"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Ватаним тақдири – менинг тақдирим

Айни кунларда халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган, ҳаётимизнинг маъно-мазмуни, онг-у тафаккуримизни тубдан ўзгартирган, Ватанимизнинг шонли тарихидаги буюк ва ўчмас сана Ўзбекистон Мустақиллигининг  йигирма беш йиллиги шодиёналари шукуҳи билан яшамоқда.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти таъкидлаганларидек: "Мустақиллик ниҳоли кўкариши учун унга тинчлик, осойишталик, тотувлик, миллатлараро чидам ва бардош каби кучли илдизлар керак. Шунда у ҳар қандай шамол, довул ва бўронларда йиқилмайдиган бўлиб улғаяди”.

Шуни ишонч билан айта оламизки, бугун биз кучли, бақувват илдизларга эгамиз. Йигирма беш йиллик босиб ўтган йўлимизга бир назар ташласак, юртимиз энди мустақил ҳаётни бошлаган бир оила  каби қийинчиликлар довонидан ўтиб, бугунги дориломон кунларга етиб келди.

Мустақиллик бизга жуда катта имкониятлар эшигини очиб берди. Биз ўз тарихимиз, ўз тилимиз, динимиз, ўз рамзларимизга эга бўлдик. Азалий  қадрият ва урф-одатларимизни, ўзлигимизни қайтадан тикладик. Бугун ҳаётимизнинг қайси соҳасини кўрманг, ҳаммасида улкан ўзгаришлар, ривожланишларга кўзингиз тушади.

Ҳа, Ўзбекистонни бугун дунё тан олди! Биз юритаётган ислоҳотлар уларда қизиқиш уйғотди!

Қадрдон гўшамизда ҳар бир тонгни қарши олар эканмиз, юртимиздаги тинчликнинг, фаровонликнинг гаштини туямиз! Бу кунларнинг файзи ўзгача! Таровати, завқи ўзгача! Оила даврасида жамул-жам йиғилишиб, кимдир ишга, ўқишга, яна кимдир даласига, меҳмонга отланишади. Уларни кузатар экансиз, кўзларидаги бахтни, мамнуниятни, эртанги кунга бўлган ишончни ҳис қиласиз!

Атрофга қаранг! Йўлларимиз текис ва равон, мамлакатнинг метин қалқонлари – пўлат изларда шамол каби тезликда манзилимизни яқин қилаётган замонавий поездлар, машиналар, қишлоқлардаги ҳамма шароитларга эга замонавий уй-жойлар, йўллар четидаги серҳосил боғлар, гулзорлар - ҳамма-ҳаммаси мустақиллик неъматларидир.

Тинч ва осойишта юртда яшаган инсон қалбида ҳаловат бўлади. Ҳаловат бор экан, қалбида улкан орзулар, ниятлар ниш уради. Тинчлик деган бебаҳо неъматдан куч олаётган халқнинг эртаси нурафшон бўлади. 

Азизлар, тинчлигимизни кўз қорачиғидай асраб, бугунги кунларнинг қадрига етайлик! Мустақил Ўзбекистонимиз янада гуллаб-яшнайверсин. Ватанимиз учун бор куч-ғайратимизни аямасдан, фидойилик ва садоқат билан меҳнат қилайлик ва ҳар бир қалбда меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантирайлик. Зеро, она Ватан тақдири – барчамизнинг тақдиримиз!

Насиба ЕШМУPОДОВА,

55-сонли мактаб ўқитувчиси.

(Фото-http://uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: