"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

ҚPИМ-КОНГО ГЕМОPPАГИК ИСИТМА КАСАЛЛИГИ

нима ва у одамга қандай йўл орқали юқади?

Геморрагик иситма касалликларига геморрагик синдром интаксикация – турли аъзо ҳамда ҳужайраларнинг зарарланиши билан кечадиган, одамларда ва ҳайвонларда учрайдиган вирус этиологияли бир гуруҳ ўткир юқумли касалликлар киради.

Геморрагик иситма касалликларини арбовируслар, ареновируслар ва филовируслар қўзғатади.

Бугунги кунда дунёда 500 ортиқ арбовирус турлари аниқланган. Шулардан 100 тадан кўпроғи одамларда касаллик қўзғатади. Pеспубликамизда арбовирусларнинг одамларда касаллик қўзғатадиган 20га яқин турлари аниқланган. Геморрагик иситма касалликлари қўзғатувчиларининг манбалари уй ҳайвонлари, кемирувчилар, қушлар, калтакесаклар ва бошқалар ҳисобланади ҳамда уларнинг организмида бу касаллик субклиник ёки латент шаклида намоён бўлади. Баъзи ҳолатларда касаллик манбаи шу касалликка чалинган беморлар ҳам бўлиши мумкин.

Ер юзида учрайдиган гемаррогик иситма касалликлари эпидемиологик ва географик белгиларига кўра 3 та гуруҳга бўлинган:

каналар орқали юқадиган геморрагик иситма (Қрим-Конго геморрагик иситма, Омск геморрагик иситма);

чивинлар орқали юқадиган геморрагик иситмалар, сариқ иситма Денге геморрагик иситма, Чикунгунья геморрагик иситма;

контагиоз зооноз геморрагик иситмалар (буйрак синдроми билан ўтадиган геморрагик иситма Аргентина, Боливия геморрагик иситмаси, Морбург геморрагик иситмаси)дир.

Бу касаллик турлари кўп жиҳатлари билан бир-бирига ўхшаш бўлса-да, касалликнинг кечиши, ривожланиши, эпидемиологик жараённинг намоён бўлиши, қўзғатувчиларнинг ўзига хослиги, қўзғатувчиларнинг манбалари ва юқиш механизмлари билан бир-биридан фарқ қилади.

Каналар орқали юқадиган геморрагик иситма - Қрим-Конго геморрагик иситма бўлиб, бу касалликлар қадимдан маълум бўлган ва аксарият ҳолатларда оғир кечади ва бу касаллик ёз, куз фаслларида фаол ишлайди. Қиш бошланганда ўлим ҳолатларига олиб келган.

Ушбу касаллик халқ тилида ўзбекларда "қора ҳалак” (қора ўлим), тожикларда "қон оқиш” (бурундан қон кетиш) деб аталган.

Бугунги кунда 8-авлодга мансуб бўлган 27 хил канадан ҚКГИ вирус ажратилган. Бу касаллик вируси ҳар хил эпидемик ҳудудларда турли хил каналарда сақланади. Каналар ўргимчаксимонлар синфига ва бўғимоёқлилар турига киради. Дунё бўйича эпидемиологик зарари катта "молик гамаз”, "арчас ва иксад” каналарини бирлаштирувчи 1000 дан ортиқ кана турлари мавжуд. Каналар ҳайвонлар ва одам учун юқумли касалликлар қўзғатувчиларининг сақловчиси бўлибгина қолмасдан, балки уларнинг ташувчилари ҳам ҳисобланади. Каналар одамларда учрайдиган кана энцефалити, кана орқали юқадиган қайталама тиф, туляримия, айрим вирусли геморрагик иситмалар ва бошқа бир қатор юқумли касалликлар қўзғатувчиларининг ташувчилари бўлиб хизмат қилади. Каналар 4 ривожланиш босқичга эга: тухум, личинка, лимфа  ва етук кана.

Каналар баҳор, ёз, куз ойларида фаол ишлайди. Каналарга қуёш нурлари ҳалокатли таъсир этади, қуёш нурларига улар бардош бераолмайди. Шу сабабли улар куннинг энг иссиқ пайтларида ернинг ёриқларига, тупроқ ва кесак тагларига дарахт кавакларига, кемирувчилар инларига жойлашиб олади. Pеспубликамизда каналар фаоллиги ошиши апрель-июнь ойларига тўғри келади.

Очиқ каналар ҳайвонларга, одамларга, ўсимликларга ердан туриб ҳужум қилади. Каналар ҳайвоннинг канадан тозалаш қийин бўлган териси юпқа жойларига тўда бўлиб ёки   алоҳида бўлиб ёпишади. Ҳайвонларнинг бошига, бўйнига, кўкрагига, сут бези, анус, жинсий органлар атрофига жойлашиб олади ва уларнинг қонларини сўра бошлайди. Искад каналарининг эпизоотологик хусусиятларидан бири шуки, улар инфекция вирусларини бутун умр ташиб юради.

Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигининг профиликтикаси бир нечта йўналишларда олиб борилади. Каналарга  қарши инфекция чора-тадбирлари энг асосийси ва етакчиси ҳисобланади.

ҚКГИ касаллигига қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар ветеринария ва соғликни сақлаш ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилиши ва амалга оширилиши лозим. ҚКГИ касаллиги бўйича эпидемик ҳудудларда (табиий ўчоқларда) кемирувчиларга қарши дератизация тадбирлари олиб борилиши шарт. Дезинфекция ишлари бир пайтнинг ўзида ҳам чорвадорлик, ҳам шахсий хўжаликларда олиб борилган тақдирдагина яхши самара беради. Чорва моллари ва улар яшайдиган жойлар тўлиқ ва сифатли дезинфекция қилиниши лозим.

Хўш, кана чақишининг олдини олиш учун нималарга эътибор бериш лозим?

Бунинг учун энг аввало:

- чўл ҳудудларига (табиат қучоғига) апрель-июнь ойларида имкон қадар чиқмаслик;

- чўл ҳудудларидан, бозорлардан майда ва йирик шохли молларни канага қарши ишлов бермасдан уйга олиб келмаслик;

- молларда кана борлиги аниқланса, дарҳол ветеринария шифокорига мурожаат қилиб, уларнинг тавсияси асосида каналарга қарши ишлов бериш;

- каналарни қўл билан эзиб ва қайчи билан кесиб ўлдирмаслик;

- қирқим мавсумига ёш болалар ва ўсмирларни жалб этмаслик;

- қирқим вақтида фақат махсус кийим (қўлқоп, енг ва пойчалари мустаҳкам беркитиладиган шим, камзул, резина этик)лардан фойдаланиш;

- қирқим пайтида шахсий гигиена қоидаларига пухта амал қилиш талаб этилади.

Агар сизнинг қарамоғингиздаги уй ҳайвонларини ёки оила аъзоларингиздан биронтасини кана чақса ёки қўлларингиз кана қони билан ифлосланса, зудлик билан яқин жойдаги даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат этинг!


 Майя ҚАЛАНДАPОВА, туман ДСЭНМ эпидемиолог-шифокори.

 

Мақола Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг молиявий ёрдами асосида чоп этилди.

Янгиликни бўлишинг: