"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

ПИЛЛА ХИPМОНИ ЮКСАЛДИ

демак, даромад ҳам мўл бўлади

Пешқадамлик ва меҳнатсеварлик биз пиллакорларга хос хусусият бўлиб, бир ойлик ипак қурти боқиш мавсумида бу хусусиятлар тўла намоён бўлади ҳамда ўзининг самарали натижаларини мўл пилла хирмонларида кўрсатади. Ҳар йили барвақт ипак қуртларини парваришлашга киришиб, мўл ҳосил олишга одатланган 215 та фермер хўжаликларидаги 3564 нафар пиллакорларимиз бу йилги мавсумда 4167 қути маҳаллийлашган ипак қуртларини илғор тажрибалар асосида парваришлаб, мўл пилла ҳосили етиштиришга муваффақ бўлдилар ва 243,5 тоннадан зиёд аъло навли пилла ҳосилини етказиб бердилар. Бу билан уста пиллакорларимиз мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшиб, ички  бозоримизни қимматбаҳо саноат хом ашёси билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшдилар.

Мўл пилла ҳосилини ипак қуртларининг мустаҳкам озуқа базасисиз тасаввур қилиш қийин, албатта. Туманимиз бўйича 1039 гектар тутзорлар ва қаторлаб экилган 772 минг туп тут дарахтлари ҳар йили яхшигина барг ҳосили бериб келмоқда. Озуқа базамизни янада мустаҳкамлаш мақсадида бу йил эрта баҳорда 71 мингдан зиёд тут кўчатларини экдик. Шу билан бирга Хитойдан мўл барг ҳосили берадиган 186 минг туп тут кўчатларини келтириб, "Амударё-Панашам” фермер хўжалигида 9 гектарга, "Тўлқин” ва "Оқ олтин” овулларининг ҳар бирида уч гектардан тут плантация қилиб экилди. Булар албатта, яна бир неча йилдан кейин ўзининг самарали натижаларини беради.

Май ойи пиллакорларимиз учун энг қизғин иш фасли бўлди. Пиллакорларимиз кунни тунга улаб, ипак қурти боқиш билан машғул бўлдилар. Шундай қизғин иш кунларида "Манғит пилла” МЧЖнинг бош пиллахонасини ва Хитой қишлоғидаги пилла ҳосилини қабул қилиш ва сақлаш шохобчасини таъмирлаш ишлари сифатли ниҳоясига етказилди. Бу йил пилла ҳосилини қабул қилиш ва сақлаш ишлари икки жойда – Манғит шаҳридаги бош пиллахонада ва Хитой пиллахонасида ташкил этилди. Пиллакорларимизнинг роппа-роса бир ойлик фидокорона меҳнатларидан кейин, яъни 23-24 май кунларидан бошлаб дастлабки пилла ҳосилини қабул қилишга киришилди. Биринчилардан бўлиб "Тўлқин” овулидаги илғор пиллакор Гулзира Абдуллаева бир қути ипак қуртидан 65 килограмм ўрнига 90 килограммдан ортиқ, "Ўрта қалъа” овулидаги Зарипбой Юсупов ва Хосият Пирназароваларнинг ҳар бири бир қути ипак қуртидан 80 килогарммдан, "Холимбег” овулидан Саломат Болтабоева бир қутидан 91 килограмм, "Қиличбой” овулидан Pоҳатой Қурбонбоева бир қутидан 75 килограмм юқори навли пилла ҳосилини топшириб, йиллик шартномавий режаларини 120-140 фоизга адо этдилар ва мавсум хирмонини бошлаб бердилар. Мўл пилла хирмонларини бунёд этишда "Тўлқин”, "Чойкўл”, Бобур номли "Оқ олтин” ва "Холимбег” овуллари пиллакорлари пешқадамлик қилдилар. "Қиличбой”, "Ўрта қалъа”, "Қипчоқ”, "Куюк кўпир” ва "Дўрман” овуллари пиллакорлари ҳам туманимизнинг бугунги сарбаланд пилла хирмонларига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшдилар.

Бош пиллахонамизда пилла ҳосилини қабул қилиш билан баробар пилла ҳосилини дастлабки технологик ишлов беришдан ўтказиш ишлари ҳам пешма-пеш амалга оширилмоқда. Ишлов берилган пилла хом ашёси ўзининг кондицион меъёрига келгач, яъни, стандарт даражасида қуритилгач, ўзимиздаги "Asia Silk” Вьетнам шўъба корхонасига жўнатилади ва у ерда технологик ишлов берилиб, хом ипак маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотлар эса буюртмачи саноат корхоналарига жўнатилади.

Давлатбой ХЎЖАҚОВ,

"Манғит пилла” МЧЖ раиси.

Янгиликни бўлишинг: