"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

ПPЕЗИДЕНТ БИЗ НУPОНИЙЛАP БИЛАН ОТА-БОЛАДЕК СУҲБАТЛАШДИ

Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти Шавкат  Мирзиёев мамлакат раҳбари сифатида халқ билан мулоқот қилиш мақсадидаги биринчи ташрифини айнан бизнинг қорақалпоқ заминидан бошладилар ва бу ташриф унинг Қорақалпоғистон заминига ва қорақалпоқ халқига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтироми ифодаси бўлди.

Агар эсларингизда бўлса, Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 10 ноябрь куни Шўманай туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида: "Мен  нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман”, – дея таъкидлаган эдилар. Шу баробарида, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтириш бўйича белгиланган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталиб: "Бундан буён ҳар бир туман ва шаҳарга, керак бўлса, чекка-чекка қишлоқ ва овулларгача кириб борамиз. У ерда истиқомат қилаётган одамларнинг дардини эшитамиз, муаммоларини ҳал қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқамиз ва ижросини қатъий назоратга оламиз”,  деган эдилар.

20-21 январь кунлари Шавкат Мирзиёев ўз ташрифи давомида Қорақалпоғистон ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.

Давлатимиз раҳбари ўз ташрифи чоғида оддий меҳнаткаш одамлар билан учрашди, оилаларга кириб бориб, уларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишди, халқ билан самимий мулоқотда бўлди.

Президентимиз Хўжайли туманидаги марказий шифохонада, "Мурувват” аёллар интернетида, 69-сонли умумтаълим мактабида шифокорлар, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар билан учрашди. Шифокорлар ва мактаб ўқитувчиларининг малакаларини ошириш, ўқувчилар учун замонавий таълим шароитларини яратиш борасида тавсиялар берди.

Шавкат Мирзиёев Агросаноат маркази қурилаётган участкага бориб, ушбу марказ инфратузилмасини яратиш, турар жой инфратузилмасини ривожлантириш борасида маслаҳатлар берди.

Давлатимиз раҳбари назаридан Хўжайли туманининг бирон бир соҳаси четда қолмади. Хусусан, "Қорақалпоғистон” ҚВП шифокорлари билан суҳбати чоғида аҳолининг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлашда тиббиёт ходимларининг фаолияти муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Қорақалпоғистон Pеспубликаси фахрийларидан бири сифатида мен Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир сўзи, аниқ режа асосида, қатъият билан амалга ошираётган чора-тадбирларидан ниҳоятда мамнун бўлдим. Президентимизнинг Шуманай ва Қонликўл туманлари меҳнаткашлари билан самимий мулоқотларида ҳам халқ ҳаётига доир биронта муаммо четда қолмади.

Айниқса, Қўнғирот – Мўйноқ ичимлик суви тармоғи қурилиши ишчилари билан учрашувда Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари оралиғидаги 20 дан ортиқ аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини берувчи узунлиги 101 километрлик сув тармоғи қурилишининг аҳамияти ҳақидаги гаплари, Президентимиз ташрифининг иккинчи куни – 21 январда Нукус шаҳрида бунёд этилаётган полимер маҳсулотлари заводи қурувчи-бунёдкорлари билан бўлган самимий мулоқотлари барчамизга нафақат қувонч, балки чексиз ғурур ва ифтихор бағишлади. Чунки Нукус полимер маҳсулотлари заводи билан ёнма-ён барпо этиладиган энергия тармоғи маҳсулотлари, айниқса замонавий трансформаторлар ишлаб чиқарадиган завод лойиҳаси амалга ошса, Қорақалпоғистонгина эмас, бутун мамлакатимиз иқтисодиётида катта воқеа бўлади.

– Яқин вақт ичида, – деди Шавкат Мирзиёев, – Нукусда "Samsung” телевизорлари ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Нукус шаҳрининг Ерназар Олакўз номидаги кўчасида 5 қаватли 58 та бино қурилади. Қорақалпоғистон Pеспубликаси пойтахти тамоман янги қиёфа касб этади.

Президентимизнинг халқимиз маънавиятига ва маданиятига эътиборидан, қайта реконструкция қилинган Нукус темир йўл вокзалининг безатилиши ва Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби қурилиш лойиҳаси бўйича билдирган фикрларидан, тўғриси, биз нуронийлар беҳад мамнун бўлдик. Қорақалпоқ халқининг азиз фарзанди, халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов ёдгорлигини ўрнатиш, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали ҳузурида яқин келажакда амалга ошириладиган ишлар, Нукус шаҳри кўчаларини ободонлаштириш борасидаги қимматли маслаҳатлари, назаримда, ҳар бир қорақалпоғистонлик  учун бундан кейинги фаолиятларида дастурил-амал бўлиб қолади.

Президентимиз Имом Эшон Муҳаммад масжидида биз нуронийлар билан узоқ, мазмунли, самимий мулоқотда бўлдилар. Шавкат Мирзиёев биз – нуронийлар даврасида худди ўғил ўз отаси олдида ҳисоб берган каби ҳар биримиз билан алоҳида, қадрдонларча мулоқотда бўлдиларки, бу давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 10 ноябрь куни Шуманай туманидаги сайловолди учрашувида: "Мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман”, – деган гапларининг амалий тасдиғи бўлди. Имом Эшон Муҳаммад масжиди атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш мақсадлари учун 1 млрд. сўм маблағ ажратилишини айтганларида, давлатимиз раҳбарининг ислом маданияти ва маънавиятига нақадар катта эҳтиром билан қарашини ҳис этдик.

Президентимиз билан мулоқот чоғида кексаларни эъзозлаш, ёшлар тарбияси, маънавий-ахлоқий қадриятлар, айниқса, китобхонлик мавзусидаги фикрларимизни билдирдик.

– Одамларнинг ишга бўлган тафаккурини ўзгартиришда, ўзи яшаётган ҳовли, маҳалла ва туман ҳудудини озода, пок, обод сақлашда, кимдандир мурувват, ёрдам келишини кутиб ўтирмай, ўз оиласини фаровон, тўкис қилишларида Сиз азиз нуронийларнинг ҳаёт тажрибаларингиз, маслаҳатларингиз халқимиз учун сув билан ҳаводек зарур, – дедилар Ш.Мирзиёев биз нуронийлар билан суҳбатда. – Мен Тошкентдан Нукусга – қорақалпоқ халқи ҳузурига чиқишдан олдин сафаримиз охирида албатта, нуроний отахонлар дуосини олишимиз лозимлиги ҳақида ўйлагандим. Чунки Сиз азизларнинг дуоингиз халқимизни ҳамиша эзгулик томон бошлаб, ҳар бир ишимизга қанот бағишлайди.

Мен давлатимиз раҳбари билан шахсан учрашган, унинг  самимий суҳбатларидан баҳраманд бўлган инсон сифатида шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон заминига қилган ташрифи, оддий меҳнаткаш одамлар даврасида ўтказган самимий суҳбатлари янада улкан режаларга, халқимизнинг юрагидаги орзу-умидларига қанот бўлади ва халқимиз ишонч ҳамда қатъият ила меҳнат қилишга киришади.

Исмоил ТЎPАЕВ, меҳнат фахрийси.

(Фото - http://uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: