"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9550.76 +42.11
  • 1 EUR = 10620.5 +11.10
  • 1 RUB = 156.59 +2.57

ХАЛҚИМИЗ СОҒЛОМ ЭКАН, ВАТАНИМИЗ ҲАМИША ФАPОВОНДИP

Мамлакатимизда ҳар жиҳатдан соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган давлат Дастурлари доирасидаги кенг қамровли вазифалар негизида ҳам халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш асосий мақсад қилиб белгиланган.

Мен ҳар куни ўзим раҳбарлик қилаётган Охунбобоев номли ҚВП томон йўл оларканман, бундан 25 йил аввалги Хитой овули ҳудудидаги мўъжазгина ФАПни ва у ердаги шароитни кўз олдимга келтириб, бугунги қишлоқ ҳаётининг нақадар фаровон ва обод паллага кирганидан қувониб кетаман. Бор-йўғи  икки ёки ошиб кетса уч нафар ўрта тиббиёт  ходимлари фаолият олиб борадиган ФАПларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш  даражаси тамоман қониқарсиз аҳволда эди. Тиббий  анжомлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Бугунги ҚВПларда эса халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, беморларга тиббий хизмат кўрсатиш замон талаблари даражасида. ҚВП жойлашган ҳудудда  6120 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Муассасамизда фаолият олиб борувчи 23 нафар тиббиёт ходими  ҳудуддаги ҳар бир  оила, ҳар бир фуқаро ҳақида тўлиқ маълумотга эгалиги туфайли аҳоли ўртасида юқумли касалликларга чалиниш ҳолатлари жуда кам. Айниқса, оилаларда соғлом фарзандлар туғилишини, уларнинг соғлом ривожланишини таъминлаш мақсадида фертиль ёшидаги аёллар соғлиги қатъий назорат остига олинган. Дунёга келган ҳар бир гўдак алоҳида меҳр ва эътиборда. Бир ёшгача бўлган ва бир ёшдан 6-7 ёшгача бўлган болаларни касалликларга  қарши эмлаш ишлари ўз вақтида олиб борилганлигидан болалар соғлом ўсишмоқда. Бундан ташқари, 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўсмирлар ва ундан юқори ёшдаги ёшлар саломатлиги борасида ҳудудимизда муаммо йўқ ҳисоби.

Лекин 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган фуқаролар орасида туманимиздан четга, кўпинча Қозоғистон ва Pоссия давлатлари ҳудудига чиқиб, ишлаб қайтаётганлар ҳам борлиги учун патронаж шифокорларимиз айнан шундай фуқароларнинг оилаларида тез-тез бўлиб, уларнинг саломатликларини назорат қилиб туришади. Қон таҳлиллари натижалари алоҳида қайд этилиб, зарур пайтда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Кекса авлод вакиллари нафақат оилаларимиз, балки жамиятимизнинг ҳам кўркидир. ҚВП тасарруфидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи  60 ёшдан ўтган, 70-80 ва ундан юқори  ёшларга етган пир-у бадавлат отахон ва онахонларимиз ҳолидан хабар олиш муассасамиз ходимлари зиммасидаги энг масъулиятли бурчдир. Зарурат туғилганда ҚВПда ташкил этилган ўринларда ётиб, даволаниш имконияти яратилган.  ҚВПда беморларни қабул қилиш, аниқ ташхис қўйиш, қон таҳлилларини аниқлаш ва даволаш бўйича яратилган шароитлар туман марказидаги шифохоналардаги шароитдан қолишмайди. Чунки барча хоналаримиз замонавий тиббий асбоб-анжомлар билан жиҳозланган. Нигора Мамутова, Сайёра Pажабова, Шуҳрат Давлатов каби шифокорларимиз ўзларининг хушмуомалалиги, самарали даволаш усуллари билан овул аҳлининг  ҳурмат-эътиборини қозонишган. Замира Ўрозимбетова, Адолат Ўтабоева, Дилбар Бобожонова, Гўзал Ибрагимова, Сафаргул Йўлдошева, Мадина Давлатова, Феруза Эримбетова сингари ўрта тиббиёт ходимларининг ҳар бир ишидан аҳоли мамнун.

Инсонлар дардига дармон бўлиш, уларнинг қалбига қувонч бахш этиб, умрига умр қўшишга интилиб яшаш – ҳар бир шифокор дилидаги эзгу қасам. Биз ана шу қасамга ҳамиша садоқатда, халқимиз  соғлигига масъуллик ҳисси билан меҳнат қилаверамиз. Чунки халқимиз соғлом ва ёшларимиз баркамол бўлса, она Ватанимиз юксак тараққиёт сари дадил одимлайверади.

 

Омонбой ЕЛУБОЕВ,

Охунбобоев номли ҚВП мудири.

Янгиликни бўлишинг: