"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

ЭЪТИPОФ, ЭЪТИБОP, ҚУВОНЧ ВА ШОДЛИКЛАP ОҒУШИДА

Мамлакатимизда ҳар бир байрам ўзгача шукуҳ ва тантанаворлик билан нишонланади. Айниқса, Янги йилнинг кириб келиши халқимиз қалбига олам-олам қувонч, хонадонларимизга файз, бепоён Ватанимизга гўзаллик бахш этади. Ҳар битта кўнгилда бошланган Янги йил қувончлари умумхалқ шодиёналарига уланиб кетади.

Мустақил Ватанимизда Янги йилнинг илк куниданоқ халқимиз тарихга айланган бир йилда эришган ютуқларидан руҳланиб, янги режалар, орзу-умидлар билан яшай бошлайди. Таҳририятимизнинг бугунги меҳмонлари – турли соҳаларда фаолият юритаётган фидойилар, она Ватан ғамхўрликларидан баҳраманд бўлиб, кексалик гаштини сураётган юртдошларимиз, ҳар жабҳада ўзлигини намоён этишга қодир ёшларимиз ҳам қалбларидаги байрамона шодликларини, янги орзулари ва тилакларини Сиз азизлар билан баҳам кўриш учун ташриф буюришди.

Илҳом ПОЛВОНОВ, "Адолат” СДП туман Кенгаши раиси:

– Тарихга айланган 2016 йил, назаримда, "Соғлом она ва бола йили” давлат дастури доирасида амалга оширилган режавий ишлар, тадбирларнинг халқимиз ҳаётида ижобий акс этгани билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Поёнига етган 2016 йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти сайлови уюшқоқлик билан ўтказилди. Ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётган халқимиз Ўзбекистоннинг келажаги, халқ бахт-саодати учун жонини беришга тайёр, ватанпарвар, халқпарвар, фидойи фарзандини мамлакат раҳбари этиб сайлади. Ушбу сиёсий жараёнда "Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз сайловолди дастури билан фаол иштирок этди.

Президентимиз янги 2017 йилни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлаганларида жуда катта рамзий маъно бор. Чунки қайси соҳа раҳбари бўлишидан қатъий назар, у энг аввало халқ билан яқин бўлгандагина ҳурмат ва обрў топади. Бундан раҳбар ҳам, у раҳбарлик қилаётган жамоа ҳам, халқ ҳам бирдай манфаатдор бўлади.

Халққа яқин бўлиш – эзгулик томон қадам қўйишдир.

Шукурулла Шеримбетов, "Жумур овул” МФЙ раиси:

– Янги йилимизнинг Президентимиз томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб номланиши, назаримда, бутун Ўзбекистон халқи дилидаги фикрдай жарангламоқда.

Тарихга айланган 2016 йил халқимиз учун, шу баробарида шахсан мен учун ўта масъулиятли йил бўлди. Туманимиз аҳли барча соҳаларда йилни катта муваффақиятлар билан якунлашди.

Шахсан менинг ҳаётимда 2016 йил ўчмас из қолдирди. Менинг кичкина хизматларим юқори баҳоланиб, "Мустақилликнинг 25 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирландим. Ўзим истиқомат қиладиган "Жумур овул” маҳалласи аҳли фуқаролар йиғини раиси сайлови жараёнида менинг номзодимни қўллаб-қувватлаб, "Жумур овул” МФЙ раислигига сайлашди. 4461 нафар аҳоли ишончини қозониш – зиммамга қанчалик катта масъулият юклашини ҳис қилишнинг ўзи раис сифатида катта фидойилик талаб этишини билганим учун хонадонма-хонадон юриб овулаҳли билан очиқ мулоқотлар олиб бордик. Ҳақиқатан ҳам, халққа яқин бўлиш – эзгу ишлар томон имконлар эшигини очаркан. Меҳнатларимиз ўз самарасини берди. "Жумур овул” МФЙ "Энг намунали фуқаролар йиғини” кўрик-танловида тумандаги 47 та ОФЙ ва МФЙлар ўртасида фахрли 1-ўринни эгаллади ва мазкур кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичи ғолиби бўлди.

Мансур ЎPОЗБОЕВ, "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси:

- Аввало, туманимиз халқини ва қалби қайноқ ёшларни янги – 2017 йил билан чин дилдан табриклайман. Янги йилни туманимиз ёшлари янада жўшқинлик билан, янги орзу-истаклар билан қарши олишди. Чунки ўтган 2016 йилда ёшларимиз ўзлари эришган муваффақиятлар мезонларидан туриб янада улуғвор мақсадларни кўзлаб режалар тузишмоқда.

Ўтган "Соғлом она ва бола йили” туманимиз ёшлари ҳаётида чуқур из қолдирди. Буни туман, Pеспублика ва Ўзбекистон миқёсида ўтказилган турли кўрик-танловларда юксак натижаларга эришаётган ёшларимиз мисолида кўришимиз мумкин. Чунончи Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг "Омбудсман” жамоаси "Сиз қонунни, биласизми?” кўрик-танловида туманда 1-ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида ғолиблар сафидан жой олган бўлса, Амударё академик лицейининг "Амир Темур ворислари” жамоаси "Шунқорлар” ҳарбий спорт мусобақасида Ўзбекистон Pеспубликасида 3-ўринни эгаллади. Ҳарбий спорт мусобақаларининг "Ёш чегарачилар” беллашувида Мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежининг "Бургут” жамоаси Қорақалпоғистон Pеспубликаси ғолиби сифатида мамлакат босқичида фаол иштирок этишди.

Ёшларни тадбиркорликка йўналтириш мақсадида ўтказилган "Ёш тадбиркор – юртга мададкор” кўрик-танловида ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этган Муаззам Файзуллаева, Гулноза Асқаровалар кўрик-танловнинг мамлакат босқичида имтиёзли кредит олиш учун махсус сертификатлар билан тақдирландилар. "Камалак юлдузлари”, "Юрт келажаги”, "Маҳалланинг энг ораста қизлари” кўрик-танловларининг Ўзбекистон Pеспубликаси босқичлари ғолибларига айланган Ирода Ердошева, Олтиной Ўринбоева, Муҳайё Йўлдошева, Иззатбек Йўлдошев, Асадбек Йўлдошевлардан умидимиз катта.

Ишонч билан айтаманки, туманимиз ёшлари 2017 йилда бундан-да юксак марраларни забт этишади.

Тиркаш АМАНОВ, меҳнат фахрийси, Амир Темур номлиовул:

– Мен аввало, туманимизда яшаётган барча миллат вакилларини, азиз Амударё элимни кириб келган янги йил билан муборакбод этаман.

Янги йил арафасида оиламиз билан намунали уйлардан бирига кўчиб ўтдик. Ана иморат-у, мана иморат! Мақтаниш эмас, барча қулайликлар-у шарт-шароитни айтайми, бири-биридан шинам, ёруғ хоналарними?! Жўмракларни бурасангиз, шариллаб оқиб турган иссиқ ва совуқ сув, шаҳардагидан қолишмайдиган маиший хоналар, ҳовлининг кенглиги, теп-текис йўлаклар – кўрган кўзни қувнатиб, дилда ҳавас уйғотади. "Қутлуғ бўлсин!” айтиб эшигимиздан кириб келган дўст-ёронларим ўзимдан ҳам кўпроқ қувонишди, тўғриси!

Мен Ўзбекистондай жаннатмакон юртда яшаётганимдан, шу гўзал мамлакат фуқароси эканлигимдан ҳамиша фахрланаман.

Хадича СИЙТАКОВА, "Чойкўл” овули:

– Мамлакатимизда байрамлар кўп. Лекин Янги йил жуда бошқача байрам. Янги йилнинг илк кунидан бошланган қувонч ва шодликлар бир йилга татигулик руҳ бағишлайди одамга.

Ҳар йили Янги йилниоиламиз бағрида, фарзандлар даврасида кутиб оламан. Қандай яхши, дориломон кунлар-а! Бундай кунларга етказганига шукур. Мен ҳозир 85 ёшдаман. Тўғрисини айтсам, умримнинг энг гуллаган даври – ёшлигим азоб-уқубатда ўтди. Советнинг колхозида аёл бошим билан қилмаган ишим қолмади. Кетмон билан эркаклардай ер текислардик, ариқ қазиб, қўш ҳайдардик, ғалтак арава билан далаларга гўнг ташир эдик... Умримиз қандай ўтаётганини сезмасдик, ҳатто. Қачон, қандай байрам бўлаётир, билмас эдик.

Мустақиллик – биз қарияларнинг қадр-қимматимизни баланд қилди. эъзоз, эътибор топдик. Ўғлим – мулкдор, фермер, қизларим – тадбиркор. Ҳар бирининг ўз мулки, ўз ери, боғ-роғи, чорваси-ю, паррандаси бор. Энг муҳими, эмин-эркинмиз, бозорларимиз молга, омборимиз донга тўла. Бундай тўкинликка фақат ва фақат шукрона қилиш керак. Янги йил барча юртдошларимизга муборак бўлсин!

Янги йил тилакларини

Pобия ЙЎЛДОШЕВА ёзиб олди.

(Фото - http://www.norma.uz)
Янгиликни бўлишинг: