"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

ЖОНКУЯP УСТОЗ

Устоз – отангдай улуғ, деб бежизга айтилмаган. Устоз ҳунар ўргатадими, билим берадими, инсон келажагига пойдевор яратилишига сабабчи бўлади. Буюк зотлар, аллома-ю давлат арбоблари, шоир-у ёзувчилар ҳам устозлардан сабоқ олишган. Ҳозирда ҳам қайси соҳада кимдир бирор ютуққа эришса, унинг устози кучли, билимли инсон эди, шунинг учун шу даражага етишган, дейишади. 

Бу йил ўзининг қутлуғ 60 ёшини нишонлаётган жонкуяр устоз Зулфия опа Юлдашева менинг қалбимда адабиётга, шеъриятга меҳр уйғотган фидойи инсонлардан. Мен ўқиган Фурқат номидаги, ҳозирги 4-сонли умумтаълим мактабида 33 йил она тили ва адабиёти фанидан дарс берган устозим Зулфия опа Юлдашеванинг юзлаб шогирдлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ҳалол меҳнат қилишмоқда.

Зулфия опа 1977 йилда Тошкент Давлат педагогика институтининг филология факультетини тугатиб, ўша йили Фурқат номли, ҳозирги 4-сонли мактабда она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб  ўз иш фаолиятини бошлади. Ўзининг изланувчанлиги ва янгиликларга интилиши билан ажралиб турган Зулфия Юлдашева тезда мактаб жамоасининг эътиборини қозонди. Байрам ва тадбирларни ташкиллаштириш, шоир ва ёзувчилар ижодига бағишланган кечалар ўтказишга бош-қош бўлди.

Опа адабиёт тўгарагига ҳам раҳбарлик қиларди ва бизга шеър ва ҳикоялар машқ қилишимизни айтарди. Энг яхши ёзилган шеър ва ҳикоялар эгаларини рағбатлантирарди. Pағбат сифатида расм дафтар, рангли қаламлар, ўчиргич, шунга ўхшаш нарсаларни совға қиларди. Биз ўқувчилар устозимиз бу совғаларни  ўз ойлик маошидан олганини кейин, мактабни битиргач  билганмиз. Энди ўйлаб қарасам, бу касбга фидойиликнинг бир кўриниши, устознинг жонкуярлиги экан.

Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси Зулфия опа Юлдашева билим берган ўқувчилари орасидан эл-юрт ҳурматига сазовор кўплаб инсонлар етишиб чиқди. Устознинг ўзи эса нафақага чиққан бўлсалар-да, ҳамон эл дарди, қувончи билан яшаб келмоқда. 2013 йилдан бери Амир Темур номли ОФЙда  диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида ишлаб келмоқда. Мен шогирд сифатида қишлоғимиз аҳлининг деярли ярмига устозлик қилган Зулфия опани ҳаёт йўлининг 60 йиллик тўйи билан табриклайман!

Нодира ЯНГИБОЕВА,

Амир Темур номли овул.

(Фото - http://uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: