"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

Жайхун илҳомлари

ИЖОДИЙ ЖАСОPАТ ҲАҚИДА

(Э.Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига)

Асли одам Ҳақ томондан.

Аввал битта яралган

Лекин унинг бир ўзида

Минг феъл-атвор жой олган.

 

Минглаб йиллар минг хил туйғу.

Бир вужудни талашар,

Шунинг учун гоҳ роҳат, гоҳ

Ғавғода яшар башар.

 

Ҳамда азал одамларга,

Хосдир ўзи бир хислат.

Балки лозим кўриб ўзи,

Бермиш соҳиби қудрат.

 

Ҳаёт экан инсон доим,

Керакдир бу фазилат.

Чунки кутилмаган чоғда,

Дуч келар мушкул фурсат.

 

Иродаси бақувватлар

Ўтар ҳар бир синовдан.

Зеро, хавфга тайёр одам,

Қўрқмас ҳеч қандай ғовдан.

 

Умр доим шод кечмайди,

Бўлар баъзан ғам-қайғу.

Ойнинг ярми ёруғ бўлса,

Ярмисидир қоронғу.

 

Нотўғридир мард деганлар,

Йиқилмасдан юролган.

Асли марддир қайта-қайта,

Йиқилса ҳам туролган.

 

Бундай одамнинг қалбида,

Қолса ҳамки асорат.

Ҳар ҳолатда тайёр улар,

Кўрсатмоққа жасорат.

 

Бундай инсонлар туфайли,

Элга доим наф бўлар.

Ҳатто узоқ даҳшат солган,

Балолар ҳам даф бўлар.

 

Қанча шоир ижодида,

Шу деб асли сезимлар.

Қоидада бўлган пайтда

Турли "изм-изм”лар.

 

-Шеъриятда шаклми ё,

Мазмун, - дея, - бирламчи?

Неча олим баҳслашдилар,

Отига босиб қамчи.

 

Шунда Шоир деди айлаб,

Ҳақиқатга таважжуҳ:

-Асли шакл билан мазмун, -

Тан либоси ичра руҳ.

 

Шоир бўлсанг доим турсин,

Шакл мазмунга ярашиб.

Шеър таъмини бузмасинлар,

Улар ўрин талашиб.

 

Агар ижодда халқингга,

Хизматни қилсанг ният.

Ҳар шеърингда қарор топсин,

Умуммиллий қадрият.

 

Чин инсоннинг соф виждони,

Дилда қилиб тантана.

Ҳар сатрингда балқиб турсин,

Неча асрий анъана.

 

Бу жиҳатдан лозим бўлса,

Агар доно муаллим.

Навоий ва Бобур каби,

Даҳолардан ол таълим.

 

Уйғоқ бўлсанг, элнинг бахти,

Бўлсин эс-у ҳушингда.

Ухлаганинг пайтда ҳатто,

Кўргин уни тушингда.

 

Бу шоирнинг кўнгли ёниқ,

Доим оташ дегани.

Ичсанг, элнинг дардин ичиб,

Ғамин ошаш дегани.

 

Эсса агар юртинг томон,

Жаҳолатнинг эпкини.

Сақлаш учун тайёр тургин,

Ўз халқингнинг эркини.

 

Ғаламислар иғвосига,

Қарши шеъринг яроқ қил.

Сафда доим олдинда юр,

Виждонингни байроқ қил.

 

Даъват қилгин илм олишга,

Илмлига дунё кенг.

Маърифатли халқлар яшар,

Доим тенглар ичра тенг.

 

Эл нафини куйламоқдек,

Бахтдан топиб нашида.

Фахр билан яратганман,

"Ўзбегим”дек қасида.

 

Кўп ларзага солган пайтда,

Бир истибдо дунёни.

Қурбонлари ҳақда пайдо,

Бўлди "Pуҳлар исёни”.

 

Мана, ҳурлик юзин кўрдик , –

Юртимизда истиқлол!

Бормоқдамиз тўғри йўлдан,

Демак, порлоқ истиқбол.

 

Фақат доим тургин огоҳ,

Халқнинг сезгир кўзи бўл.

Керак пайтда эл дилидан,

Тилга чиққан сўзи бўл.

 

Ҳар ишингнинг юртинг учун,

Бўлсин доим кераги.

Кўкрагингда уриб турсин,

Йўлбарснинг юраги.

 

Чунки шоирлик касб эмас,

Фидойилик дегани.

Ҳар нафасда жасоратга,

Ҳам қойимлик дегани.

 

Дейман: қалбинг кўзгусига,

Асло ғубор қўнмасин.

То ҳаётсан ижод завқи,

Жўшиб турсин, сўнмасин!

Аҳмад НАФАС.

 

НАСИҲАТ

Оз-оздан парвозин ўрганар қуш ҳам,

Осмондан тушмайдир ўқув ҳам, куч ҳам.

Ким тоғни забт этмай самони қучган,

Ҳавойи ҳаваслар – бекорчи душман.

 

Минг қайғу чеккунча бир ишни битказ,

Минг омад кутмасдан бир кўчат ўтқаз,

Фарзанд-ла машғул бўл, камолга етказ,

Кўнглингни кул босган ғашликдан қутқаз!

 

Оз-оздан машқингни соз айлаб юргил,

Ҳаётга ишқингни мос айлаб юргил.

Шаштингни суст қилмай, ёз айлаб юргил,

Наслингни паст тутмай, авайлаб юргил!

Ж.ҲИДОЯТОВ.

 

Ватанга қасамёд

Жаннатмакон юртим, жон Ўзбекистон,

Ватансан, беғубор, мусаффо баҳор.

Ҳимоянгда турар мард, жасур ўғлон,

Ҳарбий хизмат эрур фахру ифтихор.

 

Ўғлингман, мен сенга қалқон – ҳимоя,

Тайёрман, қолгунча то сўнгги нафас.

Ёвлар ўтолмайди – бор метин қоя,

Ўзбек ўғлонига ой қилар ҳавас.

 

"Ўғлим, отланибсан, эзгулик – йўлинг,

Мард бўлгин, ўктам бўл, эл бўлсин рози.

Аждодлар руҳидан куч олсин қўлинг,

Юртимда янграсин тўйлар овози”, –

 

Дея дуо қилган меҳрибон онам,

Доимо беради фикримда жаранг.

Берган оқ сутингиз оқлайин ҳар дам,

Сиз билан етишдим шу кунга, қаранг!

 

Бугун қабул қилдим ҳарбий қасамёд,

Ватан байроғини тиз чўкиб ўпиб.

Шу онтимга содиқ қолгум умрбод,

Асл фарзанд бўлай, шонли йўл ўтиб.

 

Ҳарбий қасамёдни қабул қилган он.

Дилимда чарх урар шундай бир хаёл:

Йигит ҳаётида ягона имкон,

Сен Ватан ўғлисан, жангчи бўл ҳалол!

 

Ушбу қасамёдни дилимга жойлаб,

Юракда мисоли гавҳар – асрайман.

Тупроғинг кўзимга тўтиё айлаб,

Бепоён сарҳадинг кўздек асрайман.

 

Ҳалқим, тинчлик учун танда жон билан,

Аждодларим руҳи – буюк шон билан,

Ватан севгиси-ю, чин иймон билан,

Ҳар ёруғ кунинг-чун ёниб яшайман,

Яшайман дилимда қасамёд билан!

Алишер АҲМЕДОВ,

"Чойкўл” ОФЙ ходими.

 

Жоним фидо элимга

Бу юртда яшайди Ҳазрати инсон,

Эли учун фидо қилар ширин жон.

Ватан учун берай мен ҳам қутлуғ қон,

Аллоҳим, юртимни сақлагин омон!

 

Нон-тузингни еб, қадринг билмаганлар,

Сендан ҳеч бир ёмонлик кўрмаганлар.

Ёв келса, қалқон бўлиб турмаганлар,

Аслида ёвдан ҳам ёмондир, ёмон!

 

Осмонингга булут соя сололмас,

Биз бормиз, тинчликни тортиб ололмас.

Ғанимлар ерингга оёқ қўёлмас,

Аллоҳим, юртимни сақлагин омон.

Нодира ЯНГИБОЕВА.

 

Шарафли хизмат

Барчанинг кўнгли тўқ, ҳеч қўрқмас зинҳор,

Чегара мустаҳкам, сергак ҳар аскар.

Жонини гаровга қўйиб ўғлонлар,

Истиқлол байроғин баланд кўтарар.

 

Ватанга хизмат бу – энг олий бурчдир,

Байроғ-у туғини муқаддас билмоқ.

Ватанга хизмат бу – аскарга кучдир,

Шарафдир, тиз чўкиб қасамёд қилмоқ!

 

Доим дадил бўлишга ундар қўмондон,

Муқаддас Ватан, деб ёнар кўзлари.

Ватан меҳри сингар мунис онадан,

Шунинг-чун Ватан, деб яшар ҳарбийлар.

Инобат ОДИЛБОЕВА,

Манғит иқтисодиёт коллежи ўқувчиси.

 

Ватан посбонларига

Ватан мадҳи дилингизда,

Она макон қўлингизда.

Буюк ишлар йўлингизда,

Мард ва жасур ўғлонлар,

Байрамингиз муборак!

 

Алпомишдай ботир юрак,

Олға шахдам қадам қўйган.

Мангуберди сизга ўрнак,

Амир Темур авлодлари –

Байрамингиз муборак!

 

Сизлар борсиз, тинч юртимиз,

Асло йўқдир ташвишимиз.

Доим соғ-омон бўлингиз,

Ботир ўғлон – шерюрак,

Байрамингиз муборак!

Сабоҳат ЕPДАШЕВА, Амударё академик лицейи ўқувчиси.

 

Бобомдан ўргандим

Ватаннинг шаънини ҳимоя қилган,

Тинчлигу бахт учун югуриб-елган.

Нуроний ёшда ҳам "халқим”, деб турган,

Бобомдан ўргандим юртни севмоқни.

 

Ҳаёт йўлларида минг бор қоқилиб,

Жони оғриса-да ҳатто йиқилиб.

Ватан, деб минг бора ўлиб-тирилиб,

Яшаган бобомда кўрдим қудратни!

 

Мен ким, Аму элнинг суюк ўғлони,

Кўксимда жўш урар Ватан туғёни.

Мангу бўлсин, дея тинчлик қўрғони,

Бобомдан ўргандим ЮPТни севмоқни!

Жамшид ЧЎТБОЕВ,

Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

 

Ўзбек ўғлонлари

Жаҳонда йўқ тенгингиз,

Оламчадир меҳрингиз.

Борми ёки сеҳрингиз,

Эй, ўзбек ўғлонлари!

 

Сира ором олмайсиз,

Эрта-ю кеч тинмайсиз.

Соғ-у омон бўлгайсиз,

Эй, ўзбек ўғлонлари!

 

Эл умидвор сизлардан,

Чақнаб турган кўзлардан.

Меҳр тўла юзлардан,

Эй, ўзбек ўғлонлари.

Дилдора PАЖАБОВА.

 

ЎЗБЕКЛАP

Ўз уйида, ўзига бек ўзбеклар,

Оила гулшани обод ўзбеклар.

Кўнгли тоза, меҳри уммон ўзбеклар –

Ҳам фидойи, меҳнаткаш халқим менинг!

 

Нафосат-у камтарлик уларга хос,

Меҳмондўстлигига қилгудай ҳавас.

Очиқ чеҳралиги ҳам ўзига мос,

Қўшниси-ла қон-қариндошим менинг!

 

Йиғиб-терганига тўйлар қилади,

Меҳмон келса, кўнгиллари тўлади.

Марраларни доим баланд олади,

Тинчлик деб яшайди ўзбегим менинг!

Лобар ЎPОЗИМБЕТОВА.

 

ВАТАН

Ватан, шараф-шонимсан,

Ғуруримсан, оримсан.

Сен учун фидо жоним,

Бахшида дил ашъорим.

 

Ватан, десам дилимда,

Тошиб кетар туғёним.

Гуллайди қароғимда,

Ҳар қарич ер, ошёним.

 

Жаҳон аро бир китобсан,

Маънавият барқ урган.

Энг нурафшон офтобсан,

Дунёга нур таратган.

Сурайё PАЖАБОВА.

 

Тинчлик қалқонлари

Мард ва жасур аскарлар,

Юртимизни қўриқлар.

Улар каби бўлмоққа,

Интилади болалар.

 

Постида сергак туриб,

Фарзандлик бурчин туйиб.

Қўриқлашар Ватанни,

Ҳар қарич ерин суйиб.

 

Тинчликнинг қалқонлари –

Юртнинг мард ўғлонлари.

Дуо қилар буюк халқ.

Буюк юрт посбонларин!

Сурайё ДАВЛАТОВА.

 

Шукрона айтинг

Хирмонимиз тоғдан ошади,

Боғларимиз чирой очади.

Кўрганларнинг баҳрин очади,

Тинчлик учун шукрона айтинг!

 

Кимлар кўрди урушни йиғлаб,

Кимлар ўтди тинчликни истаб.

Азизларим, сиздан бир талаб –

Тинчлик учун шукрона айтинг!

 

Тандирдаги ширмой нон учун,

Осойишта отган тонг учун.

Ўзбек деган улуғ ном учун,

Тинчлик учун шукрона айтинг!

 

Бизнинг элдир ўз-ўзига тўқ,

Соғ-омондир тўрт мучанг, жонинг.

Бундай тинчлик ҳамма ерда йўқ,

Тинчлик учун шукрона айтинг!

Бекзод АЛЛАҚУЛОВ,

   55-сонли мактаб ўқувчиси.

Янгиликни бўлишинг: