"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

БУЮК МАЪНАВИЙ МЕPОС

Наврўз. Ўз номи, у билан боғлиқ азалий анъаналари қалбларга яқин, барчага манзур байрам.

Наврўз тарихи

"Наврўз” форсий сўз бўлиб, Янги кун деган маънони англатади. Яъни, олам узра турфа ранглар ила товланиб, яшилланиб кириб келгувчи Баҳордан, заминда, табиатда ўзгаришнинг бошланишидан дарак бўлган бу Янги кун.

Тарихий манбаларда келтирилишича, Наврўзнинг шаклланиш даври жуда қадим замонлардан, зардуштийликнинг пайдо бўлиш давригача давом этган асрларни ўз ичига олади.

Буюк аллома бобомиз Абу Pайҳон Беруний "Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида Қуёш йили ҳисобида йилнинг биринчи ойи деб саналган Фарвардин ойи тўғрисида сўзлаб: "Бу ойнинг биринчи куни Наврўздир”, дейди. Беруний бобомизнинг фикрича: Наврўз баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан, гуллар очилиб, дарахтлар мевалари етилгунча, ўсимлик униб чиқа бошлашидан, такомиллашгунча давом этган вақтда келади. Шунинг  учун ҳам Наврўз оламнинг яшилланиб, ўзгаришига, меҳнат фаслининг бошланишига далил қилинган.

Афсона ва ривоятлар

Наврўз байрами билан боғлиқ афсона ва ривоятлар кўп. Яъни, Одам Ато билан Момо ҳаво учрашган кун Наврўз деб аталганлиги ҳақидаги ва Фирдавсийнинг "Шоҳнома” асарида қайд этилган шоҳ Жамшид номи билан боғлиқ ривоятларда ҳам Наврўзнинг кириб келиши қандай ҳодиса билан боғланишидан қатъий назар, оламда янгиланиш, меҳнат тақвимида янги куннинг бошланиши, инсонларнинг эркинлиги, бахт-саодати, ўзаро меҳр-оқибат, мурувват ва саховат каби фазилатларнинг улуғланиши билан эъзозланган. Хусусан, ҳазрат Алишер Навоийнинг "Тарихи мулки Ажам” ("Ажам шоҳларининг тарихи”) асарида ҳам шоҳ Жамшиднинг буюк кашфиётлари сўнгида улуғ бир кун – Наврўз ихтиро қилингани хусусида сўз юритилади, шоҳ Жамшиднинг халққа чексиз меҳр-оқибат, сахийликлар кўрсатиб, адолат қилгани ва ушбу куннинг Наврўз деб аталгани қайд этилади.

 

                         Аждодлар закосининг маҳсули

Наврўзнинг айнан 21 мартга тўғри келиши чуқур илмий асосга эга: худди шу кунда коинот ва табиат қонуниятларига кўра қуёш ҳамал буржига кириб, тун билан кун тенглашади, кун узайиши бошланади ва деҳқончилик фасли авж паллага киради. Нафақат табиатда, балки гўё жамиятда ҳам уйғониш бошланади: деҳқон даласига, боғбон боғига, чўпон-чўлиқлар чорваси-ю, қўй-қўзисига парвона бўлишади. Табиат билан инсоннинг ўзаро уйғунлиги ҳам айнан баҳорда ўз ифодасини топган: Аллоҳнинг иродасини қарангки, ерга ташланган  битта уруғдан мингта барака унади, қўйлар қўзилаб, совлиқлар сути кўпаяди, борлиқ яшилланиб, олам ва одам яшариб кетади. Эл орзу-муроди, юрт осойишталиги, халқлар дўстлиги, меҳр ва мурувват, қалблар тўла муҳаббат мадҳини баланд тутган, ёмонликлар йўлини кесиб, эзгуликларга йўл очган Наврўз бу!

Таъқиб ва таъқиқлар

Мустабид тузум даврида Наврўз байрамини диний байрам, эскилик сарқити, дея қораловчилар топилди. Уни халқимиз юрагидан бутунлай сидириб ташлаб, онгидан ўчирмоққа кўп уринишлар бўлди. Лекин халқимизнинг асл фарзандлари, олим-у фузалолари Наврўзнинг ҳеч қандай диний ёки илоҳий томони йўқлигини, бу байрам қадим аждодларимизнинг буюк закоси ила табиат ва коинот қонуниятлари асосида Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кун билан туннинг тенглашиши билан боғлиқ табиий жараён эканлигини исботлаб бердилар. Наврўз нафақат баҳорги тенгкунлик – Янги кун – гўзаллик ва яшнатиш байрами, балки ўлмас анъаналар, қадриятларни ўзида мужассам этган буюк маънавий мерос сифатида яна қайта тикланди. Худди афсонавий Қақнус қуши сингари яна бўй тиклади Наврўз!

Истиқлол туфайли юксалган айём

Мамлакатимизда Наврўз байрами оммавий тарзда кенг нишонланади. Момоларимиз Наврўзга атаб ўланлар айтишади, бахшилар достонлар куйлашади. Дошқозонлар ўрнатилган ўчоқларда гуриллаб ёнаётган гулханлар алангасидан юзлари оловланган қиз-у келинчаклар момолардан бобомерос удумлар сирини ўрганадилар. Наврўз баҳонасида гина-кудуратлар унутилади, кўнгиллар тозариб, барча бир-бирларига шодлик улашадилар.

Наврўз таомларидан дастурхонлар янада файзли, хонадонлар обод бўлади. Умумхалқ ҳашари қизийди ҳар бир гўшада. Наврўз – бутун мазмун-моҳияти билан эзгулик, тинчлик, тотувлик, гўзаллик, янгиланиш ва яшнатиш онларини бахш этади юртимизга!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

(Фото - jayxun-sadosi.uz)

Янгиликни бўлишинг: