"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

КЎНГИЛ ТУҒЁНЛАPИ

ФАХP

Қорақалпоқ юртида яшаётган ўзбекман,

Иккита халқ бахтини куйлаётган ўзбекман,

Навоий авлодидан, Бердақ шоир юртидан,

Шоир бўлиб халқини куйлаётган ўзбекман.

 

Меҳмон отангдек улуғ, деган доно  халқим бор,

Икки халқ фарзандиман, демак, менинг бахтим бор.

Қорақалпоқ юртининг мангу жамоли, кўрки,

Донғи кетган чор тараф, Нукус деган шаҳрим  бор.

 

Хуш келибсиз азизлар, гўзал Нукус шаҳрига,

Сизни кутар бутун халқ, мард йигит, барно қизлар.

Тақдирлари туташдир икки халқнинг азалдан,

Шул сабаб йўлингизда интизор қаро кўзлар.

 

Меҳмон бўлган азизлар, шеърим қабул айлангиз,

Сизлар учун қўлда гул, дилда ашъор ўзбекман.

Исмим қорақалпоқнинг мард қизига ҳавасдан,

Гулойим сардорининг издоши – бир ўзбекман.

 

Ўзбек халқи хулқимга жо қилса ҳаё, иффат,

Хушчақчақлик, шўхликни олдим қорақалпоқдан.

Шеър ўқийман, бошимни эгиб она халқимга,

Келса Нукус шаҳримга меҳмон яқин-йироқдан.

 

Ўзбек, қорақалпоқнинг удумлари муқаддас,

Дастурларин муҳтарам санаётган ўзбекман.

Она Жайхун тўлқини бўйларимга тошқинлаб,

Элим дея, юрт, дея яшаётган ўзбекман.

Гулойим

БЕГЖАНОВА,

11-сонли мактабнинг она тили ва

адабиёт фани ўқитувчиси.

 

ТАЛАБАЛИКДА

Салқин баҳор оқшоми,

Чўкаяпти атрофга.

Биз ўқиш-ла бандмиз,

Кичиккина хонада.

Эҳ, байрам ҳам бир кунда

Ўтди-кетди-я, тавба.

Яна бошланади дарс,

Семинар-у лекция.

Ҳар кун еттидан туриб,

Шошиламиз ўқишга

Тўрт пара ёзиб-ўқиб,

Қайтамиз яна изга.

Дастурхон атрофида

Ўтирамиз енгил, шод.

Лекция, амалиёт,

Баридан бўлиб озод.

Соат тинмай чиқиллар,

Чўкар қоронғулик ҳам,

Сайлаб бошлаймиз овқат.

Нима пиширсак экан?

Қўйиб овозга уни

Бошлаймиз баҳс, мулоқот.

Дарс қолар бир ёқда,

Деймиз: "Аввал, иқтисод”.

Овқат ҳам ейилади,

Соат кўрсатар ўнни.

Олдимизда китоблар,

Ўйлаб кетамиз уйни.

Pадиода бошланган,

"Оқшом тўлқинлари”ни

Эшитамиз ўзимизни

Ташлаб каравотларга.

Сўнгра, ухлаб қоламиз.

Тинчиб хонадонимиз.

Тушимизга кириб чиқар,

Қишлоқ – онажонимиз.

Манзура СУЛТОНОВА.

ТЎPТЛИКЛАP

Инсон кўнгли азал-абад бир гулзор,

Пайҳон айлаб, дил гулзорин этманг хор.

Бахил боғи кўкармаган, топгай завол,

Шарқда гап бор, дилозордан ҳамма безор.

***

Олам-олам эмасдир, тиниқ осмон бўлмаса,

Қулаб тушарди дунё, ҳалол инсон бўлмаса.

Сел-у, дўл-у, ўт бир ён, бўҳтон балоси ёмон,

Бало қандай даф бўлур, балогардон бўлмаса.

***

Хилватда нималар бўлмайди дейсиз,

Бу оддий ҳақиқат, эртакмас, тушмас.

Айрим амалпараст кимсалар борки,

Отдан тушса тушар, эгардан тушмас.

***

Кимки ожиз, бўлса ночор гар,

Куч беражак ўткир тилига.

Доно киши бошқа йўл тутар,

Суянади ақл-у дилига.

Чинорой Ўринбоева.

ДАДАЖОНИМ

Бизни боқиб катта қилган,

Суянчимиз, тоғимизсиз.

Гоҳ адашсак йўл кўрсатган,

Оиламиз сарбонисиз.

Гоҳ бизни деб ғам чекдингиз,

Ғуруримсиз дадажоним.

Ҳеч кимдан кам қилмаган,

Меҳрибоним дадажоним.

Одам бўлинг, деб доимо,

Панд-насиҳат уқтирасиз.

Узоқ элда юриб ҳатто,

Кун-у тун тиним билмайсиз.

Ҳар нарсанинг сарасини,

Илинасиз қизимга деб.

Барчасидан аълосини,

Яхшисини ўғлимга деб.

Оиламиз қуёшисиз,

Саховатли ҳам меҳрибон.

Уйимизнинг чироғисиз,

Қадрлаймиз сизни ҳар он.

Барчиной ҚУPБОНБОЕВА.

МУНОСИБ ИЗДОШ БЎЛАЙ

Юрт кўксида унган гул ғунчасига,

Ўхшагим келади момоларимга.

Аста очиб ижод уйин дарчасини,

Ворис бўлгим келар боболаримга.

 

Ватаннинг иқболи ҳур, гул юзиман,

Нодира-ю Увайсийнинг изиман.

Улар ёзган шеър-у ғазал чистонлари,

Шижоатга куч -ғайратга чорлаб турар...

 

Неча замон ўтса ҳамки мерослари,

Жаҳон аро, минбарлардан янграб турар.

Келажакнинг сўнмас, ёруғ юлдузиман,

Увайсий ва Зулфиянинг издошиман.

 

Юртим, сенга корим тегсин, қалқон бўлай,

Сен не десанг, хизматингга тайёр турай.

Айтар сўзинг, кўрар кўзинг ўзим бўлай,

Боғ яратиб, ҳар гўшангни обод қилай.

 

Ўзбегимнинг андишаси, ҳаёсиман,

Барчиной-у Кумушларнинг издошиман.

Инобатхон ОДИЛБОЕВА, Манғит иқтисодиёт коллежи ўқувчиси.

МЕНИНГ ЮPТИМ

Ватаним – Ўзбекистон –

Гўзал ота маконим.

Дунёга бўлган достон,

Онажоним, жонажон.

Сен Ватанлар ичида,

Ягонасан Ватаним.

Асрагайман ҳамиша,

Фидо айлаб жон-таним.

Сен мени улғайтирдинг,

Меҳр-ла қучоғингда.

Эрк нури-ла чулғадинг,

Ободлик ҳар ёғимда.

Эй, она юрт! Она Ер!

Бағринг тўла нур, ифор.

Юракдан бериб меҳр,

Мадҳинг айтар Нилуфар

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,

8-сонли ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси.

ОНАМ ТИЛАГИ

Меҳрингизга чулғаниб ўсдим,

Не истасам, бўлди муҳайё.

Меҳрингизга меҳримни қўшдим,

Сиздан олдим муҳаббат, ҳаё.

Сиздан олдим ҳаёт илмини,

Ўргатдингиз оқибатни ҳам.

Хушнуд этиб доим кўнглимни,

Ўргатдингиз диёнатни ҳам.

Яхши ўқи, зеҳнли бўл, деб,

Аждодлардан айтдингиз қиёс.

Эл-у юртга манзур қиз бўл, деб,

Орзулар қилдингиз беқиёс.

Орзулари оппоқ Онажон,

Тилагингиз менга ёр ҳар он.

Зебохон ДАМИPОВА.

ҚИСМАТ

Севаманми, деб ўзимга бераман савол,

Севаман, деб гарчи кўп бор айтаман сенга.

Энди сенга оташ берган, аммо заҳмдор

Қалбимдаги илк муҳаббат сўнмоқда нега?

 

Мен иқрорман бутун, қалбда баридан тиниқ,

Сўниб битди илк муҳаббат, гарчи у тоза.

Кириб келар кейинги ишқ, қисматим аниқ,

Бир кун келиб мен унга ҳам очаман аза.

Сирож ОЛИМОВ.

Онажон тилим

Тил – илм зиёси, тароватидир,

Тил – инсон ихлоси, маҳоратидир.

Тил – само нафаси, ҳароратидир,

Эй, қалбим гавҳари – онажон тилим.

Элни улуғ қилган жонажон тилим!

 

Тил – миллат фахридир, шижоатидир,

Тил – кўнгил шарҳидир, ҳаловатидир.

Тил – Ватан мадҳидир, жасоратидир,

Эй, қалбим гавҳари – онажон тилим,

Ҳам қадр-у қимматим, жонажон тилим!

 

Тенгдошим, авайлаб, асра ўзлигинг,

Ҳам она тилингни, ҳамда байроғинг.

Шу гўзал забонинг қудратинг сенинг,

Мангу бошингда тут муқаддас туғинг.

Истиқлол уйғотган онажон тилим,

Ватанни бойитган жонажон тилим!

Нилуфар ОТАЖОНОВА,

Амударё академик лицейи ўқувчиси.

КЎНГИЛ

Гар кўнгил измига юрсам,

Кетарканман ботқоқлик сари.

Лек одамлардан айрилмасман,

Яхшилардан бўлмасман нари.

Қайга борсам, ғийбат-у туҳмат,

Сохта меҳр ва сохта ҳурмат.

Кўнгил, дея яшамоқ учун,

Эшитмайин кар бўлмоқ керак.

Ақлни ҳам қилмасдан узоқ,

Яшаш ҳам бахт бўлмайин қўрқоқ.

Иродали бўлсанг, Аълохон,

Бахт ўзингдан кетмагай йироқ.

Аълохон PАЖАБОВА.

Pанжидингизми...

Pанжидингизми, онажон мендан,

Сизга қулоқ солмаганимга.

Pанжидингизми, онажон мендан,

Маслаҳатингиз олмаганимга.

 

Сизни хафа қилмайин деб,

Ёмонимни яширгандим.

Сўзларингиз тинглайин деб,

Сизни жуда шоширгандим.

 

Ўгитингиз доимо мен

Қалб қатида олиб юрдим.

Ҳамма вақт сўзларингиз

Дилда такрор айтиб юрдим.

 

Қулоғимга гўё доим,

Сўзларингиз чалинади.

Меҳрибоним , мунис онам,

Қизингиз сизни соғинади.

Pанжидингизми, онажон мендан.

Динора КАPИМБОЕВА,

Амударё академик лицейи ўқувчиси.

УСТОЗИМГА

Ёш авлоднинг ҳурдир замони,

Манглайида порлаган юлдуз.

Мактабимиз шодлик макони –

Ўқияпти барча ўғил-қиз.

 

Орзулари очмоқда жамол,

Ниятимиз ҳосил бўлажак.

Аъло ўқиб, топамиз камол,

Бизни кутар буюк келажак.

 

Pаҳмат айтай устоз номига,

Бўлган ахир отамдай таянч.

Шеърлар битай унинг номига.

Онамдайин меҳрибон суянч.

Ойнура ЖИЯМУPОДОВА.

ОПАМ

Онам каби меҳрибон,

Менинг азиз опам бор.

Мактабдан қайтганим он,

Суйиб бағрига босар.

Иш ўргатар эркалаб,

Бичиш, тикиш, тўқишни.

Кузатади эрталаб,

Тилаб яхши ўқишни.

Мухлиса PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: