"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Жайхун илҳомлари

ҚОМУСИНГ МУБОPАК, ЎЗБЕКИСТОНИМ!

Куч-у қудратингга бағишлайди нур,

Қонунга ҳамоҳанг юксак тафаккур.

Элнинг нафи доим бўларкан зуҳур,

Қомусинг муборак, Ўзбекистоним!

 

Қонунга боғлиқдир адолат йўли,

Ҳам жиҳатлик ҳамда саодат йўли.

Қонунга бўйсунар иродат йўли,

Қомусинг муборак, Ўзбекистоним!

 

Устувор қонунлар элга мададкор,

Истиқлол ёғдуси - йўлга мададкор.

Шу сабаб доимо топгунгдир зафар,

Қомусинг муборак, Ўзбекистоним!

 

Не бир синовлардан ўтдинг мардона,

Зафарли ютуқлар – юксак поғона.

"Тинчлик” шиори сенда – тарона,

Қомусинг муборак, Ўзбекистоним!

 

Саккизинчи Декабрь – улуғ айёмдир,

Эл учун, халқ учун қутлуғ байрамдир.

Куч-у қудратингга бағишлайди нур,

Қомусинг муборак, Ўзбекистоним!

 

Дилсайёр бу оқшом қалбида ғурур,

Буюк ўзгаришлар илҳом келтирур.

Қонун - тузукларинг бўларкан зуҳур,

Қомусинг муборак, Ўзбекистоним!

Худойберган ЖУМАМУPОДОВ.

ШУКPОНА

Азиз тупроғингни кўзимга суртиб,

Гўзал сатр-ла топгайман ҳузур.

Бу ёруғ кунлар деб курашганинг чун,

Боболарим, сизга минг бор ташаккур.

 

Бугун сиз туфайли гўзалдир олам,

Қад ростлаб турибди бахтиёр она.

Ҳар қарич ерингни муқаддас сақлай,

Осуда ва тинч юртга минг бор шукрона.

 

Дуогўй оналар-у, деҳқон боболаринг бор,

Узоқлардан елган саболаринг бор.

Сен менинг ғурурим, ифтихоримсан,

Эй, дурдона халқ, ўзинг фахримсан.

 

Қора кунлар ўтди, энди бўлсин фаровон.

Уруш бўлмагай ҳеч, бўлсин фаровон.

Озодлик мадҳини ёшлар куйласин,

Фақат тинчлик бўлсин, бўлсин бардавом.

 

Қай гўшангга борсам, ҳайратда, лолман,

Барча юксалишлар сенда мужассам.

Ватаним, сен менинг гўзал кошонам,

Сенга содиқ қолишга қилгайман қасам.

Инобат ОДИЛБОЕВА, Манғит иқтисодиёт

коллежи ўқувчиси.

 

МУЛОҲАЗА

Ногоҳ умримизга ясалиб якун,

Бу ёруғ дунёни тарк этсак бир кун,

Бировлар баралла, бировлар беун:

"Яхши одам эди”, дейишармикан?

 

Баъзан савоб қилдик, баъзида гуноҳ,

Келса ҳаммасига жавоб берар чоғ,

Кулиб кетган бўлсак ёки тортиб "оҳ”:

"Яхши одам эди”, дейишармикан?

 

"Бўламан”, - деганлар дунёга устун,

Битирмай кетдилар унинг кам-кўстин,

Дўппини олиб бир ўйласак, дўстим:

"Яхши одам эди”, дейишармикан?

 

Турмуш машаққати ошиб йил-йилдан,

Дерлар: "Меҳр кетиб борар кўнгилдан”,

Кимдир уялгандан, кимдир чин дилдан:

"Яхши одам эди”, дейишармикан?

 

Кимгадир тор эди сен билан дунё,

Энди қолган бўлиб ўзлари танҳо.

Ғайирликда давом этармикан ё:

"Яхши одам эди”, дейишармикан?

 

Қанча мол-дунё йиғ, минг титраб-қақшаб,

Икки ҳаётни ҳеч бўлмайди яшаб,

Кетар бўлсанг бир кун барини ташлаб:

"Яхши одам эди”, дейишармикан?

 

Дунё кенгдир, аммо билиб ё билмай,

Илож йўқ кимнингдир йўлини тўсмай.

Гуноҳинг йўқлигин билса, ҳарқалай:

"Яхши одам эди”, дейишармикан?

 

Не яхши иш қилсак келиб жаҳона,

Ажр берар барига Оллоҳ ягона.

Пок бўлсак йўқ ўрин шундай гумона:

"Яхши одам эди”, дейишармикан?”

 

Кимга эзгу амал бўлса оддий ҳол,

Ишонтириб айтсам бўлар бемалол:

"Ҳеч қачон қийнамас бундайин савол –

Яхши одам эди, дейишармикан?”

 Аҳмад НАФАСОВ.

 

ҲОЛАТ

Овулга кеча қўнган қор экан-ку,

Бизни ҳам қор йўқлар дам бор экан-ку!

Тонг турсам, теваракни оқартириб

Ташлабди қайта-бошдан яшартириб!

 

Ўзимча завқ измида сўйлай туриб,

Тўрт оғиз айтай дедим, ўйлай туриб:

Томларга либослар оқ, уюлибди,

Боғларга, далаларга қуюлибди.

 

Қараган сайин кўзим қамашади,

Ялтироқ нурлар ўрин талашади.

Ошкора завқланишдан уялмадим.

Ошиқлик юққани бор, қўёлмадим!

 

ҲАЙPАТ

Ҳали замон очилиб осмон,

Оппоқ тонглар айлайдир эҳсон.

Димоғларга боғлар бўй берар,

Армонига боғланмас инсон!

 

Кўрк қўшила борар ўтлоққа,

Яшил ранг боп тушган япроққа.

Дилбар ҳисдан ҳайрат ошмоқда,

Боқмай бўлмас бизнинг қишлоққа!

 

Жонланиш бор жонзот аҳлида,

Ўрнин топган олам саҳнида.

Сайроқилар само сайрида

Чорлар элни кўклам сайлига!..

Жумабой ҲИДОЯТОВ.

 

МУҲАББАТ

Дунёга гўзаллик бергай муҳаббат,

Юракка ҳаяжон солгай муҳаббат.

У ҳусн танламас, танламас бойлик,

Худойимдан келган асл мурувват.

 

Шоҳ-у гадо бирдай тенгдир қошида,

Ҳар кўнгилни мафтун айлар муҳаббат.

Фарида ҚАЛАНДАPОВА,

56-сонли мактаб ўқитувчиси.

 

ЯНГИ ЙИЛ СОҒИНЧИ

Мана бир йил ўтди орқага,

Ўзининг қувонч-у ғамларин олиб.

Юраяпмиз яна олдинга,

Умр лаҳзаларин мозийга солиб,

Мен сени соғиндим, янги йил!

 

Туғёнларни титратар кўркам арчалар,

Сирли Қорбободан кутсанг совғалар.

Pамзий қор малаги айтса табриклар,

Ишонч истаб олис кечар хаёллар,

Шунданми, соғинчли янги йил!

 

Аму соҳилидаги тўқайзорларда,

Кўп кўрганман шохдор буғуларни,

Балки уларнинг чанаси, Қорбобоси бор,

Бахт ўлкасидан етказар сирларни...

Илоҳий муждаларни келтир, янги йил!

 

Янги йил кутиш афсонасида,

Миллионлаб гўдакларнинг кўз қувончи бор.

Мурғак онглар ишонган мўъжизага,

Балки барчамизнинг ишончимиз даркор,

Янги йилни соғиндик, бу йил!

 

Арчадаги ўйинчоқлар гўзал бағоят,

Балки улар рўёблардан ўқийди оят.

Англатиб борлиқда бор поён-ниҳоят,

Топиш-йўқотиш, ҳижрон-висол бениҳоят,

Умримизни янгиликка чорлар, янги йил!

 

Йилимиз сарҳисобида оқ олтин конлар,

Буғдой-ғалламиз, ризқли хирмонлар.

Меваларни етиштирди деҳқон, боғбонлар,

Барча жабҳада ютуқ фойдали поёнлар,

Биз сенга муносиб бўлдик, янги йил!

 

Чўлда чўпон ҳам қўй-қўзи санаб,

Ўтовда қилар сарҳисобини...

Амударё оқмоқда умримизга ўхшаб,

Гуллатай деб ҳаёт чаманзорини,

Барчасига барака келтир, янги йил!

 

Қиш. Қорли кунлар гўзал фасона,

Янги йил – туйғулар тикилган афсона.

Бахтли ҳар кунимиз тинч бўлса замона,

Барчамиз хуррам, шодонмиз, янги йил!

Олий соғинчлар ила ҳамонмиз, янги йил!

 

Мен сени соғиндим, Янги йил!

Ўлмасбек ХЎЖАЕВ.

 

ТИНЧ БЎЛСИН ВАТАН

Ватаним деганда сўлим ҳовлимни,

Жонажон кўчамни айтгим келади.

Гўдакликда алла тинглаб улғайган,

Беланчагимга томон қайтгим келади.

 

Гўдаклик Ватаним – беланчагимни,

Онамнинг қучоғи, иссиқ гўшамни.

Бобомнинг, тоғамнинг сўлим боғларин,

Ватан, деб бағримга босгим келади.

 

Тилагим – Ватаним доим тинч бўлсин,

Бўш қолмасин ҳечам беланчаклари.

Паҳлавон гўдаклар улғайсин унда,

Алла айтаверсин келинчаклари.

Абдуллажон ОЗОДБОЕВ.

   

ҚИШ КЕЛДИ

Қиш келди юртимизга,

Қорли, совуқ, изғирин.

Оппоқ қор ёққан дамда

Яйраб кетади таним.

 

Кўкда булутлар кезиб,

Гувуллаб эсар шамол.

Хазонларни учириб,

Кўрсатар совуқ жамол.

 

Барибир кумуш қишнинг

Товланиши ўзгача.

Қор кечиб югуришнинг

Ҳатто завқи бўлакча.

 

Чана учар болалар,

Замин ширин уйқуда.

Ором олади боғлар

Қор кўрпасин остида.

 

Қиш келди юртимизга,

Ҳамма ёқда оппоқ қор.

Ватан тинч ва осуда,

Тонглар аро нур, виқор.

Инобат ОТАЖОНОВА,

"Жайхун илҳомлари” ННТ аъзоси.

ЯНГИ ЙИЛ ТИЛАГИ

Бир ёшга улғайдим мен,

Янги йил кирган палла.

Қор гулларин қучай мен,

Қутлар бутун маҳалла.

 

Янги йил Ватанимга,

Буюк иқбол келтирсин.

Янги Президентимга,

Тенгсиз куч-қувват берсин!

Жавоҳир ОЛИМБОЕВ.

 

ЎЗБЕКИСТОН

Бу дунёда жаннатмакон,

Она юртим Ўзбекистон.

Осмони мусаффо ва тинч,

Халқи кўнглида йўқ ўкинч.

 

Кундан-кунга чирой очар,

Меҳнатдан шуҳрати ошар.

Аллоҳ назар солган макон,

Шундай юрт Ўзбекистон.

Мадина Жумамуродова, 7-сонли мактаб ўқувчиси.

 

ОНА ТИЛИМ

Менинг учун энг азиз,

Асл она тилимдир.

Сўзимни қилган лазиз,

Ўзбекона илмдир.

 

Ўз тилимиз бор учун,

Ошмоқда нуфузимиз.

Ўзбекистон номи-ла,

Порлайди юлдузимиз!

Азаматжон Камолов.

 

ВАТАН

Спортга чанқоқ фарзандларинг бор,

Дунёни лол қолдирган Ватан.

Истиқболи порлоқ қадамларинг бор,

Шаҳдидан ҳайратда турибди жаҳон!

Дадил қадамингга ҳамқадам бўлай,

Юксак марраларни кўзлаб турибман.

Сен берган имкондан қудратга тўлай,

Сенга тош отса ким бўлайин қалқон!

Қундузбек ЙЎЛДОШЕВ.

Янгиликни бўлишинг: