"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ДУНЁДА БОЛАМ, ДЕБ ЯШАЙМИЗ

Дунёда бизнинг халқимизчалик болажон, фидойи халқ йўқ. Азал-азалдан қонқонимизга сингиб кетган бу одатимиз давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаси даражасига кўтарилган.

Ҳа, мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, уларнинг ҳам жисман, ҳам маънан баркамол бўлиб вояга етиши учун яратилаётган шароитларни ҳеч бир мамлакатда учратолмаймиз. Ҳеч бир мамлакатда биздагидек бепул 12 йиллик таълим бериш йўлга қўйилмаган. Ҳеч бир мамлакатда таълим-тарбия учун бизнинг мамлакатимиздаги каби ялпи йиллик даромадининг 10 фоизи миқдорида (бу энг ривожланган давлатларда 4-6 фоизни ташкил этади) маблағ ажратилмаяпти.

Буларни инобатга олган ҳолда ёшларни умумтаълим мактабидан сўнг узлуксиз таълимнинг кейинги босқичига яъни лицей, коллежларга тўла жалб этиб, касб-ҳунарли бўлишига эришиш, ҳаётда касб-кори туфайли зориқмай, фаровон яшашига замин яратиш, бугунги болаларимизга яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш – соҳа ходимларининг ҳам, ота-оналарнинг ҳам зиммасидаги масъулиятли вазифасидир.

Айни кунда туманимизда 8 та касб-ҳунар коллежлари, 1 та академик лицей умумтаълим мактабларининг 9-синфларини тугатаётган  3200 нафардан зиёд ўсмирларни тўла қамраб олиш имкониятига эга эканлиги қувончли ҳолдир. Бу 16 ёшли ўғил-қизлар ўз ота-оналари назоратидан узоқлашмаган ҳолда узлуксиз таълимни давом эттириш имкониятига эга, деганидир.

Давлатимизнинг ана шундай улкан ғамхўрликларини ҳис қилмай, ўз фарзандлари тақдирига бефарқ қараётган, касб-ҳунар коллежларига боришига тўсқинлик қилиб, эртасини ўйламай, бошқа шаҳарларга ишга жўнатаётган ота-оналар ҳам учраб туради орамизда.

Аввало ота-оналар шуни унутмаслиги керакки, боласи 12 йиллик узлуксиз таълимни ўқиши, касб-ҳунар ўрганиши – бу боланинг ҳам, ота-онанинг ҳам бурчи, масъулияти. Эндиликда коллежга ўғли, қизини юбормай, уй ишларига ё бошқа ишларга жалб қилган ота-оналар қонун йўли билан жавоб берадилар. Чунки касб-ҳунар ўрганган ёш эртага ҳаётда қоқилмайди, қийналмай оила тебратади. Ҳунари орқали обрў-эътибор қозониб, ўз йўлини топади. Қўлидан ҳеч иш келмайдиган йигит-қиз тўғрисида ҳам шундай дея оламизми? Албатта, йўқ.

Ўсмир ёшлар хусусида ўйлаганимизда кишини ташвишга соладиган яна бир муаммо борки, бу – ёшларнинг эрта турмуш қуришидир. Кўз ўнгимизда вояга етмай, ҳунар, касб эгаси бўлмай туриб оила қуриб, эртага боши берк кўчага кириб қолаётган, ҳатто ажрашиб кетаётган оилалар афсуски, йўқ эмас. Ота-оналар баъзан орзу-ҳавас деб шошилса, йигит-қизлар бир-бирларига кўр-кўрона интиладилар, оила масъулиятини ҳис қилмайдилар.Оила - жамият асоси, у нафақат шахсий масала, балки ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини англаб етмайдилар. Тўй қилсак бўлди, бахтиёр бўламиз, деб ўйлайдилар. Уларга оила жамият ижтимоий таркибининг муҳим бўғини сифатида ўзига хос бола тарбияси, кексаларга ҳурмат, кичикларга ғамхўрлик қилиш, эр-хотиннинг бир-бирига муомала маданияти, шарқона анъаналарни сақлаш ва уларга риоя қилиш каби муҳим аҳамиятга эга бўлган маънавий муносабатлар мужассамлашадиган маскан бўлишини тушунтиришимиз бизнинг зиммамиздаги энг долзарб вазифаларимиздандир.

Ёшларнинг эрта оила қуришида баъзан ота-оналар ҳам айбдор бўладилар. Оилали бўлса, ақли кириб қолади, деб жуда хато ўйлашади. Қизларни эрта турмушга бериш оқибатида, ҳатто ногирон бўлиб қолаётган ҳоллар ҳам учраётгани ғоят ачинарлидир.

Бу каби салбий ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Юртбошимиз томонидан 2013 йил 30 апрель куни имзоланган "Ўзбекистон Pеспубликасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунига мувофиқ никоҳ ёшига амал қилмасликка қарши чора-тадбирлар кучайтирилди. Жумладан, Ўзбекистон Pеспубликасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришганлик энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

- Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган қиз эрга берилса, йигит уйлантирилса, энг кам иш ҳақининг 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жаримага тортилади.

- Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш – энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Pеспубликаси Жиноят Кодексининг 17-моддаси, тўртинчи қисми "Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳақида”ги 1251-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, юқоридаги қонунбузилишларига йўл қўйган ва шу боисдан маъмурий жазо қўлланилган шахслар қонунни такрор бузсалар, уларга қуйидаги жазо чоралари кўрилади:

- Маъмурий жазо олган ва никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ қурган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 ойгача қамоқ жазосига тортилади.

- Маъмурий жазо олган бўлишига қарамай, никоҳ ёшига етмаган фарзандини эрга берган ёхуд уйлантирган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёхуд 4 ойлик қамоқ жазоси қўлланилади.

- Никоҳ ёшига етмаган шахс билан диний никодан ўтган, шундай қилмиши учун аввал маъмурий жазо олган шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солинади ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ жазолари белгиланади.

Pеспубликамиз айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётганидан кўзланган мақсад - вояга етиб келаётган ёш авлод тақдирига ота-оналарнинг ва бошқа шахсларнинг ҳам масъулиятини оширишдир. Ахир ёшлар келажагимиз. Уларни нечоғлик баркамол, ақл-заковатли, юртимизга, маҳалламизга, оиламизга меҳрли қилиб тарбияласак, келажагимизни шунчалик ишончли қўлларга топширган бўламиз. Бу улуғвор вазифаларнинг амалга оширилишида ота-оналарга  овул, маҳалла фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари энг яқин кўмакдош бўладилар, деб ишонамиз. Чунки элимиз тўйлари овул, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ва маслаҳатчилари иштирокисиз ўтмайди.

 

М.АҲМЕДОВА,

туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.

(Фото- xs.uz)

Янгиликни бўлишинг: