ўйинимиздан ўймоқ чиқиб турмасин-а!

– Кўрдим, кўрдим. Қоч, қирғоқдан узоқроқда чўлпини тайёрлаб тур. Бир ёқаман-у ўчираман. Кейин чўплаб олаверамиз. Аҳ, манави эшакнинг ювошлигини айтмайсанми!

Очил моторнинг чизимини икки тортди – ёнмади. Эшак бошини силкиб, қулоқларини шалпиллатиб қўйди. Чизимни қайта ўраб, чап қўлини моторга тираб, бор кучи билан тортди: тўла газда турган мотор "тар-р!” этиб ўт олди. Қўрқиб кетган эшак орқа оёқларида чўккалаб олди-ю, олдинга сакради. Сувга ташланган сим Муродга тегиб кетишига сал қолди, қўрқиб, ўзини четга отди. Мотор баттар газ кўтариб, эшак бўйнини пастга эгиб, гоҳ ўнгга, гоҳ чапга шаталоқ отиб борар, икки жўра унинг орқасидан қараб нетарини билмай турардилар.

– Вой-вой, расво бўлдик! Агар сим йўлда бировга тегиб кетса..., валлоҳ, ўлдиради! Ана шунда "Жаслиқ”да ейсан балиқни! – деди Мурод йиғ-ламсираб. Сен, моторни туширма, эшакка маҳкам боғла, деган!

– Мен туширма деган бўлсам, сен туширгин эди, энди нега менга гап топасан! Ундан кўра эшакни тўхтат!

Бири чўлпини, бири кўрпачани олиб, эшакнинг орқасидан югуришди. Катта йўлга чиқаверишда чўпга илиб қолган симни топишди.

– Ҳалиям чала бойлаганимни айтавер , – деди Очил ўзини оқлагандай.

– Ҳамма ишинг чала сенинг, чала ихтирочи! – деди Мурод терс қараб.

– «Зато», фойдали!

Эшак жуда узоқлаб кетди, шекилли, моторнинг овози эшитилмай қолди.

– Қанча бензин қуйгандинг? – сўради ҳаллослаб югураётиб Мурод.

– Ярим литр.

– Ярим литр нега керак?! 200 грамм қуйиб қўявермайсанми? Энди бир соатгача ўчмайди мотор!

– Э..., ўчмаса, ўчмас! Қаёққа қараб кетди экан, бу ҳаром ўлгур эшшак?!

– Эшак ҳар қачон ўз уйига қараб кетади, – ақлига ўзи қойил қолиб ҳан-сиради Очил.

Икки жўра ҳарсиллашиб овулга кирганда, шом қоронғуси қуюқлашиб қолган эди. Шариф алкаш ҳамон ўша супачада мyлгиб (ярим уйқуда) ўтирган экан. "Миққийнинг (калхат демоқчи) насибаси бир чумчуқ, дегандай бунга топилади ароқ”, деб кўнглидан ўтказди Мурод. Шариф буларни таниди:

– Ҳа, қайтдингларми? – сўради енгил чайқалиб.   

– Шу ердан эшак ўтмадими? – баравар сўрашди овчилар ҳансираб, манглайларини енги билан артиб.

– Эшакни-ку кўрмадим-да, светсиз бир мотоцикл ўтди, тариллаб. Йўл қолиб анов солмадан ўтиб, кунчиқарга қараб кетди! Йўл-пўлга қарамай, солмадан тик ўтиб, отизнинг ичи билан Комилнинг уйи томон кетди, рулдаги одам роса ичиб олган дейман-ов! - деди Шариф қўлини силтаб.

"Чироқсиз мотоцикл”нинг нима эканлигини яхши билган икки жўра ҳам индамай Комилнинг уйига қараб лўкиллайверишди...

Турсунбой АБДУЛЛАЕВ,

Хитой қишлоғи.

Янгиликни бўлишинг: