"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8584.5 +5.64
  • 1 EUR = 9673.87 +44.65
  • 1 RUB = 136.34 +1.48

САОДАТ

Манғит шаҳрининг "Бўстон” маҳалласи "Нурли йўл” кўчасида истиқомат қилувчи Ортиқбой Шомуродовнинг оиласи учун жорий йилнинг март ойи ҳақиқий байрамлар ойи. Боиси, 8 март – Халқаро  хотин-қизлар куни, Наврўз байрамидан ташқари бу йил 5 мартда Ортиқбой ака ва Омонгул Жумагелдиеваларнинг турмуш қуришганига 40 йил тўлди. 11 март – Ортиқбой акани дунёга келтирган, табаррук ёшга етган онасининг таваллуд куни.

– Аслида тинч-тотув, осойишта ўтаётган ҳар бир кунимиз байрамдай, – дейди шукроналик билан Ортиқбой ака.

Ҳа, у ўз ҳаётидан, фарзандлари камолидан ҳар қанча фахрланса арзийди. У оилада саккиз нафар фарзанднинг  бири эди. Туркман миллатига мансуб бўлса-да, дарслар ўзбек тилида ўқитиладиган мактабда, кейин олийгоҳда ўқиди, мутахассисликни пухта эгаллади. Бир умр почта алоқаси, телекоммуникация соҳасида ишлади. 1998 йилдан 2002 йилгача туман почта алоқаси бўлимига, 2002 йилдан то шу кунгача туман телекоммуникация тармоғига раҳбарлик қилиб келмоқда. 7 нафар фарзанднинг отаси. Уларни ҳам турмуш ўртоғи Омонгул опа билан эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказишди, бири ҳамшира, бири "Ўзбекистон почтаси” АЖ туман бўлимида, турли корхона, ташкилотларда меҳнат қилишади. Бари маслаҳатлашиб, турли сабаблар баҳона уйида йиғилишиб қолганида,  Ортиқбой аканинг, Омонгул опанинг атрофи невараларга тўлиб, кўнгиллари тоғдай кўтарилиб кетади.

Ортиқбой Шомуродовнинг ота-онаси 1947 йилда Туркманистондан кўчиб келиб, шу ерда турғун яшаб қолишган экан.

– Отам иккинчи жаҳон уруши ногирони бўлса-да, 27 йил ободонлаштириш бўлимида ишлаб, нафақага чиққан эди. Биз 8 нафар фарзанд ҳаммамиз шу ерда туғилиб, шу ерда вояга етиб, оилали бўлдик. Ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ. Туғишганларимнинг ҳам, фарзандларимнинг ҳам турмушидан кўнглим тўқ. Қўни-қўшни, маҳалладошларимиз аҳил, ҳамжиҳат. Шу эл билан яқин қариндош бўлиб кетдик, – дейди у мамнуният билан.

Ортиқбой аканинг турмушидан фахрланиши бежиз эмас. Турмуш ўртоғи Омонгул Жумагелдиева ҳам туман Ободонлаштириш бошқармасида, "Матбуот тарқатувчи” акциядорлик жамиятида ишлаб нафақага чиқди, шу кунгача оиласида, туғишганларининг яхши кунларида, тўйларида шу эл одамлари қувончига шерик бўлади, саҳарлаб хизматга келади. Ўзи ҳам имкон қадар эл билан бўлишга интилади.

– Туркманистон давлатидан қариндошларимиз меҳмонга келишса, турмушимизга ҳавас қилишади, – дейди Омонгул опа тўлиб-тошиб. – Туркманистон ва Ўзбекистон давлатлари орасида ўзаро ҳамдўстлик алоқалари яна ҳам мустаҳкамланаётганидан қувонади.

Аслида ҳам инсоннинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб, рози бўлиб яшашидан ортиқ улкан бахт борми? Ана шундай улуғ саодат ҳаммага ҳам насиб этсин!

Ойгул Pажабова.

Суратда: О.Шомуродов оила аъзолари билан.

                                                                                            М.Шомуродов олган сурат.
Янгиликни бўлишинг: