"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7787.81 -26.42
  • 1 EUR = 9100.06 -76.86
  • 1 RUB = 124.54 -0.19

ЭЗГУЛИКДАН СЎЗЛАГУВЧИ УДУМЛАP

Наврўзни қадимий байрам, деб эъзозлаймиз. Баҳор байрамларида яқинларимизга: "Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” – дея тилаклар тилаймиз. Бу тилак замирида Наврўз билан боғлиқ эзгуликлар – бир-бировга меҳр-мурувват, оқибат ва самимият, муҳаббат ва ҳурмат мужассам. Ҳали юртимизга Наврўз келмасиданоқ бу улуғсифат байрамга – Янги кунга пешвоз қадамлар, бири-бирини такрорламайдиган байрамона тадориклар бошланади. Наврўз удумларидан энг гўзали бу – сумалак сайлидир. Сумалак нафақат Наврўз таоми, балки илик узилди дамларида янги меҳнат  фаслини бошлаётган деҳқонлар учун қувватбахш таом ҳамдир. Бундан ташқари, сумалак сайли ўзаро аҳиллик, миллатлараро тотувлик, меҳр-оқибат, одамларни бирлаштирувчи удумлар сирасига киради. Сумалак баҳона, янги тушган келинларнинг эпчиллиги, саранжом-саришталиги, муомаласи-ю пазандалиги синовдан ўтади. Болалар сумалак қайнаётган қозон атрофига йиғилиб эртак ва ривоятлар тинглашларида ҳам ёш авлод тарбияси ва камолотига ишора бор. Сумалак – қут-барака рамзи ҳам. Косаларга сузилиб, дастурхонларга тортилган сумалак дастурхонларгагина эмас, инсонлар руҳиятига ҳам зийнат бағишлайди.

Наврўз баҳонасида момоларимиз етти хил неъмат қўшилган "Наврўз гўжа”, қувватбахш "гўштли патрак”, "ийжон”, "тўғрама” каби таомларни   пишириб, қўни-қўшниларига тарқатишлари меҳр-оқибатдан далолат бўлса, Наврўз байрамидан олдин тушган янги келиннинг қўлидан чой ичиш баҳонасида "келин кўрди” маросимларини ўтказиш, келинчакнинг  одоб-икромини, ўзи  келин бўлган овул-элга ҳурматини белгилайди. Болалар "қочармон”, "чуллак”, "лайлак учди”, "қора қўрдим” (яширинмачоқ), қизалоқлар "беш тош” ("чакма-чак”) "меҳмон-меҳмон”, "оқ теракми, кўк терак?”, "тўп урди” каби ўйинларни биргаликда ўйнашлари ўсиб келаётган ёш авлоднинг ўзаро аҳил, бир-бирларининг оғирига елка тута оладиган меҳр-оқибатли бўлиб вояга етишишларида муҳим аҳамиятга эга.

Наврўз байрами билан боғлиқ бобомерос урф-одат ва удумлар талайгина. Улардан энг муҳими, одамларнинг бир-бирларини қўллаб-қувватлаб ҳашар уюштиришидир. Яқин-яқинларгача янги иморат қуришни бошлаётган одамга холисона ёрдам бериш юксак қадрланарди. "Пахса тўй” деб аталувчи иморат қуриш маросимида наинки эркаклар, балки аёллар ҳам иштирок этишарди. Аёллар "пахса тўй”ига патирлар ёпиб, пахса ураётган эркаклар белига белбоғ боғлаб қўйишарди. Қариндошлар қўй, яна биров новвот, яна бировлар баҳоли қудрат пул ҳадя қилишарди. Иморатнинг ҳар пахсаси бир кун, баъзан халқ ҳиммати билан ярим кунда битарди. Назаримда бу удум унут бўлиб бораётгандай.

Наврўзда қабристонларни зиёрат қилиш, ободонлаштириш, кўчаларни тозалаб, кўчатлар, гуллар экиш, беморлар ҳолидан хабар олиш, бир-бировга байрам совғалари улашиш – юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Наврўз билан боғлиқ ҳар бир иш, урф-одат ва удумлар асрлар оша халқимизга ҳамиша кўтаринки кайфият, янги режаларга, эзгуликларга қанот бағишлаб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолади.


Пардагул ЎPОЗБОЕВА,
меҳнат фахрийси, "Беш овул” маҳалласи.
Янгиликни бўлишинг: