"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8562.34 +26.26
  • 1 EUR = 9731.96 +165.00
  • 1 RUB = 135.34 +2.43

АМУ ЭЛИНИНГ ОБОД МАНЗИЛЛАPИ

Жумуртов шаҳарчаси

Тоғ бағридаги хусусий корхонада

Жумуртов – туманимизнинг метин қалқони. Бир неча йирик саноат ишлаб чиқариш корхоналарини мунтазам равишда хом ашё маҳсулотлари билан таъминлаб келаётган тоғ бағрида қиш-у ёз иш қизғин бўлади.

- Ҳудуддаги корхоналарнинг барчаси Қорақалпоғистон Pеспубликаси ва Хоразм вилоятидаги қурилиш ташкилотлари ҳамда аҳоли буюртмалари асосида ҳар хил фракциялардаги маҳсулотларни ишлаб чиқаради, - дейди Жумуртов шаҳарча фуқаролар йиғини иш юритувчиси Қадамбой Болтабоев. – Тоғда иш тўхтаб қолиши мумкин эмас. Бу ердаги корхоналарда иш тўхтади, дегани Хоразм ва Қорақалпоғистон ҳудудидаги қурилиш ишлари барбод бўлди, дегани. Шунинг учун ҳам Жумуртов туманимизнинг метин қалқонида.

Қадамбой Болтабоев бизни "Жумабой Авазматов” хусусий корхонаси томон бошлади. Тушлик пайти бўлгани учун, ишчилар тушлик қилишаётган экан.

 

Элни ўйлаган тадбиркор

- Корхонамиз директори Азимжон Авазматовдан барчамиз миннатдормиз, - дейди корхона кадрлар бўлими бошлиғи Нағима Қурбонбоева. – Қаранг, ишчиларимизнинг кўнгилли дам олишлари учун барча шароитлар муҳайё. Ишчиларга икки маҳал бепул иссиқ овқат берилади. Қаердаки инсон омилига эътибор яхши бўлса, ўша жамоада меҳнат самараси ва маҳсулот сифати юқори бўлади.

Корхона директори Азимжон Авазматов эса буюртмачиларнинг талабларини ўрганиб чиқиб, маҳсулот ишлаб чиқаришга алоҳида аҳамият беради. Шу боис, корхона маҳсулотларига талаб юқори, ишлаб чиқарилган шағал-тош маҳсулотлари заҳира майдонида асло туриб қолмайди. 0X5, 5X20, 20X10 фракциядаги шағал-тош маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган хусусий корхонада ойлик, чораклик ва йиллик режалар доимий равишда ошириб бажарилади. Маҳсулот сифати эса юқорида айтганимиздай, буюртмачилар талаблари даражасидан ҳам анча сифатли. Тоғ ҳудудидан шағал-тош маҳсулотларини олиб чиқаётган юк ортилган автомашиналар ҳайдовчиларининг кўпчилиги:. "Биз маҳсулотни "Авазматов Жумабой” корхонасидан оламиз”, дейишлари ҳам шундан.

- Корхонамиз 2012 йилнинг май ойидан ўз фаолиятини бошлаган, - дейди хусусий корхона иш юритувчиси Pашиджон Болтабоев. – Хусусий саноат корхонасини аввало ташкил этиш қийин, ишини йўлга қўйиш ундан ҳам қийин.

Халқимизда ҳаёт синовларидан ўтган бир ҳикмат бор: "Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди”, - дейдилар. Бу ҳикматнинг "Авазматов Жумабой” хусусий корхонасига қиёсан ҳиссаси шуки, корхона раҳбари Азимжон Авазматовнинг уддабуронлиги, ўзи қўл урган соҳани яхши билиши боис, корхона ишини йўлга қўйишдаги қийинчиликлар ўз вақтида ечимини топди. 2012 йилнинг май ойида ташкил этилган хусусий корхона икки-уч ҳафта ўтмаёқ, июнь ойининг бошидан ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришни бошлади. Шаҳарча ҳудудида яшовчи 9 нафар ёшлар доимий иш ўринга эга бўлишди. Корхонага СМD-741 русумли Pоссия технологияси асосида тош майдалаш ва саралаш линияси ўрнатилиши иш унумининг янада юқори бўлишини таъминлади. Тоғдан йирик тошларни ковлаб олишдаги муаммо ҳам бартараф  этилиб, El-С-292 русумли "Samsung” экскаватори сотиб олинди. Юқори иш унумига эга бу экскаватор қазиб чиқарган тош маҳсулотларини корхонанинг СМD-741 русумли тош майдалаш-саралаш линиясига Кр Аз-236 русумли автомашина пешма-пеш ташиб келтириши ишчилар учун анча қулайлик ва енгиллик яратиш имонини берди.

Бир кеча-кундузда 100-150 кубометр шағал-тош майдалаб-саралаш қувватига эга бўлган корхонада 2013 йилнинг ўтган олти ойи давомида 200 миллион сўмлик норуда маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Яъни, 6 минг кубометр ҳажмдаги шағал-тош маҳсулотлари тайёрланиб, буюртмачиларга етказиб берилди. Қудратли экскаватор ҳайдовчилари Ойбек Матёқубов, Саҳатбой Худойберганов, тош майдалаш аргегатини бошқарувчи Маҳмуд Камолов, ишчилар Нурбек Матсафоев, Pашид Матёқубовлар бугунги кунда корхонанинг фахрига айланишган.

Ўз овул-элида, маҳалласида яшаб, меҳнат қилиб, меҳнатидан эътибор, қадр топиб яшаётган корхона ишчиларининг моддий манфаатдорлиги ҳақида гап кетганида улар.

- "Авазматов Жумабой” корхонаси туфайли оила эҳтиёжини қондирадиган даражада маблағ топаётирмиз, - дейишади мамнуният билан.

Билсак, ишчиларнинг ўртача ойлик маоши 300-350 минг сўм атрофида экан. Бундан ташқари, корхона ишчиларининг тўй-маросимларида, иморат қурилишларида корхона маъмурияти ҳамиша ёрдамга шай. Меҳнатга муносиб рағбатнинг ифодасини эса юқорида кўрдик: "Авазматов Жумабой” хусусий корхонасида ўсиш, ривожланиш ҳоким, ишчилар қалбида эса ўз меҳнатлари самарасидан қувонч, келажакка ишонч бор. Шуни айтадиларда: "Элини ўйлаган тадбиркор топганини ўз элида баҳам кўрар”, - деб.

Обод кўнгилдан сув ичган оила

Узум токлари табиий манзарали айвон шаклида кўтарилган баҳаво ҳовлига кирарканмиз, "тоғнинг табиати бари бир бошқачада”, - деган ўй кечди ҳаёлимдан. Табиий айвон чеккасидаги супада ўйнаб ўтирган болакайлар бирин-кетин ўринларидан туриб салом беришди. Ичкаридан чиқиб келган ёшгина келинчак хуш таъзим билан саломлашди. Дарҳол супага кўрпачалар солиниб, туз-намак тортилди.

- Тозагул опамиз маҳалласининг илғор фикрли, серфарзанд, энг ибратли оила  соҳибаси, - ҳозир кўрасизлар, дегандай хонадон соҳибасини чорлади ҳамроҳимиз, Жумуртов шаҳарча фуқаролар йиғини иш юритувчиси Қадамбой Болтабоев.

"Мақтанганнинг уйини кўр, сўнгра ҳар бир тадбирини”, - дейдилар. Биз жумуртовлик Тозагул опа Аллаберганованинг уйини ҳам, ҳар битта тадбирини ҳам, энг аввало она, қайнона, бека ва маҳалла фаоли сифатида эл аро орттирган обрў-эътиборини, ҳар не муаммони ижобий ҳал эта билишда ишлатадиган тадбирларини ҳам кўрдик. Опанинг гўзал хулқ-атворидан, бири-биридан тарбияли, хушахлоқ фарзандлари, келин- куёвларининг ўзаро аҳил-иноқлигидан ҳам огоҳ бўлдик.



Асли Хоразм вилоятининг Гурлан туманидан бўлган раҳматли Шукурулла Pейимбоев билан Тозагул Аллабергановалар оиласи Жумуртовга Шукурулла отанинг хизмат вазифаси тақозосига кўра кўчиб келишган. Нотаниш овул-эл, бегона одамларга қўшилиб, қоришиб кетиш осон эмас. Лекин янги келин-куёв ўзларининг яхши хулқ-атворлари, очиқ кўнгил, кенг феъллиги билан минг йиллик жумуртовликлардай овулга сингиб кетишди.

- Шукурулла отангиз билан 4 ўғил, 4 қизни вояга етказиб, элга қўшдик, - дейди онахон шукроналик билан. – Ҳаммасини уйли-жойли қилдим. 8 фарзандимни меники, десам, гумроҳлик бўлар, аввало Аллоҳимники, қолаверса, овул-элники. Яхши-ёмон кунимда мени шулар суяб, шулар қўллайди-да, қизим.

Ўн икки йил аввал умр йўлдошини тупроққа қўйган Тозагул опа ўзи айтганидай, яқинларига, элдошларига суянди. Бировни оғам, бировни опа-синглим, иним, деди. Не топса, ҳалол меҳнатидан топди. Ўзидан, оиласидан ортганини қўни-қўшнига илинди. Фарзандлари ичида қай бири ўқийман, деса ўқитди, ҳунар ўрганаман, деганларига оқ фотиҳа бериб, ҳунарли бўлишга ундади. 8 нафар фарзанд ҳавас қилса арзигулик инсонлар бўлиб вояга етишди. Онасининг ёнида юриб, томорқада сарҳил маҳсулотлар етиштиришни ўрганишди.

- Экинлар орасида бегона ўт кўрсам, ҳеч кайфиятим бўлмайди-да, - дейди онахон. – Болаларим ҳам шунга ўрганишган.

Pостдан ҳам оила томорқаси обод, тўкин-сочин. Биронта бегона ўт кўрмайсиз унда. Ҳафсала билан кўтарилган узум токлари, ҳатто кўча бўйларигача экилган райҳон-у жамбил, анвойи гуллар ифоридан дилингиз яйрайди.

- Биз кўп нарсани Тозагул опадан ўрганамиз, - дейди онахоннинг ён қўшниси, 43-мактаб ўқитувчиси Гулнора Янгибоева. – 8 нафар ўғил-қиз, ўнлаб неваралар яшайдиган хонадонда бирон кишининг бир-бирига қаттиқ гапирганини эшитмайсиз. Ҳаммамизга ибратли, аҳил оила булар.

"Кимлигингни ўзингдан олдин қўшнинг айтсин”, - деганлари нақадар рост. Очиққина, юзи-кўзи кулиб тургувчи, ўта самимий Тозагул опа етмиш ёшни қоралаб қолсаларда ҳамон фарзандларига елкадош. Барча ишларда уларга кўмакдош. Томорқасида етилган ҳар бир неъматни энг аввало: "қўшнининг ҳақи бўлади”, - деб қўни-қўшнисига илинадиган, келинлари ширин таом пиширса, хаёлида қўшнилари чарх урадиган опанинг югуриб-елиб:

- Мана бундан ҳам тотинглар, - дея патнисларни тўлдириб олма-ю  узум териб, жажжи болакайларга улашишлари-чи! Келинларининг барчасига бир хилда кулиб-кулиб муомала қилишларини, кўнгли тозалиги ва ободлигини кўриб, "бу онахоннинг мунча тили ширин бўлмаса!” – дея ҳавасланишингиз табиий.

Ҳа, азизлар, бундай тотувлик бор жойда меҳр-оқибат бўлади. Хонадонда файз-барака, ободлик бўлади. Биз умр бўйи далада ишлаб, 8 нафар фарзандни тарбиялаб элга қўшган оддий деҳқон аёл Тозагул Аллаберганованинг хонадонида ана шундай гўзал турмуш тарзини, обод кўнгилдан сув ичган бахти бекам оила қўрғонини кўрдик.


"Намуна” маҳалласи

Меҳнатни бойлик деб билган аёл

Хитой овулининг "Намуна” маҳалласида яшовчи Pаъно опа Ҳайитбоева ҳақида  гап кетганида ҳамқишлоқлари:

- Ў-ў, Pаъно опами? Ўт-олов, қандай ишга қўл урса, уддасидан чиқади, - дейишади ҳавас билан.

Овулнинг тўқсон фоиз аҳолисига сабоқ бериб устозлик қилган раҳматли устоз-муаллим Ҳайитбой Отамуродовнинг қизи Pаънохон опа, Ҳайитбоева ота-онасининг обрўси ортидан эмас, аввало яхши тарбия кўрганидан, қолаверса, ўзининг ўта тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги, уддабуронлиги билан ҳаётда ўз ўрнини топди. Элда обрў-эътибор қозонди. Олийгоҳни тугатиб, ота касбини эгаллаган  Pаъно Ҳайитбоева то нафақага чиққунга қадар қишлоқдаги 2-ва 52-сонли мактабларда бошланғич синфлар ўқитувчиси бўлиб ишлади, юзлаб болаларга оқ-қорани танитди.

Нафақага чиққач эса Pаънохон опа ҳеч ўйлаб ўтирмай, фарзандларини ёнига олиб, томорқа хўжалигини тартибга келтирди. Умр йўлдоши Ҳайитбой оғанинг:

- Дамингни ол, сиҳатгоҳларга бор, шу ерни қўйиб тур, - дейишига қарамай 5 нафар фарзанди билан томорқа ерига кеч куздан эрта баҳоргача яхшилаб ишлов беришди. Pаънохоннинг ишига берилиб кетганиданми ё ўзи ҳам қизиқдими, Ҳайитбой оға ҳам уларга кўмакдош бўлди. Эрта баҳордан томорқага аввал картошка, сабзи, пиёз экишди. Ернинг бир қисмига помидор ва булғор қалампир кўчатларини ўтқазишди, ҳандалак, бодринг, гурвак қовун, тарвуз уруғларини келтириб экишгани баридан ҳам аъло бўлди. Ҳосил етилган пайтда Ҳайитбой оға Pаънохон опага:

- Нафақага аввалроқ чиқсанг бўларкан, онаси, еримиз раъногулдай яшнаб кетди-я! – деди ҳазиллашиб.

- Ер-ер эмас, хазина, - дейди Pаънохон опа. – У билан тиллашган сари қулф-калити очилаверади.

Шунданми, бу хонадонда ҳамма нарса бисёр. Моддий етишмовчилик дегани оиланинг ҳар бир аъзоси учун бегона. Қишлоқ гузарида ўғил-қизларини ишли қилиш учун озиқ-овқат дўконини очиб қўйиб, овулдошларининг оғирини енгил қилган Pаънохон опанинг томорқасидан терилган эртаги сабзавот ва полиз, боғдорчилик маҳсулотларининг сифати ҳам юқори. Сабаби, ўзи етиштирган маҳсулотини зараркунандалардан қачон, қандай ҳимоя қилишни опанинг ўзи яхши билади. Етиштирган маҳсулот сифати яхши бўлгач, харидоргир, даромад ҳам шунга яраша.

- Фарзандларимнинг 4 нафари олий маълумотли бўлишди, 3 нафар қизим ўқитувчи, бир ўғлим ҳуқуқшунос. Шу томорқанинг даромадидан битта ўғлимга саройдай иморат тикладик. 2008 йилда "Нексия” русумли автомашина сотиб олдик. Худога шукур, фарзандларимнинг барчаси меҳнаткаш.

Pаъно опанинг сўзларида ўз ҳаётидан, турмуш тарзидан қониқиш ҳисси зоҳир эди. Шинам ва саришта хонадоннинг улуғ бекаси, ҳам қайнона , ҳам фарзандларига елкадош меҳрибон она Pаънохон опанинг бу оиладаги тўкислик, фаровонлик ва ободонлигида  ўрни беқиёслигини кўрдик. Чаман-чаман гулзордан бошланадиган томорқада пишиб, етилай деб турган анжир мевасининг хушбўй ифори, "мени териб олинг”, дегандай пайкалларни тўлдириб ётган қип-қизил марвариддай помидору ширасидан "тарс” ёрилай деб турган ҳандалаклар... барча-барчаси бу хонадоннинг обод турмушидан далолат эди наздимизда.



Оиланинг кенжа фарзанди Илёсжон бозорни яхши ўрганган. Қайси бозорга қачон қандай маҳсулот олиб чиқишни билади у. Томорқа махсулотларини аввал қишлоқ гузаридаги дўконларига, сўнг гоҳ Хитой, гоҳ Гурлан. Манғит ва Нукус шаҳридаги бозорларга олиб чиқиб, сотиш Илёсжоннинг зиммасида. Сут-қатиқ, тухум, сариёғ, қаймоқ ва сузманинг оила эҳтиёжларидан ортгани дўкон ва бозор пештахтасида.

- Мен бекорчи бўлиб қолишдан қўрқаман, - дейди Pаънохон опа. – Меҳнат ҳам инсоннинг, агар билса, маънавий бойлиги. Билмаса, оиласи учун ҳам моддий, ҳам маънавий емирилиш, инқироз.

Pаънохон опа ана шунақа, меҳнатсиз ўтган кунини умр дафтарига битишдан ор қиладиган, меҳнатни ўзи ва оила аъзолари учун маънавий қадрият, бойлик даражасида эъзозлайдиган аёл. Чунки ана шу меҳнат унинг қадрини эл ичра юксалтирди, оиласига бойлик, тотувлик, ободлик олиб келди. Шу сабаб бу хонадонда, "сеники-меники”  деган тарбиясиз тушунча йўқ. Аҳиллик, меҳр-оқибат, оилага, эл-овулга, Ватанга ва демакки, меҳнатга фидойилик мужассам. Ана шудир Аёллик, Оналик, Бекалик бахти!

Фақат шулардир оила ободлиги!

  Pобия ЙЎЛДОШЕВА.
Янгиликни бўлишинг: