"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

САВОЛ БЕPИНГ, ЖАВОБ ҚАЙТАPАМИЗ

Савол: – Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга мулк ҳуқуқи эътироф этилиши мумкинми?

Жавоб: – Фуқаролик кодексининг 212-моддаси бўйича Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек, иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари, қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморатдир.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Шахс ўзига қарашли бўлмаган ер участкасида ўзбошимчалик билан иморат қурган бўлса, унинг бу иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи суд томонидан башарти, мазкур участка шу шахсга қурилган иморат учун белгиланган тартибда бериладиган бўлса, эътироф этилиши мумкин. Бироқ ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилишига сабаб бўлса, ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса, юқорида кўрсатилган шахсларнинг ўзбошимчалик билан қурган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилиши мумкин эмас.

Cавол: – Ишга жойлашиш учун қўшимча кафолатлар кимларга берилиши мумкин?

Жавоб: – Меҳнат кодексининг 68-моддаси бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларга, шу жумладан, ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари ва ногирон болалари бор ёлғиз ота, ёлғиз оналарга ҳамда кўп болали ота-оналарга, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшларга, шунингдек олий ўқув юртларининг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчиларига, Ўзбекистон Pеспубликаси Қуролли Кучлари сафидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганларга,ногиронларга ва пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахсларга, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган шахсларга, одам савдосидан жабрланганларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатлар берилади.

Саволларга туман прокурорининг катта ёрдамчиси, 3-даражали юрист Д.Алламбергенов жавоб берди.

Савол: – Шартнома асосида таълим олаётган олий ўқув юрти талабаси таълим кредитини бир йўла тўрт йилга олиши мумкинми? Бу кредитнинг йиллик фоизи қанча?

Жавоб: – Энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ёки ўқиш учун тўлов тарифлари ўзгариши муносабати билан, "Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт асосида мутахассислар тайёрлаш бўйича” жорий ўқув йилидаги шартнома ҳар ўқув йили учун алоҳида тузилади. Йиллик фоизи Марказий Банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган ҳолда белгиланади.

Шу сабабли, таълим кредити бир йўла 4 йилга берилмайди.

Савол: – Янги иморат қуриш учун пенсионерлар кредит олиши мумкинми?

Жавоб: – Марказий банкнинг кўрсатмасига асосан кредит ўн саккиз ёшга тўлган ва муомала лаёқатига эга, доимий яшаш жойида рўйхатдан ўтган, шунингдек ўз фаолияти натижасида олинадиган даромадлар, пенсия ҳамда бошқа даромадларга эга бўлган Ўзбекистон Pеспубликаси фуқароларига берилади. Агар пенсионер янги иморат қуриш учун кредит оладиган бўлса, пенсия миқдори ва таъминот манбаи олинган кредитни қайтарувчанлик, тўловлилик қобилиятига эга бўлиши лозим. Туманимизда уй-жой қурилиши бўйича жисмоний шахсларни кредитлаш "Қишлоқ қурилиш банк”нинг Амударё тумани мини банки орқали амалга оширилмоқда.

Саволларга «Агробанк» АТБ туман филиали бошқарувчиси вазифасини бажарувчи К.АЙТБОЕВ жавоб берди.

Янгиликни бўлишинг: