"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

АЁЛГА ЭҲТИPОМ — ОНАГА, ВАТАНГА ЭҲТИPОМ

Донишмандларнинг "Қайсидир миллатнинг нималарга қодирлигини билмоқчи бўлсанг, унинг аёлига боқ” деган ҳикмати бор. Чиндан ҳам ҳар бир халқ – аёлнинг маҳсулидир. Мева дарахтдан устун бўла олмаганидек, фарзанд ҳам онасидан устун бўлолмайди. Демак, аёлнинг қудратига қараб унинг тарбиялаётган фарзандига баҳо бериш мумкин экан. Шу ўринда қайсидир халқнинг келажагини тасаввур қилмоқчи бўлсангиз, унинг аёлга бўлган муносабатига назар солинг, дегим келади. Зеро, аёлга ҳурмат-эҳтиром, унга ғамхўрлик – келажакка ғамхўрликдир. Аёлини улуғлаган миллатнинг келажаги албатта буюк бўлади.

Ўзбекистон – чиндан ҳам келажаги буюк давлат. Зеро, юртимизда аёлга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар билан мустаҳкамланган. Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси, ўнлаб қонунлар, саксонга яқин фармон ва қарорлар, давлат дастурлари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, қиз болаларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш, уларни спортга кенг жалб этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш масалалари ҳам давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Мамлакатимизда хотин-қизлар масаласини ҳукумат даражасига кўтариш, уларнинг ҳукумат таркибида фаолият кўрсатиши тажрибасини жаҳон давлатчилиги тарихи кам кўрган ва бугунда айнан шу ҳолат нуфузли халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда.

1999 йилда "Зулфия номидаги давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Президент Фармонининг қабул қилиниши ёш қизларимизнинг истеъдод имкониятларини намойиш этишига шароит яратди ва бу Фармон юртимиз қизларининг ижтимоий ҳаётида катта ҳодиса сифатида қабул қилинди.

2004 йил 25 майда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-3434 сонли Фармони эълон қилинди.

Ушбу Фармон аёллар ҳаёт фаровонлигини ва Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини янги босқичга кўтарди. Фармон асосида жорий этилган диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида 8655 нафар ҳаёт тажрибасига эга, қадриятларни чуқур билган, бир сўз билан айтганда маҳалла виждонига айланган аёллар маҳаллаларда миллий анъана ва урф-одатларни ривожлантириш, оилаларда барқарорлик, соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш борасида фаолият олиб бормоқда. 2004 йил "Олий Мажлисга сайловлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририда сиёсий партиялар томонидан ўз номзодлари таркибида 30 фоизгача бўлган номзодларнинг хотин-қизлар орасидан кўрсатилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. 2014 йилги сайловларда 1 нафар Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси депутати, 7 нафар туман кенгаши депутати аёл-қизлардан сайланди.

Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этувчи хотин-қизлар давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашиб, Ватанимиз тараққиёти, унинг янада гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшмоқда. Собиқ иттифоқ даврида фақатгина дала ишлари билан машғул бўлиб, оғир шароитларда меҳнат қилган аёлларимиз бугун нафақат таълим ва тиббиёт соҳаси, балки ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда ҳам меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Айниқса, сўнгги йилларда тадбиркорлик, хусусий ва оилавий бизнес соҳасида аёлларнинг иштироки кучайиб бораётгани қувонарли ҳолат.

2016 йилда "Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти” кўрик-танловининг "Фуқаролар йиғинининг энг намунали хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияси раиси” номинацияси бўйича "Куюкўпир” ОФЙнинг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияси раиси М.Сапаева танловнинг Ўзбекистон босқичида 3-ўринни эгаллади.

Жорий йилнинг "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб белгиланиши муносабати билан жамоат ташкилотлари жойларда аҳоли билан суҳбатлар, мулоқотлар ўтказмоқда. Бу учрашувлар мазмунидан шундай хулосага келдикки, бугуннинг аёли – давлат ва жамият ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлардан тўлиқ хабардор ва уларни қўллаб-қувватлайди. Улар орасида банкдан кредит олиб, томорқа хўжалиги билан шуғулланиш, чорвачилик ва паррандачиликни йўлга қўйиб, оилавий даромадларини кўпайтириш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, иқтисодиётимиз ривожига ҳисса қўшиш истагидаги аёл-қизларимиз талайгина. Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан уларга амалий ёрдамлар берилмоқда.

Аёл соғлом бўлса, миллат соғлом бўлади, деган гап бежиз айтилмаган. Зеро, соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Шу сабабли хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, "Соғлом она – соғлом бола” тамойилини амалга ошириш ишларига катта эътибор берилмоқда. Бу борада муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан соғликни сақлаш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳатто, чекка қишлоқларда ҳам оилавий поликлиникалар, уларнинг бўлимлари фаолияти йўлга қўйилиши келгусида ҳам аёл-қизларимиз саломатликларини мустаҳкамлашга, соғлом фарзандлар дунёга келишига ва фарзандларимизнинг баркамол шахс сифатида шаклланишларига хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, туманимизда яшовчи барча хотин-қизларни, табаррук онахонлар ва муҳтарама аёлларимизни, азиз опа-сингиллар ва жажжи қизларимизни ўзларидек гўзал ва мафтункор баҳор фаслининг илк байрами – 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод қиламан!

Фарзандларингиз ва яқинларингиз бахтига, элу юртимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг, азиз ва меҳрибон аёллар!

Марям АҲМЕДОВА,

туман ҳокими ўринбосари,

Хотин-қизлар қўмитаси раиси.
(Фото - http://uza.uz)
Янгиликни бўлишинг: