"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

НАВОИЙ ВА БОБУP: ҲАP САТPИДА ҲИКМАТ ЯШИPИН

Аждодларимизнинг тафаккур қудрати маҳсули бўлган, маънавий қадриятларимиз асосини ташкил қилувчи асарлар боқийликка дахлдордир. Вақт ўтиши билан аввал мангуликка мансуб кўрилган кўп нарсалар таназзулга учрайди, лекин боқий асарлар асрлар оша ёғдуларини таратиб, инсониятнинг маънавий-ақлий, ахлоқий камолотига хизмат қилиб келаверади.

Маълумки, эътиқод туйғулари, яхши хулқ ёки яхши одат малакалари инсон билан бирга туғилмайди. Уларни жамият ва одамлар тарбия жараёнида камолга етказадилар.

Ана шу йўлда бизга раҳнамолик қилувчилар, ўзларининг ўлмас асарлари билан авлодларнинг ҳаёт йўлида маёқ вазифаларини бажарувчи буюк устозларимиз, шубҳасиз, А.Навоий ва З.М.Бобур ҳисобланади. Бу мутафаккирлар даҳоси фақат ақл-идрок, тафаккур кучи билан англаб етиладиган маънавият офтобларидир. Ҳар қайси ижодкор Навоий ва Бобур закосининг миллатпарварлик, ватанпарварлик моҳиятини англаб етганидан кейингина ўз бадиий кашфиётлари учун йўл оча олади. Чунки, бу даҳоларни англаш – ҳаётни, жамият воқеа-ҳодисаларини, инсон қалбини идрок ва ифода этишнинг юксак чўққисидир, санъатнинг асл халқчиллигини таъкидлаш демакдир.

Адабиёт, сўз санъати халқ дард-ташвишларини, қувончларини бадиий ҳақиқатга айлантириш билан бирга миллат дидини юксалтиришга, эстетик савиясини камол топтиришга хизмат қилади. Навоий ва Бобур ўз ижодларида ана шу вазифани бекаму кўст бажариш бахтига муяссар бўлганлар. Навоий инсон авлодини умрни бир мақсадга интилмасдан, ўз иқтидори ва имкониятлари доирасида камолот босқичини кўзламасдан кечиришнинг аламли оқибатлари тўғрисида:

Бировким – жаҳондин керак ком анга,

Эмас яхши – бир ерда ором анга.

сатрлари билан огоҳ этиб, уларни умр боғидан мумкин қадар сара мевалар ундиришга, мақсад йўлида собитқадам бўлишга, тинимсиз изланиш ва интилишга даъват қилди.

У "Бадоеъ ул-бидоя” девони дебочасида инсоннинг бунёдкорлик даҳоси, тафаккур заковати ва фидойи табиатига қуйидаги сатрларида айрим талабларини қўйган эди:

Pанж кўрмай киши топарму фароғ,

Кўнгли ўртанмайин ёнарму чароғ?

Тухм ерга кириб – чечак бўлди,

Қурт жондан кечиб – ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму,

Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?

Инсон зотидан бўлмаган онгсиз-идроксиз мавжудот билан ўз куч-қудратини таққослаб кўришга даъват қилмоқда буюк шоир. Инсоннинг онгли меҳнати, аниқ, улуғ мақсадни кўзлаган фаолияти заминидаги мўъжизакор имкониятлари ҳақида, ундан фойдаланмаслик оқибатлари ҳақида куйиниб сўзламоқда: "Ахир сен, илоҳий қудратнинг энг азиз ва мукаррам, улуғ ва қудратли, энг гўзал ва беназир эҳсонисан – инсон деган номинг бор, то тирик экансан, инсонлик номига муносиб ғайрат ва ҳиммат кўрсат!”

Навоий яна бир шоҳбайтида инсон меҳнатининг шарофат ва хосиятларини илоҳий қисматнинг хоҳиш-иродаси деб билади.

Тенгри эҳсониға шод ўлғон – қилур,

Ўзни шод-у меҳнатидан элни ҳам.

Бу байтнинг мазмуни оммалашиб ёшларимиз ўзларига шиор қилиб олишлари лозим бўлган "одам фарзанди фақат ўзи учун яшамайди”, деган ҳикматли сўзларга кўчган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеъриятида ҳам инсон камолотидаги ахлоқий ва маънавий масалаларга кенг ўрин берилган. Шоир инсонни улуғлайди, унга ҳурмат назари билан қарайди. Инсон қадр-қимматини юқори кўтаради. У дўстлик, биродарлик, Ватанга садоқат каби сифатларни олқишлайди. Бобурнинг фикрича хасислик, худбинлик, риёкорлик каби ярамас иллатлар инсонни ҳалокатга етаклайди. У кишининг ҳаёти яхшилик, мурувват, олийжаноблик, тўғрилик каби олий мақсадларга қаратилиши керак, деб билади. У мансаб ва давлатга эришиб ғурурланмаслик, камтарин бўлиш каби инсоний фазилатларни камол топтиришга ундайди. Ота-она билан фарзанд ўртасида меҳр-муҳаббат, қадр-қиммат, эҳтиром каби хислатлар барқарор бўлишини истайди:

Отани чунки қибла дебтурлар,

Қибла янглиғ анга назар қилғил.

Бобур ахлоқий тарбия масаласига алоҳида эътибор берган. Шоирнинг маънавий-фалсафий қарашларини ва ижтимоий мавзуларга бўлган муносабатини аниқлашда, унинг айниқса, муаммоларини ўрганиш катта аҳамиятга эгадир:

Хулқингни рост қилғил ҳар сориғаким борсанг,

Аҳсанта дер бори эл гар яхши от чиқорсанг.

Бобурнинг бу муаммоси замиридаги мазмун ва инсоний ҳис-туйғулар улуғ сўз санъаткори томонидан юксак маҳорат билан ифода этилган. Шоир ҳақиқий инсон номига эга бўлиш учун ахлоқнинг барча нормаларига риоя қилиш кераклигини, шундагина киши эл ҳурмати ва бахтга сазовор бўлишини уқтиради.

Умуман, улуғ бобокалонларимиз А.Навоий ва З.Бобурларнинг шеърияти ўзининг жанр хусусиятлари, мавзу доираси, ҳаётий фалсафаси ва бадиий жилоси билан ўзбек мумтоз адабиётининг нодир намуналарини ташкил қилади. Уларда ҳаёт ва инсонни қадрлаш, гўзалликдан баҳраманд бўлишга интилиш ҳақида нафақат ориф инсоннинг, балки муаллифларнинг ҳам шахсий қарашлари ўз аксини топган. Шунинг учун ҳам Навоий ва Бобур шеъриятини у зотлар яшаб ўтган мураккаб даврнинг ўзига хос бадиий кўзгуси дейиш мумкин.

Ўзларининг сермазмун ва баракали ижодлари билан жаҳон маданиятига улкан ҳисса қўшган бу буюксиймоларнинг асарлари ҳамиша ҳаммамиз, айниқса ўзларини комил инсонлар даражасига етказишни истаган ёшларимиз учун ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди.

Аҳмад НАФАСОВ,

"Жайхун илҳомлари” ННТ раиси.

(Фото - http://turkistonpress.uz)

Янгиликни бўлишинг: