"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

БАҲОP САЛОМИ

 Бу оламда инсон зоти бор экан, ниманидир кутиб, унга интилиб яшайди. Эртаги кунимиздан бениҳоя умидлар қиламиз. Худдики, эрта бугунги кунимиздан ҳам ёруғроқ келар, деган ниятда. Умрнинг паст-у баланд сўқмоқларида мана шу бахт улашувчи кун учунгина сабр-бардошли бўлиб, дадил қадам ташлаймиз. Бир кам дунёнинг ташвишлари бошимизни гангитиб қўйган пайтларда ҳам мана шу кутаётган лаҳзаларимизни ўйласак, бу дунёнинг ўткинчилигини унутгандай бўламиз. Хўш, ушбу тарифлашга тил ожиз бўлган куннинг сеҳрли онларининг қандай қудрати борки, инсон ўша кезларни ўйласа, худди янгидан туғилган чақалоқдек ҳис қилади ўзини.

 Ва қизиқарлиси шуки, бу қайси кун?! Бир фикрлаб кўрайлик-а!!? Бу - БАҲОP. Ёш-у қарининг орзиқиб кутгани - БАҲОP. Яшариш фасли кириб келиши билан дарахтлар худди гўдак онасига талпингандек, БАҲОPнинг қучоғига ўзини уради. Кўклам ҳам она фарзандига меҳр кўрсатгани каби майин кўллари ила дарахтларнинг бошини силаб ростмана уйғотади. Илиқ тафти ила унинг кўзларини очиб, гўзал ҳаётга кулиб боқишга ундайди. Бутун борлиққа бахмал гилам ёяди. Қушлар ўзларининг соғинчли қўшиқларини жўр бўлиб куйлаб, кишини мафтун қилади. Бутун олам бетакрор чирой очади, инсон қалбини хаяжонга солувчи ифор таратиб туради. Нақадар мафтункорсан БАҲОP!

Шу сабабдан бўлса керак, БАҲОP фаслида байрамлар кўп ва хўп. Оламни мунаввар қилгувчи, таърифига тил ожиз бўлган мунис аёллар байрами, қадим замондан миллий урф-одат ва анъаналаримизни ўзида мужассам этган НАВPЎЗИ ОЛАМнинг, айниқса, ўрни бўлак. Дошқозонларда биқирлаб қайнаётган сумалак элимиз тинчлигидан, оиламиз бирдамлигидан, дастурхонимиз тўкин, турмушимиз фаровонлигидан дарак беради.

БАҲОPнинг хушбўй ифоридан тўйиб-тўйиб нафас олган кишининг ҳаётга бўлган ишончи, умиди янада ортиб боради. Беғубор болаликнинг шўх-қувноқлигини, беғуборлигини осмон узра парвоз қилаётган варраклар тимсолида кўрамиз.

Эй, Она замин, эй мустақил диёрим, меҳнаткаш халқим! Ушбу янгиланиш, яшариш фасли бўлмиш БАҲОP сизга муборак бўлсин! Қалбимизни шукроналик, бир-биримизга бўлган БАҲОPнинг тафтидек илиқ меҳр-оқибат ҳеч қачон тарк этмасин.

Саломат КАPИМОВА,

НДПИ талабаси.

Янгиликни бўлишинг: