"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9500.96 +9.23
  • 1 EUR = 10498.6 +43.00
  • 1 RUB = 149.01 +0.18

ТУМАН ҲОКИМИ ҲИСОБОТ БЕPДИ

2017 йил 26 январь куни Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 28-сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда туман ҳокими, туман кенгаши депутатлари, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик бўлимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, қонунчилигимиздаги ўзгаришларга асосан Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг Pегламентига ўзгартириш киритилиб, унга асосан, сессияда ҳокимнинг ҳисоботини эшитишда халқ депутатлари туман Кенгашининг рақобатлашаётган партия гуруҳлари раҳбарларидан бири сессияга раислик қилади, деб белгиланган.

2017 йил 24 январь куни бўлиб ўтган туман Кенгашидаги рақобатдош сиёсий партиялар депутатлик гуруҳлари раҳбарларининг йиғилишининг қарорига асосан, сессияга Ўзбекистон халқ демократик партияси депутатлик гуруҳи раҳбари Мақсуд Саъдуллаев раислик қилди. Сессия котиби этиб 22-Жумуртов сайлов округидан туман Кенгаши депутати Баҳром Шерманов сайланди.

Сессия кун тартибига "Амударё туманида 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2017 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари ҳақида туман ҳокимининг ҳисоботи тўғрисида”ги ҳамда "2016 йил 12 ойи давомида жиноятчилик ва қонунийликнинг аҳволи ҳамда бу борада туман прокуратураси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан туман прокурорининг ахбороти тўғрисида”ги масалалар ҳавола қилинди.

Дастлаб туманда 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2017 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари ҳақида туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ҳисобот берди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида туманда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб олинган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг бажарилиши таъминланди. 2016 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 179,5 млрд сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 116,5 фоизга, халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш ҳажми 83,3 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 107,0 фоизга ўсишига эришилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2016 йилда умумий қиймати 18,6 млрд. сўмлик 220 та лойиҳа ишга туширилиб, 826 та янги иш ўринларини яратилди.

Туманда саноат соҳасини ривожлантириш мақсадида 2016 йилда қиймати 6 млрд. 670 млн. сўмлик маблағлар ҳисобидан жами 22 та лойиҳалар амалга оширилди ҳамда уларда 278 та янги иш ўринлари яратилди.

Туманимиз ҳокими ўз сўзида туманни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш бўйича ўтган йилда амалга оширилган ишлар хусусида батафсил ахборот берди. Бу борада камчиликларга йўл қўйган муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари огоҳлантирилди. Шунингдек, келгуси йилда 2017 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган асосий йўналишларга ҳам кенг турда тўхталиб ўтди.

Ҳисобот юзасидан музокараларга 8-Бўстон сайлов округидан депутат, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзоси Холмурод Ўразаков, 18-Хитой сайлов округидан депутат, "Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи аъзоси Гулмирза Бабажанов, 3-Бойовул сайлов округидан депутат, Ўзбекистон халқ демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзоси Нилуфар Давлетова ҳамда 29-Қангли сайлов округидан депутат Замира Сапарова, шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон халқ демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзоси Отабек Йўлдошов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи раҳбари Мадамин Казаков "Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи раҳбари Ширин Янгибаевалар иштирок этиб, туман ҳокимига саволлар билан мурожаат қилдилар ва тегишли жавоблар олдилар.

Туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раисининг ўринбосари Адилбой Юсупов туман ҳокимнинг ҳисоботи бўйича масъул доимий комиссия хулосасининг мазмуни ва халқ депутатлари туман Кенгаши қарори лойиҳаси билан таништирди.

Туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари ва Кенгаш депутатларининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда туман ҳокими ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ишининг самарадорлигига қониқарли деб баҳо берилди. Шунингдек, ҳоким ва ижроия ҳокимият органлари ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар қабул қилинди.

Кун тартибидаги иккинчи масала бўйича туман прокурори Фарҳод Алламбергенов ахборот берди.

Ахборотда 2016 йилнинг 12 ойи давомида туманда жиноятчилик ва қонунийликнинг аҳволи ҳамда бу борада туман прокуратураси томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш ва келгусида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида тегишли мутасаддиларга аҳоли ўртасида профилактика ишларини самарали ташкил қилиш, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни камайтириш бўйича таъсирчан чоралар кўриш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун уларни таълимга тўлиқ жалб қилиш, ўқиш ва яшаш жойларида соғлом муҳитни яратиш, турли маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларини уюштириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш каби вазифалар берилди.

5-Беруний сайлов округидан депутат, 40-сонли умумтаълим мактаби директори Санобар Хужамуратова ва 24-Оқ олтин сайлов округидан депутат Pимбой Ўразбаевлар туман прокурорига саволлар билан мурожаат қилиб, тегишли жавоблар олди.

Кун тартибидаги ҳар иккала масала бўйича депутатларнинг ҳамда музокараларда иштирок этганларнинг фикр-мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

Сессияда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилишқўмитаси раиси Илҳомбой Юнусов иштирок этди.

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.


Янгиликни бўлишинг: