"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

ВАТАНГА НАВPЎЗ КЕЛДИ

Дунёда бири-биридан буюк, бири-бирини такрорламайдиган байрамлар кўп. Бу байрамлар билан боғлиқ анъана-ю удумлар, урф-одатлар бисёр. Лекин тарихи қадим Авестодан ҳам олисларга бориб тақаладиган асл миллий байрамимиз – Наврўзи олам ўзининг мазмун-моҳияти, ҳатто ҳаётимизга кириб келадиган санаси, вақти билан дунё халқларининг байрамларидан ўзгача.

Табиат ва коинотда рўй берадиган мўъжизавий жараён – тун билан куннинг тенглашуви, она Ерда – борлиқда уйғониш, бедорлик бошланган дамларда ҳаётимизга бири-биридан оромбахш, фусункор лаҳзаларни бахш этиб кириб келади Наврўз!

Наврўзи олам ташрифи билан энг аввало она табиат уйғонади: кўзларга яшилликлар оқиб киради. Боғларда бошланган бедорлик руҳиятимизга кўчади.

Наврўзи оламнинг ҳар бир қадамини, ташрифини халқимиз бир-бирларига муборакбодлар ила қарши олишларида оламжаҳон ҳикмат мужассам.

Азизлар, ана шу ҳикматлар кўнгилларни ўстиради, бир-биримизнинг қадримизни баланд қилади гўё.

Ана, Ватанга Наврўз келди. Наврўз ила абри баҳор келди, азизлар! Она Ер кўксига тушган илк баҳор ёмғирининг  шивиридан майсалар уйғонди! Наврўз саболари базмидан шодон боғларда куртаклар уйғонди! Замин кўксидаги иссиқ ҳовурни сезган қадамлар тезлашди, Наврўзни соғинган  дилларга меҳнат, яратиш завқи тушди!

Анов кўҳна далаларга элтувчи йўллар бугун оддий дала йўли эмас, улар ризқ-рўз, қут-барака, насиба йўллари! Табиат – бедор, деҳқон – бедор, эл-у юрт – бедор.

Қалбларда меҳр-оқибат, мурувват, шижоат туйғуларининг қадрини янада ошириб келди гул Наврўз! Момолар меҳри оловида пишган сумалаклар тортилган дастурхонлар атрофига бутун Ўзбекистон халқини жам қилган Наврўзи олам бу!

Улуғ ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз айтадилар:

"Улус чеҳраи олам афрўзидин,

Билур йил келишин, Наврўзидин...”

Кўзларни қувонтириб, кўнгилларни яшнатиб, бутун борлиққа гўзал бир бедорлик бахш этиб келгувчи Наврўзи айёмнинг дунё байрамларидан ўзгачалиги ҳам  ана шунда – янгиланишларга, ўзгаришларга бой эканлигида, улуғ мақсадларга, эзгу режаларга пойдорлигида!

Шунинг учун ҳам юртимизда Наврўз қадами етмаган жой, Наврўз қувончи кирмаган биронта хонадон қолмайди. Шунинг учун ҳам халқимиз бир-бирларига: "Ҳар кунинг Наврўз бўлсин!” дея эзгу тилаклар билдиришади. Гина-кудуратлар унутилиб, қалблар тозаради.

Минг-минг шукр, азизлар! Юртимизда Наврўз – тинчлик, тотувлик, меҳр-оқибат, мурувват, қут-барака айёми сифатида байрам қилинади ва бу байрам шукуҳи қалбларимизни келгуси Наврўз кунигача асло тарк этмайди. Бундайин шодиёна, бундайин маънавий мулк – бетак-рор айём бизнинг  халқимизга насиб этганининг ўзи энг улуғ сийлов, энг кўркам зийнат!

Азиз юртдошлар! Ҳар бирингизга Наврўзи олам муборак! Наврўз хонадонларингизга файз-у тароват, улуғ барака, кўнгилларингизга бебаҳо хотиржамлик, юртимизга тинч-лик-омонлик олиб келсин!

ТАҲPИPИЯТ.
(Фото: ЎзА)
Янгиликни бўлишинг: