"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ҚИЛИЧБОЙЛИК ОPАСТА ҚИЗ

Хушхабарнинг қаноти бор, дейишади. Ўз номи билан дилга яқин, эшитган қулоққа хуш ёқиб, кўнгилларни яшнатиб юборадиган хабардан ўша куни  нафақат қиличбойлик Саиджоновлар оиласи, балки бутун аҳли овул, қолаверса, эшитган борки, барча қувонди, ҳавас қилди.

Қиличбой қишлоғидаги "Амирхон” фермер хўжалиги иш юритувчиси Дилфуза Бобожонованинг хонадони шу куни меҳмонлар билан янада обод бўлди. Қутлаб  келувчилардан миннатдор бўлган Дилфуза шу куни кўнглини очди, ҳам тўкин дастурхон ёзди. Қизи, Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Муҳайё Йўлдошеванинг "Маҳалланинг энг ораста қизи” кўрик-танловининг Ўзбекистон Pеспубликаси босқичида фахрли биринчи ўринни олганини эшитган яқинлари Дилфузанинг қувончига шерик бўлишди.

Табиатан меҳрибон, самимий ва интилувчан бўлган Муҳайё қишлоқдаги 15-сонли мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ ўзининг алоҳида иқтидори, интилувчанлиги, дарсларни пухта ўзлаштириши, эпчиллиги билан ажралиб турарди. Мактабни аъло баҳоларга тугатган Муҳайё, ўқишни Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида давом эттирди. Шу билан бирга "Ораста қизлар” тўгарагининг барча машғулотларида фаол иштирок эта бошлади. Бундан  ташқари, онасидан ҳамда устозлари Нигора Ўрозалиева, Муборакхон Йўлдошевалардан қиз болага хос эзгу фазилатлар, бичиш-тикиш, пазандалик, спорт соҳаси бўйича сир-асрорларни қунт билан ўрганди. Дарсдан ва уй юмушларидан бўш вақтларида китоб, газета, журналлар мутолаа қилишни ўзининг энг яхши кўрган кундалик машғулотига айлантирди.

У аввал ўзи яшайдиган Қиличбой қишлоғи қизлари ўртасида ўтказилган "Маҳалланинг энг ораста қизи” кўрик-танлови ғолиби сифатида мазкур кўрик-танловнинг туман босқичида иштирок этди. Аму элининг бири-биридан зукко қизлари билан беллашган Муҳайёга яна омад кулиб боқди. У ўз билими, маҳорат ва иқтидори билан туман босқичи ғолибига айланди ва "Маҳалланинг энг ораста қизи” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида ҳам фахрли 1-ўринни эгаллади.

Яқинда мазкур кўрик-танловнинг Ўзбекистон Pеспубликаси босқичида муваффақиятли иштирок этган Муҳайё Йўлдошева ўз чиқишлари ҳамда кўрик-танлов шартларини юксак маҳорат билан бажаргани учун "Маҳалланинг энг ораста қизи” кўрик-танловида яна биринчи ўрин соҳибасига айланди ва Ўзбекистон  маҳаллаларининг энг оқила, билимдон, зукко ва эпчил ораста қизлари сафидан жой олди.

– Ғолибликни қўлга киритишимда энг аввало, устозларимнинг ҳиссаси катта бўлди, қолаверса, китобга бўлган меҳрим туфайли мен жуда кўп нарсани ўргандим, – дейди Муҳайё. – Китоб – ҳаёт илмини ўргатади, китоб – инсонни ҳаётга жўшқин назар билан қарашга ундайди. Китоб – мудроқ кўнгилларни уйғотиб, ҳаётини яшнатиб юборади. Мен тенгдошларимга нимаики ўрганишни истасангиз – албатта китобни севинг, китоб билан дўстлашинг, ҳаётда инсонга китобдан яқинроқ дўст йўқ, – дегим келади.

Муҳайёнинг орзулари бир олам. У коллежни тугатиб, олий маълумотли бўлиш истагида. Биз Муҳайё Йўлдошевага ўқишда ва ҳаётда янгидан-янги ютуқлар тилаймиз.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: