"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9550.76 +42.11
  • 1 EUR = 10620.5 +11.10
  • 1 RUB = 156.59 +2.57

МИННАТДОPЧИЛИГИМИЗ ЧЕКСИЗ

Инсон вужуди мисли гул, дейишгани тўғри экан. Азоб тортса, дамда сўлиб қоларкан.

Буни Холимбег овулида яшовчи яқиним Санамжон Pажабованинг мисолида айниқса яққол кўрдим.

Шу йилнинг 8 октябрида кечқурун унинг ички аъзоларида бирданига кучли оғриқ бошланди. Ярим тунда туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келишди ва шифокорлар тиббий ёрдам кўрсата бошлашди. Оғриқнинг зўридан бир кунда таниш қийин даражада ўзгариб қолди. Тезкор текширувлар натижасида унинг ўт қопида тош йиғилиб, ўт қопини чиритиб юборганлигини аниқлашди ва зудлик билан жарроҳлик амалиётини ўтказиб, ўт қопини олиб ташлаш керак, деган хулосага келишди.

Барча қариндошлар, яқинлар, оила аъзолари шифокорлар таклифига розилик бериб, операция муваффақиятли чиқишини яратгандан илтижо қилиб, сўраб турдилар.

Тўрт соатга яқин давом этган операциядан чиқиб келган бўлим мудири Олимбой Шомуродов, шифокорлар Икром Сарибоев, Санжар Олламбергановлар бизга кесиб олинган, чириб, кўкариб кетган ўт қопини кўрсатиб, Санамжон опани азоблаб юрган шу, энди қутулди, ҳадемай оёққа туриб оиласига қайтади, - дейишди.

Бўлим шифокорларининг фидойиликлари туфайли Санамжон Pажабова олти кун ўтиб, ҳақиқатан ҳам бинойидай соғайиб, оиласига қайтди.

Бу воқеаларни ўз кўзим билан кўриб, туманимизда тиббиётнинг нечоғлик ривожланиб кетганлигини, шифокорларимизнинг касбий маҳорати тобора ошиб, элимизга малакали тиббий хизмат кўрсатаётганлигини сидқидилдан ҳис қилдим. Яқин йиллар ичида ҳам бунингдек мураккаб операциялар фақат Нукусда, Тошкентда бажарилар эди. Энди туманимизнинг одамлари дард чекса, узоққа бормай, туман тиббиёт бирлашмасида дардига шифо топиб кетишаяпти.

Айниқса тиббиёт ходимларининг одобли, ширинсўзлигини айтмайсизми?

Мен бу ишларнинг бошида турган туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Олимбой Ҳалимовга, мураккаб операцияни муваффақиятли ўтказган Олимбой Шомуродов, Икром Сарибоев, Санжар Олламбергановларга, уларга кўмакдош бўлган барча ҳамшираларга миннатдорчилик билдираман. Уларга "Эл соғлиғи йўлида чарчаманг”, дейман.

Йўлдош PАЖАБОВ,

меҳнат фахрийси.

(Фото - http://uz24.uz)

Янгиликни бўлишинг: