"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

Пиллакорлар тилидан

ТЎЙГА ТЎЁНА БИЛАН

Ипак қурти боқишнинг ўзига хос машаққатлари ва завқи борлигини фақат биз пиллакорларгина чуқур ҳис қиламиз. Албатта, ҳар ишнинг ўзгача машаққати ва меҳнатлари бўлади. Ипак қуртлари улғайган сари унинг озуқага бўлган талаби ошиб боради. Озуқа тайёрлаш, яъни, тутзорга бориб тут новдаларини ўриш ва ташиб келтириб, қуртхоналардаги ипак қуртларига етказиб бериш серзаҳмат иш албатта. Бунда ярим соат ёки бир соат ўтириб ҳордиқ чиқаришга вақт топиш амри маҳол, кеча-ю кундуз қилинган баракали меҳнатлар туфайлигина мўл пилла ҳосили етиштирилади.

Бу йилги мавсумда бир ярим қути ипак қуртларини меҳр билан парваришлаб, мўл пилла ҳосили етиштирдик, режадаги 102 килограмм ўрнига 137 килограмм аъло навли "кумуш тола” топширдик. Бу биз пиллакорларнинг мустақиллигимизнинг қутлуғ 22 йиллик тўйига муносиб тўёнамиз бўлади. Тўйга тўёна билан бориш эса халқимизнинг энг яхши удумидир.

Мурод Давлетов,

"Давлатбоев Собир” фермер хўжалиги пиллакори.



БИЗНИНГ СОВFАМИЗ

Пиллакорлар сафида ишлаётганимга ўн беш йил тўлмоқда. Шундан буён ҳар йили баҳорда ипак қурти боқиб, мўл ҳосил олишни ўзимизга одат қилиб олдик. Бу йил ҳам 23 апрель куни бир қурти ипак қуртини олиб, мавсум давомида яхши парвариш қилдик. Бунда оиламизнинг барча аъзолари меҳнат қилдилар. Жумладан, турмуш ўртоғим Бекчон Боботоев тутзоримиздаги тут новдаларини ўриб келтирса, Ойсултон, Гулистон ва Шерзод исмли ўғил-қизларим ипак қуртларини озиқлантиришда менгаяқиндан ёрдам бердилар. Айниқса, ипак қуртлари тўрт ва беш ёшга кирганларида кунни-тунга улаб меҳнат қилдик. Натижада пиллалар бўлиқ, ипакчанлиги юқори бўлди, мўл ҳосил олишга эришдик.

Бу йилги мавсумда бир қути ипак қуртидан режадаги 65 килограмм ўрнига роппа-роса 90 килограмм аъло навли пилла ҳосилини етиштириб, давлат ҳазинасига топширдик. Бу оила аъзоларимизнинг туманимизнинг юксакпилла хирмонига қўшган муносиб ҳиссаси ва мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрамига совғамиз бўлди, деб ўйлайман.

Гулзира Абдуллаева,

"Феруза Охун” фермер хўжалиги пиллакори.



ЮPТ БОЙЛИГИГА БОЙЛИК ҚЎШИБ

Халқимиз пиллани севиб-ардоқлаб етти хазинанинг бири, деб ҳисоблайди ва пилламиз-тилламиз, дея эъзозлайди. Аслида ҳам ипак қуртлари хосиятли жонивор бўлиб, хонадонга барака келтиради, оила аъзоларини меҳнатсеварликка, баҳамжиҳат бўлиб ишлашга чорлайди.Мана йигирма беш йилдирки, хонадонимизда ипак қурти боқиб келинади. Ҳар йили баҳор келиши биланоқ ипак қурти боқиш тараддудини кўрамиз. Эрта баҳордан тутзоримизни озиқлантириб, суғорамиз. Негаки, ипак қурти боқиш даврида озуқа мўл бўлса, бу борада ташвиш бўлмайди.Ипак қуртларига ўз вақтида тут барги озуқасини етарли миқдорда етказиб бериб турилса, қуртхоналар ҳарорати меъёрида сақланса, хона ҳавоси тез-тез шамоллатиб тозалаб турилса, бас. Ипак қуртлари тўйиб озиқланади ва мўл пилла ҳосили етиштирилишини таъминлайди.

Бу йилги мавсумда ҳам ҳар йилгидек мўл пилла ҳосили етиштиришга муваффақ бўлдик. Бир қутидан ортиқроқ ипак қурти боқиб, эл хирмонига 108 килограмм аъло навли пилла ҳосилини топширдик. Бу билан юрт бойлигига бойлик қўшдик.

Шоҳида ОТАЖОНОВА,

"Отажонов Шукуруло” фермер хўжалиги пиллакори.



ИСТИҚБОЛЛИ PЕЖАЛАP

Жорий 2013 йил бошидан бошлаб туманимизда пиллачиликни янада ривожлантириш мақсадида "Юлдуз-пилла” МЧЖ ташкил топди. Аниқ ва истиқболли режалар ишлаб чиқилди. Манғит пахта тозалаш заводи "Юлдуз” ҳиссадорлик жамияти ҳомийлигида уч жойда – "Амударё-Панашам” фермер хўжалигида, "Қипчоқ” пахта қабул қилиш ва сақлаш маскани ёнида ва "Оқ олтин” овулида лойиҳа бўйича ҳар бирида 70 қутидан жами 210 қути ипак қуртлари боқиладиган қуртхоналар қурилиб, қурт боқиш мавсумигача фойдаланишга топширилди ҳамда мана шу учала қуртхоналарнинг ҳар бирида 70 қути ипак қуртлари боқишга киришилди. Лекин ипак қуртлари уч-тўрт ёшдан бошлаб бу қуртхоналарнинг ҳажми торлик қилиши маълум бўлди. Буни биз эътиборга олиб, келгуси 2014 йил бошида мазкур қуртхоналар билан ёнма-ён яна шундай учта қуртхона қуришни режалаштириб олдик.

Ипак қурти боқиш мавсуми жараёнида ҳар бир қуртхонага 45-50 нафардан мавсумий ишчи қабул қилинди ва бу йилги ипак қурти боқиш мавсуми муваффақиятли ўтди. Фақат ипак қуртларининг озуқа заҳиралари етишмовчилигидан анча қийналдик, холос. Шуни инобатга олиб, янги тутзорлар ташкил қилишни истиқболли режамизга киритиб қўйдик.

Мана, ниҳоят янги қуртхоналаримизда боқилган жами 210 қути ипак қуртларидан шартномавий режадаги 13210 килограмм ўрнига 14000 килограммга яқин аъло навли пилла ҳосили етиштирилди. Бунда кўп йиллик бой тажрибага эга бўлган малакали пиллакор агрономларимиздан Бибисара Қўчқорова, Бибирабо Халиллаева ва Бобожон Тожибоевларнинг қуртхона ишларини моҳирлик билан ташкил этганлигини ва иш жараёнларида маҳорат кўрсатганликларини алоҳида кўрсатиб ўтиш жоиздир.

Омонбой ЭPДОШЕВ,

"Юлдуз-пилла” МЧЖ раҳбари.

Янгиликни бўлишинг: