"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8460.92 +1.84
  • 1 EUR = 9439 -62.05
  • 1 RUB = 131.06 +1.26

“ТИЛ БИЛГАН ЙЎЛДА ҚОЛМАС”

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга киришилди. Чунки собиқ иттифоқ давридаги қотиб қолган, ўзгармас таълим дастурлари янгиланган тузум талабларига умуман мос келмас эди. Ҳар йили 1 сентябрь бир хил дарс ўтиш билан кутиб олинарди. Яъни, "халқлар доҳийси”га бағишланган дарс билан янги ўқув йили бошланар, энг ачинарли томони – ҳар галги 1-синфларда аввалги йиллардаги 1-синфлар учун яратилган дастур асосида дарс машғулотлари ўтиларди. Ҳозиргидай изланиш йўқ, тажриба алмашиш, инновацион лойиҳалар йўқ эди.

Эндиликда ёш авлод тарбияси соҳасида қобилиятимни намоён этаман, деган ўқитувчининг қўллари узун, тиллари бурро. Мустақил давлатимизда таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди.  9 йиллик умумий таълимдан сўнг умумтаълим мактабларининг битирувчилари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўқишлари, ҳам илм, ҳам касб-кор ўрганишлари учун 12 йиллик бепул узлуксиз таълим тизими жорий этилди. Тизимга ҳар йили янги-янги инновацион ғоялар, технологияларнинг жорий этилиши, ёш авлод тарбиясига давлатимизнинг чексиз ғамхўрлиги боис, соҳа жаҳон стандартлари даражасида беллаша оладиган мутахассис кадрлар билан бойиди. Натижада таълим-тарбия соҳасида катта ютуқларга эришилмоқда.

Бизнинг 22-сонли умумтаълим мактабимиз туманимиздаги таянч илм масканларидан ҳисобланади. Йиллар давомида бу билим даргоҳини битирган минг-минглаб собиқ ўқувчилар орасида юзлаб малакали шифокорлар, муҳандис ва педагоглар, шоир-у ёзувчилар, илм-фан намоёндалари етишиб чиқди. Мустақиллик даврида мактабимиз тамоман янгиланган илм даргоҳига айланди. Янги, замонавий мактаб биносида ўқувчиларнинг фан асосларини ўзлаштиришлари учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Айниқса, чет тилларини пухта ўрганишларига алоҳида эътибор қаратилаётгани боис, мактабимиз ўқувчилари орасида ҳар йили чет тиллари бўйича фан олимпиадалари ғолиблари етишиб чиқмоқда.

Президентимиз И.А.Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мактабимиз чет тиллари фан ўқитувчилари учун янада кенг имкон эшикларини очиб берди. Чунки инглиз ва француз тилларида дарс ўтиладиган синфларда ҳар хил байрам саналари муносабати билан ўтказиладиган тадбирлар, мусиқий кечалар инглиз, француз ва рус тилларда ўтказилишига алоҳида эътибор берилди. Мактаб ўқув-илмий ишлари бўйича директор муовини Мадамин Pаҳимов чет тиллари фан хоналарини кўргазмали қуроллар билан безатишда фан ўқитувчиларига яқиндан ёрдам кўрсатиши эса муваффақиятлар гарови бўлди. Синфлараро беллашувларда ўқувчилар инглиз, француз ва рус тилларида савол-жавоблар қилиб, ўзаро мулоқотга киришишни қисқа фурсатда ўзлаштириб олдилар. Мактабимизнинг 8-синф ўқувчиси Ўғилжон Бекмуродова эса яқинда француз тили бўйича билимлар беллашувининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаб, беллашувнинг Ўзбекистон миқёсидаги босқичига йўлланма олди.

Халқимизда: бола - бошидан, деган ибора бор. Бу – болага гўдак, деб эмас, балки бир ҳамсуҳбат дўст деб қараш ва унинг фикрлари билан қизиқиш, уни қўллаб-қувватлаш, бола қалбидаги орзулари гул очишига ёрдам бериш дегани. Қолаверса, бола ташқи таъсирга тез мослаша олади, яхшими, ёмонми, ҳар қандай ҳолатни ўзига осонлик билан юқтиради. Шу боис, уни жуда эрта тушуниб олишимиз, бола дунёси ичида яшаб, унинг тўғри тарбия олиши учун ҳаракат қилишимиз керак. Айниқса, чет тилларини ўргатиш жараёнида биз мураббийлар боланинг ҳар бир саволига, қизиқишларига тўғри муносабат билдира олсак, унинг тил ўрганишга бўлган иштиёқини янада ривожлантирган бўламиз.

Pоза Йўлдошева,

22-сонли мактабнинг чет тили фани ўқитувчиси.

(Фото - http://fikr.uz)

Янгиликни бўлишинг: