"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8249.97 +12.13
  • 1 EUR = 9392.59 +1.14
  • 1 RUB = 124.67 -1.19

Амударё туманида 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2017 йилги иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор вазифалари ҳақида туман ҳокими С.Йўлдашевнинг ҲИСОБОТИ

Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар, сессия иштирокчилари!

Маълумки, 2014 йилда Конституциямизнинг 103-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унга мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ҳамда долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши белгиланган эди.

Айтиш керакки, бу ўзгаришлар давлат ҳокимияти ва бошқарувини такомиллаштириш ҳамда янада демократлаштириш, маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлигини кафолатлаш, депутатлик назорати институтини мустаҳкамлаш, партиялараро рақобатни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этиб, маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ролини янада оширади ва ижро органларининг масъулиятини кучайтиради.

Ҳаммангизга маълум, жорий йилнинг 14 январь куни Вазирлар Маҳкамасида йил якунларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда муҳтарам Президентимиз томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасини кенг муҳокама қилиш давомида келиб тушган таклифлар инобатга олинган ҳолда, 2017 йил учун мўлжалланган иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифаси белгиланди.

Ижозатингиз билан, 2016 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2017 йилги иқтисодий дастурнинг устувор йўналишлари тўғрисида батафсил ҳисобот берсам.

Ҳисобот даврида туманда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб олинган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг истиқболли режа кўрсаткичлари бажарилиши таъминланди.

2016 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 179,5 млрд. сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 116,5 фоизни, халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш ҳажми 83,3 млрд. сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 107,0 фоизни ташкил қилди.

Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2016 йилда умумий қиймати 18,6 млрд. сўмлик 220 та лойиҳа ишга туширилиб, 826 та янги иш ўринлари яратилди.

Туманда саноат соҳасини ривожлантириш мақсадида 2016 йилда қиймати 6 млрд. 670 млн. сўмлик (шундан, ўз маблағи ҳисобидан 3 млрд. 390 млн. сўмлик, тижорат банки кредитлари ҳисобидан 3 млрд. 280 млн. сўмлик) маблағлар ҳисобидан жами 22 та лойиҳалар ишга туширилди ҳамда уларда 278 та янги иш ўринлари яратилди.

Жумладан, янги корхоналарни ташкил этиш бўйича 15 та лойиҳалар, мавжуд ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича 7 та лойиҳалар, шундан:

– енгил саноат йўналиши бўйича 520 млн. сўмлик 4 та лойиҳа;

– қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 4,9 млрд. сўмлик 12 та лойиҳа;

– фармацевтика йўналиши бўйича 180 млн. сўмлик 1 та лойиҳа;

– озиқ-овқат йўналиши бўйича 320 млн. сўмлик 3 та лойиҳа;

– бошқа йўналишлар бўйича 750 млн. сўмлик 2 та лойиҳа ишга туширилди.

Саноат йўналишида янги лойиҳаларни жорий қилиш, салоҳиятли лойиҳаларни ҳар томонлама молиявий қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларни яратиш мақсадида 2017 йил саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига 37 та лойиҳалар киритилган бўлиб, жами 27 млрд. 655 млн. сўмлик, шундан ўз маблағи 3 млрд. 493 млн. сўм ҳамда тижорат банк кредитлари ҳисобидан 24 млрд. 162 млн. сўм маблағлари эвазига 526 янги иш ўринлари яратилиши белгилаб олинди. Бунда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат йўналиши бўйича 2 млрд. 680 млн. сўмлик 7 та лойиҳа, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 4 млрд. 365 млн. сўмлик 18 та лойиҳа, енгил саноат ва бошқа ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 20 млрд. 610 млн. сўмлик 12 та лойиҳа киритилган.

Келгуси йилларда саноат соҳасига тубдан ўзгаришлар киритиш, янгидан-янги лойиҳалар ташкил қилиш борасида изланишлар олиб борилмоқда.

Туманда саноат салоҳиятини 2017-2021 йилларда ривожлантиришда инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиб, бу дастурга ҳозирча жами қиймати 57 млрд. 712 млн. сўмлик 63 та лойиҳалар киритилиб, уларда 865 та янги иш ўринларини ташкил қилиш белгиланди. Бунга йил давомида ўзгаришлар ва қўшимчалар киритиб борилади.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 3 та корхонада  лойиҳа бўйича 650 минг АҚШ долларлик маблағлар ҳисобидан импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, дастур доирасида 32 та иш ўринлари яратиш белгилаб олинди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича дастурдаги 8 та йўналиш бўйича лойиҳаларни ишга тушириш юзасидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига сифатли маҳсулотлар етказиб бериш ва бозорларда нарх-наволарнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2016 йилда қиймати  2 млрд. 890 млн. сўмлик 58 та лойиҳалар ишга туширилиб, уларда 197 та янги иш ўринлари яратилди.

2017 йилги давлат дастурига ушбу 8 та йўналишларни ривожлантириш бўйича жами қиймати 11 млрд. 121 млн. сўмлик 105 та лойиҳа киритилган.

Бугунги кунда туманда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ўрганишлар ва янги лойиҳалар бўйича изланишлар натижасида 2017 йилги қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурига қўшимча 3 млрд. 38 млн. сўмлик 41 та лойиҳалар киритилди. Натижада лойиҳаларнинг умумий сони 105 тага етказилиб, уларда жами 289 та янги иш ўринлари яратилиши белгилаб олинди.

Туманда сервис ва хизмат кўрсатиш бўйича 2016 йилда 140 та объектлар ташкил қилиниб, 338 та янги иш ўринлари яратилди.

2017 йилда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш бўйича давлат дастурига 107 та лойиҳалар киритилди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 10 млрд. 514 млн. сўмни ташкил қилади. Ушбу лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобидан 268 та янги иш ўринлар яратилиши белгиланган.

Тадбиркорлик субъектларига "Ягона дарча” маркази томонидан 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда ва 2016 йилда 139 та юридик корхоналар ва 351 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари янгидан ташкил қилиниб, давлат рўйхатидан ўтказилган.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан туман "Ягона дарча” марказига 2016 йилда жами 384 та мурожаат келиб тушган, ушбу мурожаатлардан 368 таси ижобий ҳал қилиниб,  шундан 16 та мурожаат давлат органлари ҳамда давлат хизматларини кўрсатадиган бошқа ташкилотлар томонидан тегишли қонун хужжатлари асосида рад қилинган.

Тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида 2016 йилда тадбиркорлик субъектларига тумандаги тижорат банклари томонидан 35 млрд. 120 млн.сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган. Шундан кичик бизнес субъектларига жами 14 млрд. 520 млн. сўм кредит маблағлари ажратилган.

Туманда фаолият кўрсатаётган юридик корхоналарнинг умумий сони бугунги кунга келиб 2089 тани ташкил қилади. Фермер ва деҳкон хўжаликларидан ташқари 913 та кичик бизнес субъектлари рўйхатдан ўтган.

Амударё туманида "2016 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури” бўйича 4814 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган бўлиб, амалда 4831 та иш ўринлари яратилиб, режа 100,4 фоизга бажарилди.

Туманимизда 2015-2016 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини 2652 нафар ўқувчи, шундан 1228 нафар қизлар ўз йўналишлари бўйича битирдилар. Битирувчилар ишга жойлашишларини таъминлаш мақсадида тўрт томонлама  шартномаларнинг сифатлилигига эътибор қаратган ҳолда мос йўналишдаги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик ташкил этилиб, ўз мутахассисликлари бўйича амалиёт ўташлари учун туманда фаолият кўрсатаётган корхоналар, ташкилотлар ва      муассасаларга бириктирилдилар.

2016 йил давомида Бандликка кўмаклашиш марказига 1281 нафар фаол иш қидирувчи фуқаролар мурожаат қилиб, улардан 1275 нафари ишга жойлаштирилди.

2016 йил давомида туман бўйича саноат маҳсулотлари экспорти 2519,6 минг АҚШ долларини, ҳудудий маҳсулотлар экспорти 1202,9 минг АҚШ долларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 1057,1 минг АҚШ доллларини ташкил қилди.

Афсуски, ҳудудий экспортёр корхоналар томонидан 2016 йилга белгиланган экспорт режаси тўлиқ бажарилмади. Жумладан, "Агат инвест пром” МЧЖ экспорт режасини 131 фоизга бажарган бўлса, масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Mangit invest plys” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси 76 фоизга, "Mega Amudaryo” МЧЖ 13,2 фоизга, "Amudaryo buyan” МЧЖ эса бор-йўғи 2,8 фоизга бажарган. "Jumamurod Nonvoy” фермер хўжалиги томонидан эса умуман маҳсулотлар экспорти амалга оширилмаган.

Келгусида экспорт хажимини ошириш мақсадида МЧЖ шаклидаги "Mangit invest plyus” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасидаги 400 тонналик замонавий музлаткичли омборхона 900 тонна сиғимга кенгайтирилди. Корхона томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйиш учун 42 гектар ер майдони ажратилди. 2017 йилда 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги валюта кредити ҳисобига 1 гектар майдонда замонавий иссиқхона қурилиши режалаштирилмоқда.

"Манғит тезкор савдо” МЧЖда 700 тонналик замонавий музлаткичли омборхона мавжуд. Ушбу жамиятга янги токзор барпо қилиш, 2 та авторефрижератор ва 1 та мини трактор харид қилиш мақсадида 550 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди.

2016 йилда "Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш учун 30 млрд. сўмдан ортиқ ва 230 минг АҚШ долларидан ошиқроқ маблағ сарфланиши режалаштирилган бўлса, йил якунида "Соғлом она ва бола йили” туман ҳудудий дастури тадбирларини амалга ошириш учун жами ҳаражатлар 41 млрд. 759,3 млн. сўм ва 233,5 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Ижтимоий соҳа, муҳандислик-коммуникация объектларини ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича туманда 2016 йилда барча манбалар ҳисобидан жами 85 млрд. 317,1 млн. сўмлик қурилиш ва монтаж ишлари амалга ошрилди.

Шундан хусусий қурилиш ишлари ҳажми 23 млрд. 99 млн. сўмни ташкил қилади. Жумладан, 2 млрд. 792 млн. сўмлик жами 11,1 км. узунликдаги йўллар таъмирланди.

Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари!

Ўтган 2016 йилда пудрат ташкилотлари томонидан  инвестиция дастурига асосан бюджет маблағлари ҳисобидан жами  қиймати 6 млрд. 794 млн. сўм бўлган 11 та объектда қурилиш-монтаж ишлари бажарилди ҳамда барчаси фойдаланишга топширилди.

Қўшимча дастур асосида Манғит шаҳри "Гулзор” маҳалласидаги 40-сонли (140 ўринли), "Ўрта қалъа” овулидаги 13-сонли (140 ўринли) ҳамда "Хитой” овулидаги 18-сонли мактабгача таълим муассасалари капитал таъмирланди. Тендер қиймати 7 млрд. 817,0 млн. сўм бўлган туман ички ишлар бўлими маъмурий биноси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

2016 йилда туманда 90 та намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилди. Лекин, шунга қарамасдан пудратчи ташкилот "Амударё қурилиш” МЧЖ (Т.Ядгаров) томонидан қурилган 4 та намунавий уй-жойлар шу кунгача ўз эгаларига фойдаланишга топширилмаган.

2016 йил давомида 2015 йилда қурилган намунавий уй-жойлар массивларида умумий қиймати 1 млрд. 240,2 млн. сўмлик 2,537 км. узунликдаги бетон қопламали йўллар қурилиши, 3,2 км. сиппровод электр тармоқлари, трансформаторлар ўрнатилиши, 1,3 км. газ тармоғи қуриш ишлари амалга оширилди.

Давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларни тўла ва жорий таъмирлаш бўйича 2016 йилга жами 2 млрд. 792 млн. сўм маблағ ажратилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

2017 йилда 4К6 "Манғит шаҳар катта айланма йўли” маҳаллий аҳамиятдаги йўлининг 7,0 км. қисмида 7,3 млрд. сўмлик тўла таъмирлаш ишлари режалаштирилган.

Шунингдек, Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 1 млн. 402 минг АҚШ доллари ҳисобига 20,7 км. асосий сув тармоғи ва 11,2 км. ички кўчаларга сув тармоғи ётқизилиб, 424 хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди. "Ўрта қалъа” овулидаги PУ-1 сув иншооти реконструкция қилинди.

Туманда аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 12,0 млрд. сўм маблағ ҳисобига янгидан 23,9 км. "Қоратов-Манғит” заҳира линияси ишга туширилди. Шаҳар аҳолисини сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 750 млн. сўм маблағ ҳисобига қуввати 630 кВа бўлган трансформатор пункти қурилди.

Манғит шаҳрини тунги ёритиш тизими билан таъминлаш мақсадида 3 км. узунликдаги сиппровод электр тармоқлари тортилди.

Манғит шаҳрининг Бўстон, Навоий, Чордара маҳаллаларида яшовчи аҳолини табиий газ билан таъминлашни яхшилаш бўйича узунлиги 5,5 км. газ тармоғи ички имкониятлар ҳисобига реконструкция қилинди.

Ҳурматли сессия иштирокчилари!

Шу ўринда бугунги кунда туманда иқтисодиётнинг барча тармоқларида фаолият кўрсатиб келаётган корхона ва ташкилотларнинг мавжуд дебитор ва кредитор қарздорликларини қисқартириш борасида амалга ошираётган ишларга ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Жорий 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига қишлоқ хўжалиги корхоналарининг хизмат кўрсатувчи ва таъминотчи корхоналардан жами қарздорлиги 9 млрд. 299 млн. сўмни ташкил қилади. Жумладан, қишлоқ хўжалиги корхоналарининг нефть маҳсулотларидан 2 млрд. 557,2 млн. сўм, минерал ўғитлардан 5 млрд. 818,8 млн. сўм, электр таъминоти корхонасидан 646,0 млн. сўм, машина-трактор паркларидан 276,8 млн. сўм қарздорлиги мавжуд бўлиб, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига нисбатан мавжуд қарздорлик 1768,8 млн. сўмга ўсган.

Истеъмолчиларга етказиб берилаётган ёқилғи-энергетика ресурсларидан (табиий газ ва электр энергияси) бўлган қарздорлик йилдан йилга ортиб бормоқда. Жумладан, табиий газ етказиб бериш бўйича қарздорлик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 млрд. 75,3 млн. сўмга ўсиб, умумий қарздорлик бугунги кунда 21 млрд. 15,1 млн. сўмни (аҳоли 20 млрд. 896,1 млн. сўм, улгуржи истеъмолчилар 119 млн. сўм) ташкил қилмоқда.

Электр энергияси бўйича умумий қарздорлик 1 млрд. 421,6 млн. сўмни (аҳоли 25,2 млн. сўм, улгуржи истеъмолчилар 1 млрд. 421 млн. сўм) ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 554,2 млн. сўмга ўсган.

Ичимлик суви бўйича қарздорлик 343,5 млн. сўмни ташкил қилиб, қарздорликни ўтган йилга нисбатан 53,2 млн. сўмга камайтиришга эришилган.

Шу ўринда табиий газ ва электр энергияси таъминоти корхоналари томонидан дебитор қарздорликни камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлари қониқарсиз, деб ҳисоблайман.

Ҳурматли сессия иштирокчилари!

Мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ бошланган эди.

Бугунги кунда туманда 37 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Уларда 3389 нафар болалар таълим-тарбия олишади. Бу тумандаги мактабгача ёшдаги жами 18155 нафар болаларнинг 18,7 фоизини ташкил қилади.

Мавжуд мактабгача таълим муассасаларининг 16 таси замонавий лойиҳалар асосида қурилган, бугунги кун талабларига жавоб берадиган моддий базага эга таълим муассасаларидир. Қолган 21 тасининг эса бинолари муассаса ишга тушгандан буён капитал таъмирланмасдан қолган. Уларни тўлиқ таъмирлаб, замонавий шарт-шароитлар яратиш энг долзарб муаммо бўлиб келган.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2016 йил 29 декабрь кунги "2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинишидан асосий мақсад ҳам ана шу муаммоларни ўз вақтида ҳал қилишдан иборат эди.

Ушбу йўналишда туманда 2017-2021 йилларда жами 15 та мактабгача таълим муассасасида, шундан 10 тасида капитал реконструкция қилиш ва 5 тасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун жами 11 млрд. 600 млн. сўм маблағ ажратилиши назарда тутилмоқда.

Юртимизда тиббиёт соҳасига берилаётган эътибор ва соҳа ходимларининг фидойи меҳнатлари натижасида аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари йил сайин яхшиланиб бормоқда. Туманимиз аҳолисининг 56163 нафарини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил қилиб, уларнинг барчаси диспансер кўригидан ўтказилди. Кўрик натижасида уларнинг 70 фоиздан ортиғи соғлом, салкам 30 фоизида эса турли даражадаги касалликлар аниқланди. Амалга оширилган даволаш ва муолажа ишлари натижасида касаллик аниқланган болалар соғломлаштирилди.

Туманда бугунги кунда 19 та қишлоқ врачлик пунктларида 74 нафар олий маълумотли шифокорлар фаолият олиб бормоқда.

Тиббиёт бирлашмаси моддий техник базасини ривожлантириш учун 2016 йил давомида жами 137,2 млн. сўмлик тиббий ускуналар ва мебель жиҳозлари билан таъминланди.

Саломатлик - 3 лойиҳаси доирасида қиймати 51,8 млн. сўмлик жиҳозлар (Дигитайзер) ва декабрь ойида 95,3 млн. сўмлик 1 дона "Nissan” русумли тез ёрдам автомашинаси ҳамда 8,8 млн. сўмлик стоматология йиғма комплекти, 8,5 млн. сўмлик 2 дона агрегат элетронасос ва 67,9 млн. сўмлик мебель жиҳозлари, 9,6 млн. сўмлик 4 дона музлатгичлар ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ҳал этишда юзага келаётган норозичилик ва сансоларчиликларни кескин чеклаш, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошган ҳамда юқоридаги ҳолатларнинг сунъий яратилишига сабабчи бўлган раҳбарларга таъсирчан чоралар кўриш, Ўзбекистон Pеспубликаси Бош вазири номига аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан юборилаётган мурожаатлардаги масалаларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ҳокимнинг қабул кунлари ҳам ҳафтада бир кун эмас, якшанба кунидан ташқари ҳар куни соат 10-00 дан 13-00 гача мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Бугунги кунда туман ҳокимининг виртуал қабулхонаси ҳам иш бошлаш арафасида.

Шунингдек, 2016 йилнинг 4-чорагида туманнинг барча ҳудудларида сайёр қабуллар ташкил этилди. Фуқароларни кўпроқ қизиқтираётган масалалар бўйича "Тараққиёт кўзгуси” ва "Менинг оилам” газеталарида, Амударё телевидениесида "Савол беринг, жавоб берамиз” рукни ва кўрсатувлар ташкил этилди, "amunews.uz” ва туман ҳокимлиги веб-сайтларида мақолалар бериб борилди.

Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари!

Эътиборингизни 2017 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган асосий йўналишларга қаратмоқчиман.

1. 2017 йилда 215,5 млрд. сўмлик (120,3 фоиз) саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу соҳада 29,2 млрд. сўмлик маблағлар ҳисобига 37 та лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида 526 тага яқин янги иш ўринлари яратилишига эришилади.

2. Туманда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида ҳалқ истеъмол товарлари ҳамда электр монтаж ўтказгичларини (кабель) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 400 минг АҚШ долларлик 2 та ("Амударё сув қурилиш бошқармаси” МЧЖ, "304-КМК” МЧЖ) лойиҳани 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурга киритиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

3. Экспорт прогноз кўрсаткичлари ижросини таъминлаш бўйича ҳудудий корхоналари, саноат ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларига белгиланган прогноз кўрсаткичлари ижросини таъминлаш ҳамда экспортбоп маҳсулот чиқараётган корхоналарни экспортга жалб этиш чоралари кўрилади.

4. Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича туманда 2017 йил 1 январь ҳолатига фаолият юритмаётган 22 та кичик бизнес субъектларини туман ҳокимлиги, туман давлат солиқ инспекциялари билан биргаликда қисқартириш талаб этилади.

2017 йил давомида 140 та кичик бизнес субъектларини ташкил этиш прогнози белгилаб олинган бўлиб, шундан 1-чорак давомида 30 та ҳамда 1-ярим йилликда 102 та кичик бизнес субъектлар яратилиши режалаштирилган.

5. Ижтимоий соҳа, муҳандислик-коммуникация объектларини ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича:

2017 йилги Инвестиция дастурига асосан туманда умумий қиймати 60 млрд. 791,3 млн. сўмлик қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш белгиланган.

Жумладан, 122 та намунавий уй-жой қурилиши, 11,9 км. сув тармоғи тортилиши, 6 та умумтаълим мактаби реконструкция ва капитал таъмирланиши, 2 та мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирланиши ҳамда 1 та спорт зал объектлари қурилиши режалаштирилган.

Йил давомида смета баҳоси 1 млрд. 410 млн. сўм бўлган ФҲДЁ бўлими биноси, смета баҳоси 450,0 млн. сўм бўлган нотариал идораси биноси, ички ишлар бўлими ходимлари учун 7 та хизмат турар жойлари, қиймати 6 млрд. 951 млн. сўмлик узунлиги 7,0 км. бўлган 4к6 "Манғит айланма йўли” маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлини тўла таъмирлаш, 1 млрд. 872 млн. сўмлик узунлиги 13,2 км. бўлган ички хўжалик йўлларига тош ётқизиш, қиймати 11 млрд. сўм бўлган янги тўқув фабрикаси қурилиши, 450 млн. сўмлик кўмир сақлаш омбори ва брикет ишлаб чиқариш цехи биноси қурилиши, қиймати 3,5 млрд. сўмлик Манғит подстанцияси реконструкция қилиниши, 12 та электр тармоқлари объектларида 1 млрд. 744,3 млн. сўмлик реконструкция ишлари режалаштирилган.

Муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилиши бўйича қўшимча 2017-2021 йилларда 47 та маҳаллалардаги 53 та трансформаторларни мукаммал таъмирдан чиқариш, алмаштириш ва 164,7 км. ҳаво линияларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ишлари кўзда тутилган.

Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари!

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз – азиз депутатларни, туманимиз фаолларини халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган 2017 йилга белгиланган иқтисодий ва ижтимоий дастурларни амалга оширишда фидойилик билан, фаол иштирок этган ҳолда туманимиз ва мамлакатимизнинг иқтисодий ривожига, аҳоли турмуш фаровонлигининг янада яхшиланишига ҳисса қўшишга чақираман. Бу йўлда барчангизга соғлик, оилаларингизга бахт, ишларингизга муваффақиятлар тилайман!

Эътиборингиз учун раҳмат!

Манғит шаҳри,

26  январь, 2017 йил.

Янгиликни бўлишинг: