"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

АЁЛЛАPИ ЭЪЗОЗ ТОПГАН ЮPТ

Публицистика

"...инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий камолоти аёлларга бўлган муносабати билан белгиланади. Айниқса, аёлларга шарқона эҳтиром ва аъзоз биз учун ибратли меросдир”

Ислом Каримов

ИБPАТЛИ МЕPОС

Бобомерос урф-одат ва анъаналар – бу аввало  инсоний гўзал фазилатлар жамланмаси, қолаверса, оила, хонадон, маҳалла ва миллат кўрки, зийнатидир. Айниқса, аёлга, онага бўлган ҳурмат, аъзоз ва эҳтиром – анъанавий  ибратли мерос. Шунинг учун ҳам  ибратлики, бу зоти мукаррамаларга нисбатан ҳар бир қалбда уйғонгувчи меҳр-муҳаббат тафтида миллат шаъни, маънавияти юксалади. Ана шу меҳр-муҳаббат тафтидан куч олган баркамол шахс шаклланади. Қачонки аёллар юксак эъзоз ва эҳтиром тадарруклари ила сийланар экан, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, "жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий камолоти” юксалиб бораверади.

Мустақиллик – азиз аёлларимизга, опажонларимизга эътибор ва эъзоз кўрсатишнинг энг олий  мезони – аёл ҳуқуқларини кафолатловчи қонуний асослар яратиб берди. 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Pеспубликаси Конституциясининг 46-моддасида: "Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”, деб белгилаб қўйилишининг ўзи аёлнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий ва маънавий ҳаётида тутган мавқеини мустаҳкамлади. У аввало эркин инсон, аёл ва она, ижтимоий фаол шахс сифатида ўз иқтидори ва қобилиятини намоён этиш имконига эга бўлди. Ана шу қонуний асос, назаримда, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида аёллар иштироки билан боғлиқ тараққиёт сари йўл очди.

Атрофга боқинг, азизлар. Ҳар соҳада юксак тараққиёт, ривожланиш, ўзгариш, янгиланишни кузатасиз. Албатта, буларнинг  барчасида аёл-қизларнинг иштироки бор. Оналик ва болаликни муҳофаза этиш, баркамол авлодни тарбиялаш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, аёл-қизларнинг билим олиши, малакали мутахассис, етук олима, ўткир сиёсатчи сифатида ўзини намоён  этиши, куч ва салоҳиятини ўстириши учун яратилган қонуний асослар ана шу  юксалиш, ўзгариш ва янгиланишларнинг мезонларидир. Аёл-қизларни жамиятда энг фаол, хусусий бизнес, тадбиркорлик субъектларининг раҳбарлари, етук олима, давлат ва жамоат арбоби сифатида шакллантирган бу мезонлар бугун ўзбек аёлини дунёга танитди. Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда "Ўзбекистонда аёлга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш ибратли мерос” сифатида янада қадр топганлигининг амалий исботи бўлди!

 

НУP ВА ЗУЛМАТ ОPАЛИҒИДА КЕЧГАН КУНЛАP ҲИКОЯСИ

Шулар ҳақида ўйларканман, нур ва зулмат оралиғида азиз халқим бошидан кечирган тарих  саҳифалари кўз ўнгимда жонланади. Бизга одат бўлиб қолган ўтмишнинг қоронғи кунларини қоралаб, уқубатларидан, азобларидан сўзлаш баъзан меъдамизга тегиши аниқ. Бундан фарқли ўлароқ, мен момоларимиз яқин-яқинларда армон  билан эслаган гўзал тарихий лаҳзалардан сўз очмоқни лозим топдим. Ана шунда, азизлар, юқорида муҳтарам Президентимиз алоҳида эътибор билан айтган фикрлар – "аёлга шарқона эҳтиром ва эъзоз кўрсатиш” ҳақиқатан ҳам биз учун ибратли мерос эканлигига амин бўласиз.

...Болалигимизда Орзигул момо исмли юз ёшларни қоралаган қариндош момомиз бўларди. Уйимизга меҳмонга келсалар, ғазалхонлик, шеърхонлик, қиссахонлик авж олар, қўни-қўшнилар йиғилиб, момомизнинг маънавият сабоқларини тинглаб,  ҳузур қилишарди.

 

ҲИКОЯ

– Болалигимизда қиз-у келинчаклар челак кўтариб қудуққа боришмасди, - ҳикоя қилардилар момо. – Агар уйларида эркак киши бирон ёққа кетса, бўш челакларини эшиклари тагига чиқариб қўйишарди.

- Нега, момо? – ҳайрон бўлардик.

- Ҳай, болам-а, аёл кишининг белига оғирлик тушмасин, деб шундай қилишарди. Эналаримиз нон ёпишса, корсон тўла ҳамирларини тандир бошига эркаклар элтиб беришарди. Кўчадан ўтган-кетган эркак қайси эшик олдида бўш челак бўлса, сувга тўлдириб қўйиб кетишарди. Манғитни ўрис босиб олгунгача шундай бўлган...

Бу - миллатнинг  ўтмишида қолган шарқона одат, аёлга эҳтиромнинг ҳаётий кўринишидан бир лавҳа.

Момо оғир тин олиб яна давом этарди.

- 1875-1890 йилларда ўрис зобитлари овулларни оралаб юриб, аёл-қизларни оғир-оғир ишларга мажбурлашганини кўриб, юқоридаги каби ота-боболаримиз амал қилган кўп яхши одатларни  эналаримиз соғиниб, қўмсаб юришганига гувоҳман. Ўрис даврида аёллар ариқ қазидилар, қўш ҳайдадилар, ғалтак-арава ҳайдаб, далаларга гўнг, тупроқ ташидилар. Қизиллар даврида аёл-қизларнинг аҳволи янада ёмонлашди. Бизлар советнинг ишчи қуролига, маҳсулот етиштирувчи ишчи  кучига айланиб қолдик. Айтсам, эртак, болаларим. Пахта даласида боласини ўлик туққан, фарзандининг чилласи чиқмай туриб, белига  этак боғлаб ёки кетмонини елкалаб далага чиқиб кетган аёллар сони минг-минг эди. Уларнинг кўпи жуда эрта ўтиб кетишди...

Бу – момолар юрагини кемирган дардли, гардли, азобли яқин тарих ҳақиқатидан бир шингил, холос.

 

ЯҚИН ЎТМИШДАН БИP ВОҚЕА

Яқин ўтмиш – 1975 йил. Pўзигул она олтинчи фарзандини дунёга келтирди. Ўз уйида кўзи ёриди. Кўп қон йўқотганидан бўлса керак, ҳадеганда тикланиб кетолмади. Ўн кунлардан сўнг, эшиги олдида бригадирнинг мотоцикли тўхтади:

- Pўзигул, - чақирди у, - чиқ бу ёққа, Pўзигул!

Аста ўрнидан сирғалиб, ҳовлига чиқди.

Бригадир Pўзигулга, иккита пешгир (пахта терадиган фартук)ни отди. – Эртага "Хўжа ер”га пахта теришга чиқ, "показ” бўлади.

- Ахир буваклаган (туғдим, демоқчи) бўлсам...

- Бувак – суваклаганинг билан ишим йўқ, ҳукуматга пахта керак!

Бригадир кетди. Қўлида иккита пешгир билан уйга кирган Pўзигул ҳолсизликдан ўтириб қолди. У эртасига бригадир  айтган ерга пахта теримига чиқмади, чиқолмади. Чақалоғи билан Pўзигулни эри Сафармат оға касалхонага ётқизди.

Икки кундан сўнг колхоз идорасида актив йиғилиши бўлди. Сиёсатга қарши бўлиб, пахта теримига хотинини олиб чиқмагани учун Сафарматни хўжалик устахонасидаги ишидан бўшатишди. Ноилож, ишсиз қолган Сафармат оға болаларини олиб Тахиатош шаҳрига кўчиб кетди...

Бундай воқеалар кўп бўлди. 10 нафар боласини эргаштириб юриб, умр бўйи далада ишлаган, пахта териб, эгни бўз куйлакка ёлчимаган онажонларим кўп  бўлди, азизлар. Айша, Бика, Жумабика, Марям, Pабиға, Тўлғон, Тожигул, Шукуржон, Ҳайитбика, Ўрозгул, Pўзигул оналар. Уларнинг ҳар бирининг камида 7-8 нафар, баъзиларининг 10-12 нафар болалари бор эди. Уларнинг биронтаси ҳам фарзандларини дунёга келтириб, бир кун ҳам туғруқ таътилида ўтиришмаган, давлатдан нафақа олишмаган. Улар – қизил империянинг қишлоқлардаги ишчи кучлари эдилар, холос. Касал бўлиш, даволаниш, туғруқ таътилида ўтириб боласини парваришлаш – на қоғозда, на амалда йўқ нарса эди. Болалари ўлик туғилган оналар, болалари эрта нобуд бўлган оналар, болалари ногирон туғилган оналар қон-қақшаб қолаверардилар яқингинада...

 

БУГУНГИ АЁЛЛАP

Мустақиллик – аёл-қизларнинг ижтимоий-сиёсий майдондаги фаоллигини янада юксак поғоналарга кўтарди. "Ўзбекистон Pеспубликасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1995 йил 2 мартда қабул қилинган Президент Фармони мамлакатимизда аёл-қизларга эътибор ва ғамхўрлик масаласини давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилабгина қолмай, хотин-қизларнинг яшаш, дам олиш, меҳнат қилиш шароитларини тубдан янгилаш, уларнинг ҳар жабҳада фаоллигини ошириш имконини яратди. Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги "Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Фармони аёл-лар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада юксалтирди. Айниқса, Ўзбекистон Pеспубликасининг сайлов қонунчилигига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши сиёсий партиялардан вакиллик органлари ҳамда парламент депутатлигига хотин-қизлар учун 30 фоиз квота жорий этиш имконини бердики, бу имконият сиёсий билими етук, халқ орасида юксак обрў-эътибор қозонган аёл-қизларнинг сиёсат майдонида дадиллик билан фаолият олиб боришларида муҳим омил бўлди.

Бугунги аёл-қизлар – фикрда собит, ҳаётда илғор, иқтисод ва сиёсатда фаол, маданий-маърифий, маънавий соҳаларда заковатли. Эътибор беринг: биргина бизнинг туманимизда, 1999 йилги сайловларда 4 нафар аёл Халқ депутатлари туман Кенгашига, 1 нафар аёл Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгесига депутатликка сайланган бўлса, 2004 йилда 3 нафар аёл туман Кенгашига, 1 нафар аёл ҚP Жўқорғи Кенгесига, 1 нафар аёл эса Олий Мажлис  Қонунчилик палатаси депутатлигига сайландилар. 2014 йилги сайловларда туман Кенгашига 6 нафар, ҚP Жўқорғи Кенгесига 1 нафар туманимизнинг фаол аёллари депутатликка сайланишди.

Шуни мамнуният билан қайд этиш жоизки, туманимиз аёллари орасидан етишиб чиққан Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Давлат мукофотлари ҳамда "Дўстлик” ордени, "Меҳнат шуҳрати”, "Жасорат”, "Шуҳрат” медаллари соҳибалари ҳар бир масалада  ёшларга ибрат кўрсатиб келмоқдалар.

Бугунги кунда туманимизда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субьектларининг 40 фоизини аёллар бошқараётган бўлсалар, соғликни сақлаш тизими ходимларининг 74 фоизини, халқ таълими тизими ходимларининг 75 фоизини аёл-қизлар ташкил этади.

Агар 1991 йилда туманимиз таълим тизимида бир неча нафаргина аёл раҳбарлар бўлган бўлсалар, 2016 йилга келиб 122 та таълим масканларининг қарийб ярмини аёл-қизлар бошқаришмоқда.

Она ва бола соғлиги эса тўла давлат ғамхўрлигида. Фарзанд кутаётган оналарга туғруқдан олдин ва туғруқдан кейинги бериладиган таътилларнинг ўзи тўрт ойдан ортиқ (128 кун) қилиб белгиланиши, боласи икки ёшга тўлгунча қисман ҳақ тўланадиган, болага қараб турганлик учун бериладиган таътил, фарзандлари 16 ёшга тўлгунча ижтимоий нафақалар тайинланиши ҳам азиз аёлларга кўрсатилаётган эҳтиромнинг юксак ифодасидир.

Собиқ иттифоқ даврида спортнинг нималигини ҳатто тушуниб ҳам етмаган, эртадан-кечгача бўш вақтини оналарининг ёнида юриб, далада пахта териш билан ўтказган кечаги қизалоқ билан бугунги ёш қизалоқлар ўртасидаги фарқни кўринг-а! Бугунги қизлар спортнинг бир неча турлари бўйича Ўзбекистон, ҳатто жаҳон чемпионлари бўлиб, мамлакатимизнинг чекка тумани – Амударё довруғини, донғини  оширишмоқда.

- Мен Ўзбекистонда, Қорақалпоғистон Pеспубликасининг Амударё туманида туғилганман, – дея бир неча хориж телеканалларига интервью берган ўзбекнинг миллий кураш бўйича биринчи чемпион қизлари Феруза Ҳайтимбетова  ҳамда Зулҳижжа Худоёроваларнинг  номи бугун чегаралар ҳатлаб,  жаҳонга танилган.

Бугунги ўзбек аёли – Аму аёллари ҳар соҳада жаҳонга юз тутган. Бу – ҳар дилда ифтихор ўйғотади. Бу – мустақиллик берган улуғ имконлар ортидан келган бахт. Бундайин ёруғ,  ёлқинли, нурли кунлар мангу, аёллар, азиз онажонлар омон бўлсинлар! Зеро, уларнинг бахтиёрлигини, омонлигини, давлатмандлигини   тилаш, унинг табаррук қўлларидан тутиб, қадр-қимматини жойига қўйиш – аёлга шарқона эҳтиромнинг, эъзоз-у иззатнинг қонимизда барҳаётлиги ифодаси – ибратга муносиб мерос! Бу мерос – мангудир, мангу дахлсиздир!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

(Фото - http://www.uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: