"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Буюк сўз санъаткори

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов!

Ўзбекистон халқ шоири, етук давлат ва жамоат арбоби Эркин Воҳидов!

Бу азиз ном, ҳоксор ва камтар, одамий сифатлари юзида, кўзида, ҳар битта сўзида, дилбар шеърий сатрларида акс этиб турган қуёш чеҳрали инсон наинки ўзбек халқининг, балки шоирни билган, таниган қардош халқларнинг ҳам қалбидан муносиб жой олган.

Мен Эркин Воҳидов номини таниганимда, тан олганимда ҳали жуда кичикина қизалоқ  эдим. Табиатан китобга, маънавиятга шайдо отам шоирнинг ҳар бир нашр этилган янги китобини алоҳида меҳр билан китоб жавонимизга териб қўярдилар. Биз фарзандларига шоир шеърларидан ўқиб берар, мутолаадан сўнг албатта:

– Яхши шоир ана шундай бўлади, сўзларни топиб, маржондай тизганини қаранг-а! – дердилар.

Шундай қилиб, уйимиздаги отам тартиб берган китоб жавонимизда Эркин Воҳидовнинг биринчи шеърлар тўплами "Тонг нафаси” билан, назаримда, менинг юрагимга энг мусаффо ва соғлом нафас кириб келди. Кейин шоирнинг  иккинчи тўплами – 1962 йилда чоп, этилган "Қўшиқларим сизга” китоби билан ошно бўлдим. Китоблар  ўқилавериб титилиб кетганидан ҳар гал отамнинг  рухсати билангина  мутолаага киришардик.

– Бу китоблар чоп этилганида ҳали сен туғилмаган эдинг, ёки гўдак эдинг, – дердилар отам китоб саҳифаларини оҳиста силаб.

Эркин Воҳидов даҳосига ҳурмат ва эҳтиром, эътибор оиламизда жуда юқори эканлигини ҳар лаҳзада ҳис қилиб улғайган биз фарзандлар учун отам раҳматлик жуда бой маънавият хазинасини қолдириб кетдилар. Оилавий кутубхонамиздаги жаҳон ва мумтоз адабиёт дурдоналари қаторида Эркин Воҳидовнинг деярли барча асарлари қуёшдай чарақлаб турарди. Мен шоирнинг ҳар сафар янги асарини ўқиганимда ўзим  учун ҳар гал ҳам дунёни, ҳам шоирни янгидан кашф этардим. Шоирнинг илк лирик шеърлари, илк ёзилган достонларидан сўнг "Нидо”, "Палаткада ёзилган достон”, "Ёшлик девони”, "Ўзбегим”, "Есениндан таржималар”, "Олтин девор”,  "Шарқий қирғоқ”, "Фауст”, (Гётедан таржима), "Pуҳлар исёни”, "Доғистоним” (P.Ҳамзатовдан таржима), "Донишқишлоқлик Матмуса”, "Бедорлик”, "Истанбул фожеаси”, "Илтимос” "Изтироб”, "Тахт ва бахт”, "Муҳаббатнома” каби асарлари, таржима асарларидан сўнг, ниҳоят "Сўз латофати” оиламиз китоблар жавонига бирма-бир тизилди. Бу асарлар китоб жавонимизга эмас, қалбимизга кўрк бағишлади.

Бугун ўзбек халқининг солиҳ фарзанди, улуғнафас шоир Эркин Воҳидов ҳар бир инсон учун идеал образга айланди, миллат, халқ, маънавият, инсонни инсон қилган буюк Сўз фидойиси сифатида Ватан ифтихори даражасида юксалди.

Талабаликнинг олтин фаслларидан бирида ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг маҳобатли тантаналар саройида таниқли шоир-у адиблар билан мароқли учрашув бўлди. Шоир-у шеъру шуур шукуҳи дилларни забт этган лаҳзаларда талаба-ёшлардан бири  Эркин Воҳидов шеъри билан қўшиқ куйлади. Қўшиқ ҳам, мусиқаси ҳам кўнгилларни маҳв этди. Учрашув якун топиб, ҳамма тарқалишаётир-у негадир шоир Эркин Воҳидов қўшиқ куйлаган талаба билан гапини тугатай демасди. Қизиқиш билан шоир ва талаба атрофини ўраб олдик.

– Сиз "япроғида”, деб эмас, укажон, "ёпроғида” деб куйладингиз, - дерди шоир ўта маданиятлилик билан. Қани, ўша охирги сатрларни такрорлаб беринг-чи?

Талаба такрорлади:

Тун билан йиғлабди булбул,

Ғунча ҳажри доғида.

Кўз ёши шабнам бўлиб

қолмиш анинг ёпроғида

– Ана, кўрдингизми, "япроғида”, эмас, "ёпроғида” деяётирсиз. Япроқ – барг, ёпроқ  бу – шева, "ёпроқ”нинг ўзаги – ёп – Хоразм шевасида ариқ маъносини беради. Тағин ёп – ёпмоқ феълининг ўзаги. Унинг тарихий илдизи жуда олис. Энди укажон, "ёпроғи”, – десак, ариқ атрофидаги ер тушунилади. Сўзнинг юки ҳар доим елкамизда турмоғи керак, – дедилар кулиб. Ва токи ашулачи-талаба қуйидаги сатрларни бехато айтмагунларича кетишга шошилмадилар:

Тун билан йиғлабди булбул,

ғунча ҳажри доғида.

Кўз ёши шабнам бўлиб

қолмиш анинг япроғида.

Кўз юмар бўлсам кўзим –

Олдида пайдо гул юзим.

Ғунча кўз очмоғи бор

Булбул кўзин юммоғида.

Йиллар ўтиб қаҳрамон шоирнинг "Сўз латофати” асари чоп этилганида, қимматли вақтини сарфлаб, оддий ҳаваскор ашулачи-талабага битта сўзда битта ҳарфни нотўғри айтгани туфайли шеър маъноси қанчалик хунук ўзгаргани хусусида куйиб-пишиб тушунтиришларида шоирнинг тилга, сўзга ҳурмати нақадар юксаклигини ҳис этдим. Яна шуни юрак-юрагимдан англадимки, шоирнинг ўзи фидойи сўз заргари бўлсагина, сўз қадрини баланд тутсагина унинг ёзганлари, ҳар битта сатрининг қадри баланд бўлади. Ҳеч қачон эскирмайди.

Эркин Воҳидов ижодини пухта ўрганган замондоши, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров: "Олтмиш йил мобайнида табиатнинг ҳукми шиддати билан кўп нарсалар эскирди, лекин мўъжизани қарангки, шоирнинг бирон сатри, бирон сўзи, ташбеҳи, фикри эскирмади, ҳар бир авлод уни ўзи учун янгидан кашф этди”, – деб ёзганларида нақадар ҳақ! Чунки бугун шоир ижодига доир қайсики маънавият мавзусидаги даврага борманг Эркин Воҳидовга хос "гавҳар СЎЗ, забаржад СЎЗ”нинг чинакам тараннуми юракларни забт этганига гувоҳ бўласиз.

"Тарихингдир минг асрлар

ичра пинҳон ўзбегим,

Сенга тенгдош Помир-у

оқсоч Тиёншон, ўзбегим!

Сўйласин Афросиёбу,

сўйласин Ўрхун хати,

Кўҳна тарих шодасида

битта маржон Ўзбегим!”

сатрларини Ватан чегараларини қўриқлаётган зобит-у аскарлардан тортиб боғча боласигача ёд айтадилар. Чунки шоирнинг "Ўзбегим” қасидаси Истиқлол фарзандларининг сиёсий қарашларини чархлади, миллий ҳис-туйғуларини уйғотди. Назаримда, "Ўзбегим” қасидаси ҳамон халқимиз учун ўзлигини англаш, мудроқ юракларда ўз Ватанидан, халқидан ғурурланиш, ифтихор туйғусини уйғотувчи бебаҳо маънавий бойликдир.

Шоир даҳосига эҳтиром сифатида 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган адабий-мусиқий тадбирда иштирок этарканман, тадбирда сўзга чиққан адабиёт ва шеърият шинавандалари тилларида жаранг топаётган Эркин Воҳидов шеърия-ти, Эркин Воҳидовгагина хос латофатли сўзнинг нақадар буюклик, даражасига кўтарилганини ҳис этдим. Ўша оний лаҳзаларда яна олис талабалик давримдаги бир гўзал хотирани ёдга олдим. Ҳурматли устозим, Ўзбекистон Қаҳрамони, буюк адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов дедилар:

– Эркин Воҳидов – зўр шоир. Унинг ҳеч бир сўзидан хато тополмайсиз. Агар "Хамса” ёзиш керак бўлса, бизнинг асримиздаги "Хамса”ни фақат ва фақат Эркинжон ёза олади!”

Озод Шарафиддинов ҳамма ёзувчи ва шоирларга бунчалик ишонч билан баҳо беравермас эдилар. Лекин ҳамма нарсага қизиқувчан талабалар даврасида Эркин Воҳидов ижоди ҳақида сўз очилса, яшнаб кетардилар.

Эркин Воҳидов! Бу ўта камтар, ўта бағрикенг, фидойи шоир бутун онгли ҳаётини ўзи айтмоқчи "сўз дурларини териб” халққа ҳадя этишдек энг хайрли, энг шарафли ва энг нуфузли ишга бахшида этди. Ва у бутунлай ўзи севган халқ юрагига сингиб кетди, буюк СЎЗ санъаткори даражасига юксалди.

Фасллар айланади, йиллар ўтади, Эркин Воҳидов номи, ижод йўли халқимиз учун буюк ибрат мактаби сифатида яшайверади.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: