"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

ЁШЛАP БИЛАН МУЛОҚОТ

Бугунги кунда Ўзбекистон ёшлари ҳаётнинг барча жабҳаларида оламшумул ютуқларни қўлга киритиб, халқимиз қалбидан муносиб жой олган буюк сиймо – Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.А.Каримов орзу қилганларидек, ҳеч кимдан кам эмаслигини, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган улуғ аждодларига муносиб ворис эканликларини амалда намоён этмоқдалар. Дунёнинг энг нуфузли давлатлари билимдонлари баҳс олиб борган фанлар олимпиадаларида жаҳоннинг энг кўзга кўринган фан арбоблари қалбида ҳавас ва ҳайрат уйғотаётган, оламшумул спорт мусобақаларида мустақил юртимиз байроғини тобора баланд кўтариб, дунё халқлари эътирофи ва эътиборига сазовор бўлаётган ёшларимиз сафи кун сайин ошиб бормоқда. Қалбларида ўзлари туғилиб-ўсган заминга, она Ватанига меҳр-муҳаббати улуғ, адабиёт ва санъатда, спортда ва ҳатто сиёсатда, замонавий ахборот технологиялари соҳасида ўз иқтидорларини намоён этаётган бугунги ёшларнинг деярли барчаси Истиқлол тенгдошлари эканлиги янада қувонарли.

Чунки мустақиллик – баркамол авлод таълим-тарбияси, уларнинг ўз қобилият ва иқтидорларини намоён этишлари учун мислсиз имкониятлар яратиб берди. Бугунги ёшлар ана шу имкониятлар оғушида яшамоқда, таълим ва таҳсил олиб, ижод қилмоқда, бизнес ғояларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, тадбиркорлик соҳасининг уддабуронларига айланишмоқда.

Яқинда туманимиздаги "Чойкўл” маданият ва аҳоли дам олиш марказида бўлиб ўтган "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?” мавзусидаги туманимиз ёшлари билан  мулоқот тадбирида мустақиллик йилларида ёшларимиз эришган ва эришаётган ютуқлар мамнуният билан эътироф этилди. Унда "Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши масъул мутахассислари раҳбарлигидаги тарғибот гуруҳи аъзолари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, ҳокимлик мутахассислари, идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари, академик лицей ва коллежларнинг ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.



Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон "Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши бўлим мудири Ахтам Pўзимуродов, Ўзбек миллий академик драма театри актёри Толибжон Мўъминов, Pио-де-Жанейрода ўтказилган ёзги олимпиада чемпиони Шаҳобиддин Зоировлар туманимиз ёшларини қизиқтираётган мавзулар доирасида самимий мулоқотлар ўтказдилар.

- Мустақиллик йилларида ёшлар ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди, - деди тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон "Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши бўлим мудири Ахтам Pўзимуродов. – Агар эсларингизда бўлса, бугунги мустақиллик тенгдошлари бўлган ёшлар энди дунёга келган пайтда, 1991 йилнинг 20 ноябрида "Ўзбекистон Pеспубликасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди. Ана шу Қонун асосида Ўзбекистон ёшларининг орзу-истакларига қанот бағишлаш, уларнинг иқтидорларини юзага чиқариш, ўқиш, ишлаш, дам олиш, яшаш шароитларини янада яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳар йили ана шу дастурлар доирасида самарали ишлар олиб  борилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси асосида ўсиб келаётган ёш авлод ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашга йўналтирилган  йигирмадан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, бу борада бир қатор халқаро ҳужжатлар ҳам имзоланди.

Лекин шиддат билан ривожланиб бораётган замон, ёшларимиз онгу шууридаги ўзгаришлар, кун сайин ҳаётимиздан ўрин олаётган янгиланишлар мавжуд қонун ҳужжатларига сингдирилган ёшлар ҳаёти, турмуш тарзига оид нормалар, тамойил ва талабларни янада такомиллаштириш зарурлигини тақозо этди. Мана, яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонуни ўсиб келаётган ёш авлод, келажагимиз эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатловчи мустаҳкам пойдевор бўлди.

Ахтам Pўзимуродов амударёлик ёшларни ана шундай муҳим Қонун қабул қилиниши билан табриклаб, уларнинг дилидаги орзу-истаклари, ўқишда, ишда ва ҳаётларида мавжуд бўлган, ечимини кутаётган муаммолари билан қизиқди ва ёшларни ошкора, самимий мулоқотга чорлади.

Ошкора ва самимий мулоқотларда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдилар. Хусусан, Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ҳусанжон Йўлдошев, Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи  ўқувчиси Нигора Pаҳимова, Амударё хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шоҳиста Pаҳимбоева, Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Умиджон Собиров, 19-сонли умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Ғуломжон Абдуллаев ҳамда 40-сонли мактабнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича  директор ўринбосари Муқаддас Бекназарова ва бошқалар ўзлари ўқишда ва ишда эришаётган ютуқлар билан бирга мавжуд камчиликлар ҳақида сўз юритдилар. Туманда "Ёшлар маркази”, туман тарихини акс эттирувчи музей, марказлашган ёшлар кутубхонаси, сузиш спортига қизиқувчилар учун ёпиқ сув ҳавзаси, коллеж ва лицей ҳамда умумтаълим мактабларида чет тилларни чуқурлаштирилган тарзда ўргатишга ихтисослашган махсус репетиторлик синф (курс)лари, айниқса, қишлоқ жойларида ёшлар мунтазам шуғулланиши учун талаблар даражасидаги спорт тўгараклари, 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг "Чойкўл” овули ҳудудидаги филиали ўқувчилари учун пианино олиб бериш, коллеж ва академик лицей ўқувчиларининг ўқишга қатнаши учун қулайлик яратиш мақсадида туман марказидан қишлоқларга махсус транспорт қатновини йўлга қўйиш борасидаги ёшлар томонидан тушган таклифлар ва саволларга "Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши бўлим мудири Ахтам Pўзимуродов, туман ҳокимлиги масъул мутахассислари, идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари атрофлича жавоб бердилар.

Шунингдек, ёшлар билан ошкора мулоқот тадбирида Ўзбек миллий академик драма театрининг истеъдодли актёри Толибжон Мўъминов, Pио-де-Жанейрода ўтказилган ёзги олимпиада ўйинлари бокс бўйича чемпиони Шаҳобиддин Зоировлар ўзлари ҳаётда, санъат ва спорт соҳасида эришган ютуқлари ҳақида сўз очиб, ёшларни қизиқтирган  саволларга жавоб бердилар.

"Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?!” мавзусида бўлиб ўтган тарғибот ва ошкора мулоқот дастури туманимиз ёшларининг ижтимоий фаоллигини юксалтириш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги яна бир эзгу қадам бўлди.


     

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: