"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ТУPМУШ ТАPЗИМИЗ СОҒЛОМ, НИЯТЛАPИМИЗ ПОК БЎЛСИН...

Бундан икки-уч ойча илгари марказий телевиданияда бир кўрсатув берилди. Унда бадавлат оиланинг ёлғиз ўғлини гиёҳвандлар минг бир алдов  билан ўзларига шерик қилиб олишади. Ҳадемай зарарли оғуга мутъе бўлиб қолган ўғли уйидан яширинча пул олаётганини сезиб қолган она қаршилик қилганида бир силтаниб чиқиб кетган ўғил икки кун дараксиз кетади. Қайтиб келганида эса... отаси эшикда, бошида дўппи, белини боғлаб қариндошлари қуршовида турганини кўради. Она... бечора она ўғлининг қўлидаги пулга "буни сенинг тўйингга деб йиққанман, болам”, деб ёпишганида ўғлининг силтаб ташлаганида бошидан оғир лат еб бир кундан сўнг касалхонада ҳаётдан кўз юмган эди. Нокас ўғил ёлғизим деб еру-кўкка ишонмай, авайлаб вояга етказган онасининг ўша заҳри қотилни деб ўлимига сабабчи бўлди. Бундан ҳам даҳшатлиси онаси меҳри оғушида ташвишсиз улғайган ўғил ганггиб қолиб, уч кундан сўнг онаси қабри ёнидаги дарахтга ўзини осиб қўйди. Эҳтимол, бунда бадиий тўқима ҳам бордир? Бироқ, азиз замондошим, сиз-у биз гиёҳвандлик туфайли содир бўлаётган бундан-да оғир ва аянчли воқеаларини эшитиб, кўриб юрибмиз.

Дунё мамлакатлари тиббиёти деярли барча хасталикларга, ҳатто чорасиз, дея таърифланиб келган саратон касаллигига ҳам (агар бошланғич даврида бўлса) чора топишаётган бугунги тезкор замонамизда афсуски тобора кенгайиб ва яшариб бораётган гиёҳвандлик олдида иложсиз қолмоқда. Чунки бу йўлни ҳар ким ихтиёрий танлайди, ундан қутулиш ҳам оғир ва ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

26 июнь санаси бутун дунёда гиёҳвандликка қарши кураш куни деб белгиланган ва шу мақсадда кўплаб тадбирлар амалга оширилади. Умуман бу зарарли иллатга қарши кураш  йил мобайнида ҳам сусайтирилмайди. Мамлакатимизда, шу жумладан туманимизда ҳам кишини тубанликка элтувчи йўл – гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшларни бу оғу гирдобига тушиб қолишдан огоҳ этувчи кўплаб тадбирлар, давра суҳбатлари амалга оширилмоқда. Кўпгина ёшлар анжуманлари, спорт мусобақалари "Биз гиёҳвандликка қаршимиз” шиори остида ўтказилмоқда.

"Саломатлик маркази” томонидан шу йилнинг ўтган даври мобайнида гиёҳвандликнинг зарарли оқибати ҳақида, бу машъум гирдоб домига тушиб қолишдан огоҳ этиш мақсадида туман хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши ва "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси билан ҳамкорликда туманимизда 168 та турли тадбирлар ўтказилди. Шунинг 88 таси маҳаллаларда, 38 таси лицей ва коллежларда, 42 таси умумтаълим мактабларида ўтказилди.

Гиёҳванд модда қабул қилиш инсонни инсонлигидан марҳум қилади. У оиласида ҳам, жамиятимизда ҳам ўз фуқаролик бурчини адо этиш у ёқда турсин, ҳатто ҳис қила олмайди ҳам. Ҳам ақлан,  ҳам жисмонан заифлашади. Шунинг учун  гиёҳвандлик тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш халқаро ҳайъати ташкил этилган ва ягона ҳаракат дастури ишлаб чиқилиб, шу асосда кураш олиб борилмоқда.

Ҳа, чегара, ҳудуд танламайдиган бу вабонинг тарқалиш хавфи бутун дунёни ташвишга солаётир. Унга қарши кураш чоралари эса ўз қўлимизда эканлигини асло унутмаслигимиз лозим. Билимли маънавиятли, иродали ва соғлом бўлиб, улғайган фарзандларимиз бировнинг қутқусига учмайди, нопок йўлларга кирмайди. Уларга бу ҳаётда кимки не муддаосига эришган бўлса, бунинг туб асоси – соғлом турмуш тарзи, пок ниятлар эканлигини ҳар дақиқада уқтириб туришимиз лозим.

Ойгул PАЖАБОВА.  

(Фото - http://insonvaqonun.uz)

Янгиликни бўлишинг: