"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ИЛОНЛАP ЎЧИ

Бу воқеани менга акам ҳикоя қилиб берганди. Ҳозир ҳам эсласам, ҳамон этим жунжикиб кетади.

- Кичик пайтларимизда рўй берган бир воқеа сабаб ҳанузгача илонлардан қўрқаман, - деганди у. - Болалик пайтларим эди ўшанда. Синфимизда  Аҳмад деган бир ўртоғимиз бўларди. У ҳеч кимнинг  етти ухлаб тушига ҳам кирмаган нарсаларни ўйлаб юрарди. Бир куни қўлига илоннинг терисидан қилинган тасма тақиб келди. Тасма чиройли ва ғаройиб эди. Ҳаммамиз унинг атрофини ўраб олдик. У оғзини тўлдириб биз яшайдиган жойдан  чамаси бир-бир ярим чақиримча йўл наридаги қабристон яқинидан илонларнинг уясини топганини, у ерда илонларнинг болачалари кўплигини, уларни бирор оғзи бостириладиган идишга солиб олиб келса бўлишини айтиб, ичимизни қизитди.

-Мен уларнинг терисидан ясадим бу тасмани, - мақтанди у. - Агар билсангизлар, ҳозир бундай илон терисидан қилинган нарсалар урфга кирган.

Бунисини эшитгач, иккита жўрам билан бирга сўнгги   икки соат дарсни насия қилдик-да яширинча уйга жўнадик. Китобларимизни дераза олдига ташлаб, велосипедга мингашиб,  Аҳмад айтган Қубатоғ қаердасан, деб учаламиз  йўлга тушдик. Кун пешиндан оққан эди. Излаб-излаб ҳақиқатан ҳам Аҳмад айтган илонларнинг уясини топдик. Бу тоғда қабристон бўлиб, туркманлар ҳам, ўзбеклар ҳам маййитларни шу қабристонга кўмишарди. У пайтларда чегаралар очиқ эди. Тезда ҳар биримизнинг билагимизга мўлжаллаб кичкина илонларни тутиб, банкага жойлаб, тўрва халтага солдикда уйга жўнадик. Уйга кела солиб банкани ун халтанинг орқасига яширдим. Жўраларимга: "овқатланиб бўлгач, оғилхона олдига келинглар, шу ерда илон тасма тайёрлаймиз”, - деб тайинладим. Энди чой ичаман, деб пиёлани оғзимга олиб боргандим, ошхона тарафдан онамнинг қичқириғи эшитилди. Ҳаммамиз шу тарафга югурдик. Онам ранги оппоқ бўлиб қўли билан  илонли банкага  ишора қиларди. Мен  илонларни тасма қилиб тақиш учун Қубатоғдан олиб келганимизни айтдим. Онам ҳозироқ илонларни тоққа олиб бориб, уясига қўйиб келишимизни, акс холда илонлар ўч олишини айтди. Биз уч жўра Аҳмаднинг гапига кирганимизга минг пушаймон бўлиб тоққа жўнадик. Биз у ерга етиб боргунимизча  кеч кира бошлаган эди. Салдан сўнг  ҳар ер ҳар ерда дўппайган қабрлар, сал наридаги қум барханлари кўзимизга анча ваҳимали кўрина бошлади. Илонларни банкадан олиб уясига  қўйдик. Шу пайт менинг кўзимга чамаси икки метрча наридаги барханлар орасидан кимдир лип этиб чиқиб, нариги барханлар орқасига ўтиб кетгандай туюлди. Салдан кейин  ҳалиги шарпа лип этиб биз тарафдаги барханлар орқасига ўтди. Шунда ҳаммамиз бир-биримизга "ялт” этиб қарадик. Шарпанинг бошида қора шляпа,устида узун қора плаш бор,  юзи эса кўринмасди. Ҳаммамиз додлаганча велосипедимизга миниб, уйимизга томон гўёки учиб кета бошладик. Орқамизга қарашга қўрқардик. Уйимизга етиб келганимизда аллақачон кеч тушганди. Отам мени  кечқурун шундай жойга юборгани учун онамни сўкиб ўтирган экан. Кириб келишим билан онам мени қучоқлаб олди. Тилим калимага келмасди. Онам дарҳол исириқ тутатди. Иссиқ чой ичириб, кўрпага ўраб ётқизди. Ўша кеч тушимга илонлар кирди. Улар гоҳ илон, гоҳ шляпали одамга айланиб, устимга бостириб келарди. Мен алаҳсираб, бақираман. Эртасига уччаламиз ҳам лабимизга учуқ тошиб дарсга бордик...

Кўп вақтларгача бу воқеани ҳеч кимга айтмадик. Агар яна бир даҳшатли воқеа бўлмаганда умуман айтмаган бўлардик. Бир куни Аҳмад дарсга келмади. Аҳмадга нима бўлганини билиш учун бизни синф раҳбаримиз унинг уйига юборди. Биз икки-уч  синфдош дўстлар дарсдан сўнг унинг уйи томон йўл олдик. Аҳмадлар яшайдиган кўчада маҳалладошлари гурас-гурас бўлиб кетишаётганларини кўриб ҳайрон бўлдик. Шошилиб кетаётган одамларнинг барчаси Аҳмадларнинг ҳовлиси томон бурилишди. Яқинлашганимизда эса...

Дарвоза олдида Аҳмаднинг отаси, акалари белларини боғлаб, йиғлаб туришар, улар орасида Аҳмад йўқ эди. Кейин билсак, Аҳмад бир кун аввал уйидан чиқиб кетиб, қайтмабди. Уни қавм-қариндошлари, ҳатто  милиция ходимлари ҳам бир кеча-кундуз излаб топиша олмабди. Қуба-тоғдаги қабристонга дафн этиш учун маййитни олиб борган ҳассакашлар бу ердаги эски қабр ёнидан Аҳмаднинг ўлигини топишибди. Унинг бўйни ва оёқларида илон чаққан излар бор экан...

Зебо PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: