"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7909.37 -35.07
  • 1 EUR = 9306.16 +43.21
  • 1 RUB = 126.72 -1.73

НАЗАPХОН ОВУЛИДАГИ ОБОД ТУPМУШ ЛАВҲАЛАPИ

Мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллиги олдидан

 


Қишлоқда йирик саноат корхонаси

Назархон овули. Туманимизнинг шимолий ҳудудида, Амударёнинг ўнг қирғоғида ястаниб ётган сўлим гўша. Халқи меҳмондўст, меҳнаткаш, ўзаро меҳр-оқибатли, илғор фикрли эл. Овул аҳли пахтачилик, ғаллачилик билан бирга боғдорчилик, чорвачилик ва паррандачилик, полиз ва сабзавот экинларидан ҳар йили мўл ҳосил, мўл даромад олиб келишади.

- Pизқини ҳалол терган инсонга Аллоҳ кетмас, давлат беради, - дейдилар. Шунданми 622 та хонадонга бириккан 3530 нафар аҳолининг ҳеч нарсадан камчилиги йўқ, - дейди Назархон овул фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи Гулжаҳон Ибрагимова. – Овулимизда меҳнат қиламан, мўл давромад топаман, деган ҳар бир инсон учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Мен сизларга шундай меҳнат майдонларини кўрсатайки...

  Ҳеч қачон тиниб-тинчимайдиган, овул-эли, меҳнаткаш овулдошлари ҳақида ҳамиша фахрланиб сўзлайдиган Гулжаҳон бизни "Қорақалпоқ қишлоқ қурилиш сервис” МЧЖга бошлади.

Замонавий Хитой технологияси асосида пишиқ ғишт ишлаб чиқарадиган мазкур корхона бугунги кунда нафақат туманимиз, балки Қорақалпоғистон  Pеспубликаси миқёсида амалга оширилаётган намунали уй-жойлар қурилишлари учун аъло навли, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган ғишт ишлаб чиқармоқда. Заводнинг лойиҳадаги қуввати йилига 25-30 миллион дона ғишт ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, бу – тўрт хонали ўртача уй-жойлардан 750-760 та ёки ўртача 60 та мактаб қурилишини пишиқ ғишт билан таъминлаш имконини беради, дегани.

Назархон овулининг "Сойкўл” ҳудудида "Қуламет ўй” мавзесидаги 23 гектарлик аъло навли соз тупроқ каръерни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 25 гектар майдонда қад ростлаган ғишт заводининг 2010 йилнинг апрель ойида ишга туширилган дастлабки линиясида ўша йилнинг ўзидаёқ 2 миллион донадан зиёд қурилишбоп пишиқ ғишт ишлаб чиқаришга эришилди. Хитойлик ва маҳаллий малакали мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорликдаги ишлари туфайли 28 камерали айланма хумдон қурилиши жуда қисқа муддатда тугатилиб, фойдаланишга топширилиши корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш сифати ва самарадорлиги ошишини таъминлади. Энг муҳими, қишлоққа саноатнинг кириб келиши натижасида 30 нафар назархонлик ёшлар доимий ишга жойлашдилар.

 

ДИPЕКТОPДАН КЎП МАОШ ОЛАДИГАН ИШЧИЛАP

Мақтанса арзигулик, фахрланса ярашгулик бу меҳнат майдонида Гулжаҳон Ибрагимова айтганидай эртаклардаги мўъжизанинг ўзини, балки назархонликлар ҳаёти, турмуш тарзига, эл-юртимизга буюк бунёдкорликларни бошлаб келган амалий ижросини кўрдик. Қудратли техникаларни моҳирлик билан бошқараётган назархонлик ва туманимиз ёшлари меҳнати, билим ва салоҳияти боис, бу ерда саноқли дақиқалар ичида оддий тупроқ элакдан ўтказилади, сифатли қорилади, хом ғиштларга айланади. Бу жараённинг, барчасини техникалар бажаради. Тайёр хом ғиштлар пешма-пеш қуритилиб, хумдонларга тахланади. Барча иш конвейер усулида, узвийлик асосида олиб борилади. Заводнинг бу бошидаги каръердаги тупроқ конвейер машиналарга йўналтирилса, иккинчи томонда – хумдонлардан чиққан пишиқ ғишт маҳсулотлари қудратли машиналарга юкланиб, пешма-пеш намунали уй-жойлар қурилишига жўнатилади.

- Бир кеча-кундузда 30-35 минг дона пишиқ ғишт, 35-40 минг дона хом ғишт тайёрланади, - дейди корхона иш юритувчиси Маҳмуд оға Отажонов. – Ишчиларимиз 4 та бригадага бирикиб ишлашади. Кунлик, ойлик режалар ортиғи билан бажарилгани боис, ишчиларнинг моддий манфаатдорлиги ҳам юқори. Ишчиларнинг ўртача ойлик маоши 350-400 минг сўмни ташкил этади.

2013 йилнинг ярим йиллик якунларидан нафақат корхона раҳбарлари, ишчилар ҳам мамнун. Негаки, шартномадаги режа ошиғи билан бажарилди. 1 миллион 200 минг дона пишиқ ғишт ишлаб чиқарилиб, бюртмачиларга етказиб берилди. Жами 318 миллион сўмлик иш бажарилиб, маҳсулот таннархи бозордагидан анча арзон, яъни, бир дона пишиқ ғишт 265 сўмга тушди.

- Менинг 18 кунлик иш ҳақим салкам 500 минг сўмга етибди, - дейди қувониб юк ташиш машинаси бошқарувчиси Жумабек Айтмуродов. – Айрим ҳамкасбларимиз ойига 800 минг сўмдан ошириб маош олишади. Корхонамиз директори ҳам бунча кўп маош олмайди, ишонаверинг.

Ишондик, сабаби, қўли-қўлига тегмай  ихлос билан меҳнат қилаётган ишчилар Шинғис Шаубоев, Муроджон Худойберганов, Ботир Абдуқодиров, Замир Исмоилов, шофёрлар Мадрим Бекмуродов, Илҳом Ҳусаиновларнинг бири қозоқ, бири ўзбек, яна бири қорақалпоқ оилаларида вояга етиб, ушбу корхонада ишлаш жараёнида бир-бирлари билан танишиб, дўстлашган, эндиликда бир оила фарзандларидай аҳилликда меҳнат қилиб, бирга яшаётган ёшлар. Улардан 7 нафари коллеж битирувчилари. Бири устоз, бири шогирд бўлиб, туғишганлардан зиёда, аҳилликда меҳнат қилаётган ёшларнинг 20 нафари туман марказидан, Қипчоқ қишлоғидан экан. Билсак, узоқдан келганлар учун корхона ҳудудида ишчилар ётоқхонаси ҳам мавжуд экан. Бу ерда ишчиларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар муҳайё: телевизор, шахмат-шашка, газета-журналлар, ювиниш хонаси ва шинам ошхона. Қўли гул ошпаз Зевар Матёқубова тайёрлаган ширин таомлар, у дамлаган сутли ширин қорачой ишчилар танига қувват, қалбларига хушнудлик бағишлайди. Ишда эса ҳамиша унум, самара юқори.

 НАЗИPАХОННИНГ ДАЛАЛАPИ

Биз ҳақиқий фидойиликнинг намунасини ана шу далаларда кўрдик. "Мамбетназарова Назира” фермер хўжалиги раҳбари Назирахон опанинг қайси даласида бўлманг, фаровонлик, эл-юрт ободлиги йўлидаги эзгу қадамларни, яратувчилик ишларини ва бу ишларга фидойиликни кўрасиз.

- 103 гектар экишлик майдонимиз бор, - дейди опа бизни  қуёшга интилиб, бўй талашиб ўсаётган пахта даласига бошларкан. – Шундан 60 гектарига пахта, қолган 43 гектар еримизга буғдой ва бошқа бошоқли дон экинлари, полиз ва сабзавот экамиз. Ҳар йили барча экинлардан мўл ҳосил оламиз. Бу йилги режаларимиз ҳам катта.


Катта режаларни кўзлаб деҳқончилик қилаётган фермер опа ўз хўжалигини кўп тармоқли хўжаликка айлантириш ниятида. Етти хазинанинг бири, деб баҳоланаётган кичик паррандачилик фермаси ва балиқчилик хўжалигини ташкил этишга бел боғлаган Назира Мамбетназарова бу борада аллақачон ишни бошлаб юборган.

- Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак, - деган ҳикмат  хаёлимдан кетмайди, - дейди у. – Шу боис, энг аввало паррандачилик фермамиз ва балиқчилик хўжалиги учун мўл озуқа жамғаришни режа қилдик. 43 гектармайдоннинг бир қисмига маккажўхори ва оқ жўхори экдик. Ахир балиқчиллик хўжалиги ўз-ўзидан ривожланмайди-ку. Дон-дун мўл бўлса, паррандачилик ҳам, балиқчилик ҳам ривожланаверади.

Бегона ўтлардан тозаланиб, агротехник ишловлари вақтида бажарилган ғўза ниҳоллари ғунчалаш арафасида. Маккажўхори ва оқ жўхори экилган далалаларда ҳам мўл ҳосилга замин яратилган.

- Худо хоҳласа, режадаги 90 тонна ўринга 110 тонна пахта етиштириб берамиз, - дейди Назира фермер эндигина ҳосил нишоналарини кўрсата бошлаган пахта даласи бошида ишонч билан.

Ҳар йилги мавсумда назархонлик пахтакорлар ичида биринчилардан бўлиб ҳосил карвонини йўлга соладиган Назиранинг шижоатига биз ҳам ишондик. Чунки аёл боши билан камида 30 нафар ҳамқишлоғини мавсумий иш билан таъминлаб, қарамоғидаги 103 гектар ернинг ҳар бир қаричида бўстон яратиб, халқим фаровон, юртим обод бўлсин, деб жон куйдираётган Назиранинг далаларидаги бугунги меҳнатнинг самараси юқори, дилларни қувонтирадиган даражада унумли.

 

Ўтемурод бобонинг "Зироатчилик фабрикаси”

Назархон овули туманимизнинг ҳам шимолий, ҳам чўл ҳудудида жойлашган. Шунданми, қуёш тиккага келганида овул осмонида ҳатто қуш ҳам учмайди. Бироқ овулнинг қайси хонадонида бўлманг, мевалардан шохлари ларзон сўлим боғлар ҳавосидан вужудингиз ором топади.

- Тал тушде уйден-де бағ-бақшамиз пайзли, келеберинг қарақларим, - баланд ўсган қантак ўрикзор боғдан чиқиб келган кекса онахон бизни "боврим-боврим-ов”лаб, кулиб қарши олди.

Баланд қилиб қурилган айвонли уйнинг тўрт тарафига узум, ўрик,  шотут, қароли, олма, олча дарахтлари қуюқ соя ташлаган, кишига ҳузур бағишлайди. 20-25 сотих атрофидаги боғ ичкарисидан оқиб ўтувчи ариқ бўйларигача бақлажон, булғор қалампири, аччиқ қалампир, бир неча хил навдаги қовоқлар экилганини кўриб, уй соҳиби Ўтемурод бобонинг ўта меҳнаткаш инсонлигини сездик.

- 10 нафар фарзандни дунёга келтирдик, - дейди Ўтемурод бобонинг умр йўлдоши Қизларгул момо. – Аллоҳнинг иродаси, 3 нафарини тупроққа қўйдик. Қолганлари омон бўлсин. Шу ер, шу боғ-роғнинг меваси, қўрадаги молим билан товуғимнинг баракасидан ўғил-қизларимиз униб-ўсиб, уйли-жойли бўлишди. 4 нафар қизимни ҳеч кимдан кам қилмай, касб-корли қилиб узатдик. Икки ўғлимга иморатлар тикладик. Юртимиз худога шукур, тинч. Тинчлик бор жойда хотиржамлик бўлади. Хотиржамлик эса кетмас давлат, бойлик олиб келади.

- Бизларда ҳаммасидан бор, демайсанми, кампир!

Ўтамурод бобонинг ўз ҳаётидан қониқиш, хонадондаги ободлик, тўкин-сочинликдан шукроналик бор эди қувонч аралаш айтган бу сўзларида. Бундай тўкис, фаровон, обод, мўл-кўлчилик ҳоким хонадонни ҳеч қачон файз-у тароват тарк этмайди.

  Қўни-қўшни, маҳалладошларининг оёғи узилмайдиган Ўтемурод бобонинг томорқасини ҳамқишлоқлари "зироатчилик фабрикаси”, дейишлари ҳам бежизга эмас. Кунда, кун ора кампири оиласидан ортган сут-қатиқни, яшик-яшик мева-чева, сабзи-пиёз, ҳатто тухумгача Нукус шаҳридаги "Бердақ бозор” номини олган бозорчага олиб бориб, шаҳарликларга арзон баҳода сотиб келаверади. Орадан бир кун ўтиб-ўтмай яна пишиб-етилган мева-чева-ю сут-қатиғи билан бозорга отланган Қизларгул момо билан Ўтемурод бобо хонадонида етишмовчилик асло бўлган эмас. Ҳам-қишлоқлари эса мева-чева деб шаҳарга югуриб юришмайди. Шуни айтсалар керак-да: "Қўшнингда бори-сеники, сенда бори-элники”, деб.

 

ИНСОН МАҲАЛЛАДА УЛҒАЯДИ

Инсон бутун умр маҳаллада яшайди, маҳалла аҳлининг кўз олдида улғаяди, шахс сифатида шаклланади. Шу боис, инсоннинг ҳаёт тарзи, унинг нималарга қодирлигини ёки ҳаётидаги, феъл атворидаги камчиликни, етишмовчиликни, ҳатто унинг нимага муҳтожлигини маҳалладан ҳам ортиқроқ биладиган, эҳтиёжларини қондириш борасида ундан ортиқ фидойилик қиладиган ташкилот йўқ. Миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, замонга мос равишда янгиликлар билан бойитиш, гўзал урф-одатларни ҳаётга татбиқ этишда маҳалла институти энг фаол тарғиботчи ва ташвиқотчи вазифасини ўтайди.

Назархон овулида 3523 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шулардан 1770 нафарга яқини аёл-қизлардир. Овул ҳудудида 685 та оила бўлиб, уларнинг асосий қисмини ёш оилалар ташкил этади. Ана шу оилаларда бўлиш, ёшлар билан ишлашишда Гулхаҳон Ибрагимова кўпроқ овулдаги обрў-эътиборли, ҳаёт синовларига бардош бериб, кўпни кўрган, тарбияли фарзандларни вояга етказган кекса авлод вакилларининг маслаҳат ва йўл-йўриқларига суянади. Шу боис, овуллдаги  ҳар бир хонадонда катталарга  ҳурмат, кичикларга иззат одоби Гулжаҳон олиб борадиган тарбиявий ишларнинг бош тамойилига айланган. Айниқса, вояга етмаган ёшлар билан ишлашишда кекса авлод вакилларининг, ўгит-насиҳатлари муҳим. Ёшларнинг эрта турмуш қуришларига асло йўл қўйилмайди. Бу эса оилавий ажримлар содир бўлишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Аҳолининг иш  билан бандлигини таъминлаш бугунги кунда энг долзарб вазифага айланган. Чунки  бекорчи одам ҳар хил найрангларни ўйлаб топади ёки  бировнинг дилига озор етказади. Шунинг учун ҳам "бекорчидан худо безор”, - дейишади. Аёл-қизларнинг, айниқса, ёшларимизнинг касаначилик фаолияти билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиб берилиши натижасида уй меҳнати билан шуғулланувчилар сафи йил сайин ошиб бормоқда.

- 2013 йил – "Обод турмуш йили” муносабати билан овулимизда "Фаровонликка, юрт ободлигига менинг ҳиссам” шиори остида аёл-қизларни касаначилик, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ундовчи суҳбатлар уюштирдик, - дейди Гулжаҳон мамнуният билан. - Натижа эса кутилганидан ҳам зиёда бўлди. 12 нафар аёл-қиз ижтимоий фаол аёллар деб тан олиниб, тўй-маросимлар ва оилавий тадбирларни ихчам, камчиқим қилиб ўтказиш бўйича амалий фаолият олиб боришди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Назархон овулида ўтказиладиган барча турдаги тўйлар, маросим ва маъракалар ихчамлашди. Келин тўйларидаги "гулянка” деб аталган тартибсиз ва бўлмағур маросимга чек қўйилди. Эндиликда бизнинг Назархон овулида ўтадиган келин тўйларида "гулянка” ўтказилмайдиган бўлди.

Ҳудудда "Обод турмуш йили”да 3 нафар аёл ўз тадбиркорлик фаолияти, 6 нафар аёл-қиз уй меҳнати, 2 нафар аёл-қиз эса  касаначилик фаолияти билан шуғулланишни бошлашди.

Овул ҳудудида яшовчи кам таъминланган оилалар ОФЙ ишчи гуруҳининг доимий диққат марказида. Уларнинг ҳолидан тез-тез хабар олиб, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, турли байрамлар муносабати билан бундай кишиларнинг кўнгилларини кўтариш, "Гиёҳвандлик – аср вабоси”, "Соғлом онадан – соғлом фарзанд”, "Меҳр - кўзда”, "Ободлик – бахтли келажак тимсоли”, "Одам савдоси – аср муаммоси”, "Диний экстремизм - иллат”, "Огоҳлик – давр талаби” мавзуларида ўтказилаётган суҳбатлар, шубҳасиз, ўз самарасини бермоқда.

- Муҳими, назархонликлар Мустақилликнинг ойдин йўлларида, - дейди Гулжаҳон фахр билан. - Ҳар қадамда ободлик, ўзгариш ва тараққиёт ҳоким.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

«Тараққиёт кўзгуси» мухбири.

Янгиликни бўлишинг: