"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9550.76 +42.11
  • 1 EUR = 10620.5 +11.10
  • 1 RUB = 156.59 +2.57

ИНСОН ҚАДP-ҚИММАТИ ҲАP НАPСАДАН АЗИЗ

Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб жамиятни ҳаракатга  келтирувчи куч – инсон омилига эътибор давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди. Натижада ўтган 25 йил мобайнида ҳар бир фуқаронинг бахтли-саодатли умр кечириши, ўзи танлаган касбда меҳнат қилиши ва зарур ҳолларда намунали ва жаҳон андозаларига жавоб берадиган замонавий тиббиёт муассасаларида даволаниб, соғлигини тиклаши учун шароитлар яратилди.

Туманимиз аҳли ҳам олисга бориб овора бўлиб юрмасдан туман Тиббиёт бирлашмасининг ўзида, энг сўнгги русумдаги ташхис қўйиш ва даволаш тиббий ускуналари ёрдамида чуқур текширувлардан ўтиб, натижаларига кўра зарур муолажалар олиб, соғлигини тиклаш имкониятига эга.

Ўтган 25 йил мобайнида Pеспубликамиз аҳолисининг соғлигини муҳофаза қилишга ва тиббий хизмат самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган  қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар – 1998 йил 10 ноябрдаги "Ўзбекистон Pеспубликаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг Фармони, 2007 йил 19 сентябрда қабул қилинган "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги Фармони тиббий хизмат сифатини  кўтаришга асос бўлди.

2007 йил 2 октябрдаги "Pеспублика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори ва шу асосдаги туман ҳокимининг 2008 йилдаги 29-сонли қарорига мувофиқ, 2008 йил бошида туман марказий шифохонаси базасида туман Тиббиёт бирлашмаси ташкил қилинди. Бундан кўзланган асосий мақсад – бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат кўрсатишни қиммат турувчи стационар туридан амбулатор турига ўтказиш эди. Шу мақсадда туман марказий шифохонасида мавжуд бўлган 845 та ўриндан 275 таси қисқартирилиб, ўринлар фонди ва улардан фойдаланиш даражаси қайта кўриб чиқилиб, 3 та – "Қиличбой”, "Ўзбекистон”, "Қипчоқ” қишлоқ ҳудудий шифохоналари тугатилиб, улардаги ўринлар туман тиббиёт бирлашмаси таркибига қўшилди.

Туман бўйича стационар тартибда даволаниш учун белгиланган ўринлар дастлаб, 620 ўринга туширилган бўлса, 2015 йилда 465 ўринга, 2016 йилнинг январь ойидан 450 ўринга туширилди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2009 йил 13 апрелдаги 1096-сонли "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2009 йил 1 июлдаги 1144-сонли "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги Қарорлари асосида туманимизда ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошди. Бунда албатта кадрлар салоҳияти ҳам муҳим ўрин тутади.

Айни кунда туманимиз бўйича 405 ўринга мўлжалланган марказий шифохона, 75 ўринга мўлжалланган режали жарроҳлик  бўлими, 40 ўринга мўлжалланган шошилинч тиббий ёрдам бўлими, 100 ўринга мўлжалланган туғруқ бўлими, 35 ўринли юқумли касалликлар бўлими, 45 ўринли фтизиатрия бўлими, 95 ўринли терапия бўлими, бир кунлик қуввати 785 қатновга мўлжалланган кўптармоқли  марказий поликлиника ва 19 та қишлоқ врачлик пунктлари туманимиз аҳолисига намунали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бу муассасаларнинг деярли барчаси замонавий ташҳис қўйиш ва даволаш, лаборатория текширув ускуналари ва жиҳозлари билан таъминланган. Бу муассасаларда ҳозир жами 292 шифокор, 1080 ўрта тиббиёт ходимлари меҳнат қилишади. Шифокорларнинг 195 нафари малака тоифасига эга бўлиб, шунинг  121 нафари олий, 51 нафари биринчи, 23 нафари эса иккинчи тоифалидир.

Қишлоқ врачлик пункти қишлоқ аҳолисига юқори малакали, кўп қиррали, узлуксиз тиббий ёрдам кўрсатадиган асосий даволаш муассасаси ҳисобланади. Шу мақсадда туманда мустақиллик йилларида 15 та қишлоқ врачлик пункти янгидан қурилиб, ишга туширилди ва замонавий тиббий жизоҳлар билан таъминланди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилган изчил ислоҳотлар самарасида "Соғлом она – соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг яхшиланиши халқимиз ҳаёт даражасининг янада юксалишига олиб келди.

Истиқлол йилларида давлатимизнинг аҳоли саломатлигига, баркамол авлоднинг шаклланишига, оилада тиббий маданиятни оширишга, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга бўлган беқиёс эътибори натижасида туман аҳолисининг саломатлик кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланди.

Давлатимиз қабул қилаётган янги ижтимоий дастурлар замирида аёллар ва болалар соғлигини сақлашга қаратилган вазифалар ўз ифодасини топмоқда. Буларнинг замирида фарзандларнинг соғлом дунёга келиши ва соғлом ўсиб-улғайиб камолга етишидек эзгу ниятлар мужассамдир. Чунки соғлом авлодгина юрт келажагини ўз қўлига олишга қодир бўлади.

Инсоният тарихига назар ташласак, жамият тараққиётига, турмуш фаровонлигига  нимаики тўсқинлик қилса, унга қарши кураш ҳеч қачон тўхтамаганлигини кўрамиз.

Шу йилнинг 31 октябрида қабул қилинган Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳам бунга далил бўла олади. Чунки мазкур  Қарорга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли  дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини  янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташҳис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олди олинади. Бу ўз навбатида аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга, аҳолининг саломатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан жуда аҳамиятлидир.

Давлатимиз томонидан мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган эътиборга бугун бутун дунё ҳавас билан қарамоқда. Ҳатто оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги амалга оширилган ишларни кўпгина давлатлар ўзларига намунавий модель сифатида қабул қилишмоқда. Буларнинг бари мустақиллигимиз шарофатидир.

Фурсатдан фойдаланиб, барча тиббиёт ходимларини эртага нишонланадиган касб байрами билан қутлайман! Уларнинг элимиз соғлигини сақлашдек шарафли ишларида муваффақиятлар тилайман.

Олимбой ХАЛИМОВ,

туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди.

Янгиликни бўлишинг: