"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

Янги йил илҳомлари

           ХУШ КЕЛИБСАН

Порлоқ-порлоқ нур сочиб,

Хуш келибсан, янги йил!

Эркин, равон йўл очиб,

Хуш келибсан, янги йил!

 

Эски йил давомчиси,

Янгича илҳомчиси.

Бўлиб шодлик куйчиси,

Хуш келибсан, янги йил!

 

Қадаминг қутлуғ бўлсин,

Зафаринг улуғ бўлсин.

Барча сендан ўргилсин,

Хуш келибсан, янги йил!

 

Икки минг ўн еттинчи,

Сендадир ишонч кучи.

Элга қувонч бергувчи,

Хуш келибсан, янги йил!

 

Дилсайёр истаклари,

Кўпаяр борган сари.

Сенсан, илҳом меҳвари,

Хуш келибсан, янги йил!

Худойберган   ЖУМАМУPОДОВ.

 

МУЛОҚОТГА ЙЎЛ ОЧИБ

Ўғил-қизлар шодланиб бугун,

Ҳар бирининг чеҳраси гулгун.

Эски йилга ясалиб якун,

Эшик қоқиб келди янги йил.

 

Қорбобожон Қорқизи билан,

Арча ёруғ юлдузи билан.

Ошаётган нуфузи билан,

Кириб келди яна янги йил.

 

Янги йилда янгича ҳаёт,

Турмушимиз гўзал бағоят.

Эски йилга ясаб ниҳоят,

Умид ила келди янги йил.

 

Янги йилни кутяпмиз, мана,

Ҳар даврада қилиб тантана.

Мулоқотга йўл очиб, ана,

Халққа манзур келди янги йил.

 

Ҳур диёрда бахтли замона,

Гўзал қўшиқ, гўзал тарона.

Тараддудда ҳар уй, ҳар хона.

Тинчлик олиб келди янги йил.

Шомурод ХЎЖАНОВ, "Дўрман” овули.

 

ЯХШИ

Бировнинг айбини яширмоқ, яхши,

Озгина ҳимматни оширмоқ, яхши.

Дунёдан ўтганни ёмон деманглар,

Кўпни яхшиликка шоширмоқ, яхши.

 

Fийбатчи гапирса, қоқиб қошини,

Заҳарга тўлдирар ичган ошини.

Элда бир ибратли мақол ҳам бордир:

"Яхши ошин ейди,ёмон бошини!”

 

Банда савоб ишни ҳар куни қилса,

Яхшилик қилишнинг савобин билса.

Тонгла маҳшар куни келган вақтида,

Худонинг олдида жавобин берса.

 

Бахиллик ёмондир, ҳасаддир ёмон,

Ичи ёниб, бир кун бўлади тамом.

Худойим бергандир унга иноят,

Худо берганига ҳасаддир ёмон.

 

Акангни ёқа бил, укани енг бил,

Яхшига, ёмонга химматинг тенг қил.

Ёмон ҳам бир куни келар инсофга,

Савоб топай, десанг кўнглингни кенг қил.

 

Яхши бўлсанг, сендан қолар эмиш боғ,

Ёмонлик қилгандан қолар эмиш доғ.

Фақат яхши бўлиб дунёдан ўтсанг,

Жаннат эмиш жойинг, учмас эмиш зоғ.

 

Яхшилик йўлига чорлайди яхши,

Йўлинг машъал бўлиб порлайди, яхши.

Янги йилда ёмонга йўлдош бўлмангиз,

Фарҳод дер, яхшилик – умрнинг нақши.

Фарҳод Аваз,

”Жайхун илҳомлари” ННТ аъзоси.

 

ЯНГИ ЙИЛ ОPЗУСИ

Қандай залвор сезилса-да,

Қишнинг ҳар нафасида.

Сирли шукуҳ сездим бугун,

Байрам арафасида.

 

Янгидан-янги орзулар,

Умиддан бериб дарак.

Умрнинг зар китобида,

Очилар янги варақ.

 

Бу демак, кимнинг кўнглида

Ватан обрўси, шони.

Бўлса буюк келажакни,

Яратмоқлик имкони.

 

Юрт равнақи фикри билан,

Банд бўлса қиз-ўғлонлар.

Қанча-қанча муаммо-ю,

Таслим бўлар довонлар.

 

Афсус, бўлди йўқотишлар,

Шукур, бўлди топиш ҳам.

Энди лозим олға бормоқ,

Белларни боғлаб маҳкам.

 

Катта мақсад режаларга,

Дилни ҳаммамиз боғлаб.

Ҳар бир ишда зафарларга,

Қўямиз ўзни чоғлаб.

 

Инсон билан мулоқот ва

Манфаатлари йилида.

Зўр ишларга ният бордир,

Ҳамма раҳбар дилида.

Бугун айтилган тилаклар,

Pўёб бўлиб бехато.

Ҳақнинг ўзи юртимизга,

Бахт-иқбол қилсин ато.

 

Майли, яқинлашсак ҳамки,

Кексаликка бир қадам.

Гашти бор-да, омон етсанг,

Ахир қариликнинг ҳам.

 

Келаётган Янги йилнинг

Қутлуғ остонасида.

Ният шу – халқим яшасин,

Бахтнинг кошонасида!

Аҳмад НАФАСОВ.

 

АPАФА

Кундан-кун охирлаб борар эски йил,

Кундан-кун ўй босиб боради мени.

Сўроқлар ёмғири ёғиб муттассил,

Шалвираб қолгандай юрак ҳам ҳил-ҳил.

 

Кўзгуга қарасам, бултургидан кўп

Сочларим оқини санайвераман.

Юзларим ажини ортибди-ку хўп,

Тизилишган бари гўё саноқ чўп.

 

Йил адоғи асли чарчоққа ўхшар,

Осмони ҳам очмас қовоқларини.

Ер курраси ҳорғин, зўрға айланар,

Гўё оёқлари бир-бир чалишар.

 

Ўзимдан-ўзимга бериб ҳисобот,

Йилнинг чегараси жиловлар мени.

Сакраб ўтмоқчидай миниб асл от,

Ўнг-у сўлларимга қарайман бот-бот.

 

Эски йил йўл очар янаги йилга,

Сирли очун мисол ҳайратга солар.

Ниятлар туйдириб ҳар битта дилга,

Файз берар умрнинг ҳар бир фаслига.

Шарофат ХОЛМУPОДОВА,

32-сонли мактаб ўқитувчиси.

 

ЯНГИ ЙИЛ

Ҳаммаёқда ўзгача ранглар,

Янги йилнинг гашти кeзмоқда.

Арчамизга бир бор қаранглар,

Гўзаллигин ўзи сeзмоқда.

Эртакларнинг олами асли,

Бeзатилган ҳар бир хонадон.

Қиш ҳамманинг сeвимли фасли,

Қор ўйнаймиз юргин, укажон!

Бир мўъжиза кутар юраклар,

Совға истар мурғак болажон.

Айтилади минглаб тилаклар,

Саргузаштдир ҳар лаҳза, ҳар он.

Сукунатли, сeҳрли тунда,

Қорбободан эртак тўқиймиз.

Лeк ажиб сир мавжуддир унда,

Афсона дeб, баёт ўқиймиз.

Яшамоқнинг гўзал онлари,

Чиқиллайди соат бонглари.

Оқшом бугун шундай чиройли,

Янги йилнинг олтин тонглари!  

Нилуфар Собирова, Амударё академик лицейининг собиқ ўқувчиси.    

 

ОҚ ОPЗУДАЙ ШИPИН

Парча-парча қор билан,

Изғирин ҳаво билан.

Янги йил кириб келар,

Қорбобо, Қорқиз билан.

Қор гули тушар майин,

Оппоқ орзудай ширин.

Қорбобони ясайин,

Байрамда бу зўр ўйин.

Парча-парча қор билан,

Изғирин ҳаво билан.

Янги йил кириб келар,

Янги бахт, орзу билан.

Pозажон PАҲИМОВА.

 

ЎЧМАС АНЪАНА

Янги йил, сен янги орзуларимсан,

Янги йил, мусаффо, пок тилагимсан.

Юрагим қаърида чақнар дуримсан,

Учмоққа шайланган қанотим ўзинг,

Янги мақсад, янги кун бошла ўзинг.

 

Оқ қорлар эрийди бу замин узра,

Кўз ёшин тўкади аста сумалак.

Қуёш ҳам уйғонар янги кун сари,

Орзу томон учар нафис капалак –

Қор, ёмғир ёғар ва чиқар камалак.

 

Янги йилнинг ажиб хислати бордир,

Барчанинг қалбини эгаллар қувонч.

Қорбобо ҳар куни ишга тайёрдир.

Халтасин орқалаб учар яхмалак,

Улашар ҳар кимга ишонч-у тилак.

 

Ҳаётинг олдинда, мақсад сари бор,

Илм ўрган, изла, бариси тайёр.

Юрагингга жойла букилмас виқор

Ва келажак йўлинг равон бўлгайдир,

Янги йил азизлар, қутлуғ келажак.

 

Янги йил, сен янги орзуларимсан,

Ватанга муҳаббат орттирдинг яна.

Янги йил, мусаффо, пок тилагимсан,

Сен бир олам қувонч, катта тантана,

Сен халқнинг қалбида ўчмас анъана.

Дилдора PАЖАБОВА,

Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.   

 

ТАБPИК

Бугун янги кун, янги сониялар,

Унутинг, ғам, қайғу ҳамда гинани.

Улашинг барчага совға-саломлар,

Янги йилда янгича орзулар қилинг.

 

Ҳамма ҳурсанд, юзларида табассум,

Қорбобо улашар филча, айиқча.

Кўм-кўк арча гўё баҳордай масъум,

Шохларида ўйнар тилла қайиқча.

 

Бонг уради соат ўн икки, нолда,

Ширинликлар тотиб, бўламиз шодон.

Қувончлар кезади ҳар бир овулда,

Халқимга муборак бўлсин Янги шон!

Мафтуна МУPОДОВА.

 

ҚИШ

Мен севган фасл – қиш!

Мен кутган фасл – қиш!

Дала-ю қир, боғ-роғлар,

Ором олар осойиш.

 

Қор ёғар, майин, оппоқ,

Оққа беланар тупроқ.

Тупроғим – она ерим,

Ватаним – сўлим қишлоқ.

 

Осмон гўё ризқ элар,

Солиб ерга кўрпалар.

Оппоқ, қорга бурканиб,

Покланади далалар.

Pаъно ИСМОИЛОВА, Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

 

Қорбобо ҳадяси

Мафтункор яшил арча,

Шодондир бугун барча.

Ҳадя қилиб Қорбобо,

Улашди оқ қор – парча.

 

Бир йил бизга бўлиб ёр,

Ташлаб кетди Қорбобо.

Аммо бизлар бахтиёр,

Юраклар тўла виқор.

Оппоқ, момиқ пахтадек,

Ёғаяпти яна қор.

Деразадан қўл чўзиб,

Тутиб олдим оппоқ қор.

 

Ич-ичимга сиғмайин,

Қор гулларин тутдим мен.

Ёғаяпти қор – парча,

Қор бўрон ўйнар барча.

Ойсанам  ТИЛОВМУPОТОВА.

Янгиликни бўлишинг: