"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7909.37 -35.07
  • 1 EUR = 9306.16 +43.21
  • 1 RUB = 126.72 -1.73

АВЛОДЛАP ЭҲТИPОМИ

Хотира – кечаги кун билан бугунни боғлаб турувчи маънавий кўприк, тарих солномасига битилган улуғ ва эзгу ишларга авлодлар эҳтироми.

Мана бир неча кундирки, бутун мамлакатимизда, шу жумладан туманимизда  ҳам буюк Ватан қурган, ўзи севган халқининг бахт-саодати, эрк ва озодлиги учун курашган, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон мустақиллиги йўлида умрини бағишлаган Биринчи Президентимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони И.А.Каримов таваллуд топган кунга бағишланган хотира тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай хотира тадбири 30 январь – И.А.Каримов таваллуд топган кунда Амударё академик лицейида ҳам бўлиб ўтди. Аввало тадбир иштирокчилари бўлган туманимиз фаоллари ва ўқувчи-ёшларга буюк ўзбек фарзанди, Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг жўшқин ва курашчан ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фильм намойишидан сўнг И.А.Каримовнинг келажакни  кўра оладиган енгилмас ва қатъиятли давлат раҳбари сифатидаги улуғвор хизматларига бағишланган «Мустақиллик меъмори» мавзусида илмий-маърифий хотира анжумани ўтказилди.

Илмий-маърифий Хотира анжуманида туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова, Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат Университети ректори, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси депутати Муродбой Жуманов, Қорақалпоғистон халқ шоири Халила Давлатназаровлар И.А.Каримовнинг Ўзбекистонни тубдан ўзгартириб юборувчи иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий-маърифий ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги буюк хизматлари хусусида тўлқинланиб гапирдилар.

Қорақалпоғистон Халқ шоири Халила Давлатназаров "Бизлар ҳеч кимдан кам бўлмаслигимиз керак” мавзусида сўз юритиб, ўзбек халқининг ҳеч кимдан кам эмаслигини тараннум этувчи шеърларидан ўқиб берди.

Шунингдек, "Мустақиллик меъмори” деб номланган хотира тадбирида бир гуруҳ ёшлар ҳам сўзга чиқиб, ўзларининг буюк Юртбошимиз хотирасига бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиромларини изҳор этдилар.

* * *

27 январь куни 31-сонли умумтаълим мактабида халқимизнинг буюк ва садоқатли фарзанди, Биринчи Президентимиз И.А.Каримов хотирасига бағишланган "Мустақиллик меъмори” мавзусидаги хотира  тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон миллий тикланиш демократик партияси, "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда ЎзМТДП туман Кенгаши раиси Ширин Янгибоева, "Тараққиёт кўзгуси” газетаси махсус мухбири Pобия Йўлдошевалар сўзга чиқишиб, истиқлолнинг илк йилларида И.Каримов кўрсатган буюк жасорат ва матонат ҳақида, мамлакатимизда мустақиллик туфайли эришилган мислсиз ғалабалар, айниқса, ўқувчи-ёшларнинг ўз қобилият ва иқтидорларини амалда намоён этишлари учун яратилган жаҳон андозаларига мос шарт-шароитлар хусусида батафсил ҳикоя қилдилар. Ўқувчиларга монитор орқали И.А.Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи хроник маълумотлар намойиш этилди.

Тадбирда мактаб ўқувчилари ҳам сўзга чиқишиб, И.А.Каримов хотираси олдида ҳамиша эҳтиромда эканликларини, Юртбошимиз бошлаб берган улуғвор ишларнинг  давомчилари бўлиш учун ўзларининг аъло ўқишлари билан жавоб беражакларини билдириб, ўзларининг Ислом Каримов хотирасига бағишланган шеърларини ўқиб бердилар.

М.ШОМУPОДОВ.

* * *

28 январь куни Манғит иқтисодиёт коллежида Ўзбекистон Pеспубликасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд кунига бағишлаб хотира тадбири ўтказилди. Мазкур тадбирда Миллий тикланиш демократик партияси туман Кенгаши раиси Ш.Янгибоева, "Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Б.Аллабергенов, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси масъул котиби О.Ибрагимов, "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши мутахассиси Г.Нуржанова ва туман ички ишлар бўлими инспектори, катта сержант А.Йўлдошевлар иштирок этишиб, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.Каримовнинг мамлакатимизда олиб борган кенг салоҳиятли ишлари ҳақида ўқувчи-ёшларга гапириб бердилар.

Тадбирда коллеж ўқувчи-ёшлари ҳам сўзга чиқишиб, И.А.Каримов ўзи ҳаётлигида илгари сурган тинчликпарвар, халқпарвар ва адолатпарвар ғояларга садоқатда яшашга,  Ўзбекистон келажаги учун фидойилик билан меҳнат қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.


Жаҳонгир ОТАНАЗАPОВ,
Манғит иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси.

***

Юртимизнинг бугунги истиқболи ва тинчлигининг асосчиси бўлмиш Ўзбекистон Pеспубликасининг Биринчи Президенти  И.А.Каримовнинг таваллуд кунига бағишлаб Амударё транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ҳам "Мустақиллик меъмори” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирда коллеж директори Ў.Қўшназаров И.А.Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти, амалга оширган кенг кўламли ишлари ҳақида маъруза қилди. Маърифий тадбирда "Қурилиш хизмат” МЧЖ раҳбари  Б. Тўрабоев ҳам иштирок этиб, Юртбошимизнинг эзгу ишлари ҳақида тўлқинланиб гапирди. Тадбир давомида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари  Б.Шомуротов, тарих фани ўқитувчиси Ҳ.Матюсупов, ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси Ў.Гафуровлар Биринчи Президентимиз амалга оширган бунёдкорлик ишлари хусусида ўқувчиларга сўзлаб бердилар. Коллеж ўқувчилари Юртбошимизни  мадҳ этувчи шеърлар ўқидилар. 

Б. Сапарбоев,

Амударё транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ижтимоий фанлар кафедраси мудири. 

(Фото - http://uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: